26.04.2018 3035

«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун мазмун-моҳияти муҳокамасига бағишланган семинар


Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 апрель куни қабул қилинган «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуни мазмун-моҳияти муҳокамасига бағишланган семинар ташкил этилди.

Тадбирда депутатлар, давлат органларининг масъул ходимлари қатнашди.

Унда давлат харидлари тўғрисидаги эълонлар жойлаштириладиган, харидлар амалга ошириладиган ва бу жараёнлар ҳақида онлайн ахборот берадиган махсус сайт (xarid.uz) ишга туширилгани ҳақида маълумотлар берилди.

Қонун мазмун-моҳиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш бўлими бошлиғи Аброр Гадоев йиғилганларга тушунтириб берди.

Мазкур қонун ҳужжати давлат харидларини амалга ошириш жараёнидаги очиқлик ва шаффофликни таъминлайди, электрон форматдаги давлат ва жамоат назорати эса соҳада рақобат муҳитини яратиш, давлат бюджети ҳамда марказлашган манбалар ва давлат улушига эга корхоналар маблағларидан самарали фойдаланиш имконини беради. Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги давлат хариди билан боғлиқ жараёнларга ваколатли орган қилиб белгиланган.

Йиғилганлар ўзларини қизиқтирган бир қатор саволларга мутахассислардан жавоб олишди.

 

ЎзССП Матбуот хизмати