02.05.2018 3183

“Ҳакамлик судлари: муаммолар ва ечимлар”


Ўзбекистон  Республикаси Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий  бошқармаси ва Сурхондарё вилояти иқтисодий суди томонидан жорий  йилнинг  1 май куни Термиз шаҳрида “Ҳакамлик судлари: муаммолар ва ечимлар” мавзусида “давра суҳбати” ўтказилди.

“Давра суҳбати”да Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг  Сурхондарё вилоят  ҳудудий бошқармаси масъул ходимлари ва унинг ҳузуридаги Ҳакамлик суди судьялари, Сурхондарё вилоят иқтисодий суди судьялари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, тижорат банклари ва акциядорлик жамияти юридик хизмати ходимлари иштирок этдилар.

Унда Ҳакамлик судлари фаолиятини ривожлантиришдаги муаммолар” ва “Ҳакамлик муҳокамасининг афзалликлари” мавзуларидаги маърузалар тингланди.

Маърузаларда таъкидланганидек, мамлакатимизда ҳакамлик судларини ташкил қилиш ва фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилганлиги уларни низоларни муқобил ҳал этишда асосий нодавлат орган сифатидаги фаолият кўламини йилдан йилга кенгайиб боришига имконият бермоқда.

Ҳакамлик суди фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи иқтисодий низоларини ҳал этувчи нодавлат орган ҳисобланади.

Ҳакамлик суди ўз фаолиятини қонунийлик, мустақиллик, ҳакамлик муҳокамаси маълумотларининг ошкор қилинмаслиги, ҳакамлик судьяларининг холислиги, диспозитивлик, ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги каби приципларига риоя қилган ҳолда амалга оширади.

Ҳакамлик суди қуйидаги афзалликларга эга: тежамкорлик; низони тезкорлик билан кўриб чиқиш; ҳакамлик судьяларини мустақил танлаш ва низони ҳал қилиш тартиб-таомилини мустақил белгилаш имконияти мавжудлиги; келишув битимига эришиш ва ҳамкорлик муносабатларини сақлаб қолишга шароит яратиш; ҳакамлик муҳокамаси маълумотларининг ошкор қилинмаслиги;  ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш механизми мавжудлиги.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган 15 та ҳакамлик судлари томонидан 2007 йилдан 2018 йил 1 апрелгача  даъво суммаси 607,6 млрд. сўм, 55,5 млн. АҚШ доллари ва 195,1 минг ЕВРО ни ташкил қилган жами 11280 та ишлар кўрилганлиги қайд этилди. Аммо Палатанинг Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги Ҳакамлик суди томонидан жами даъво суммаси 7,2 млрд. сўм бўлган 132 та ишлар кўриб чиқилганлиги танқидий тахлил қилинди.

Тадбирда шунингдек Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаи ҳузуридаги Ҳакамлик судининг раиси Фозилжон Отахонов ўз маърузасида Палата аъзолари Ҳакамлик судига имтиёзли асосда мурожаат қилишлари мумкинлигини, яъни улар учун ҳакамлик йиғимининг миқдори тўланиши лозим бўлган сумманинг 75 фоизини ташкил қилишини, бундан ташқари яқин келажакда ҳакамлик битими тарафларининг ҳохишига кўра ҳакамлик судининг мажлислари видеоконференц-алоқа режимида ўтказилиши мумкинлигига эътиборни қаратди ҳамда бунинг учун ҳуқуқий асослар мавжудлигини таъкидлади.

“Давра суҳбати”да иқтисодий судлар томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва уни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш билан боғлиқ ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари таҳлилий материаллар асосида атрофлича ёритилди.

Ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини ижро қилиш икки хил усулда, яъни ихтиёрий ва мажбурий (ваколатли судлардан ижро варақасини олиш орқали) ижро қилинишига тадбир қатнашчилари эътибори қаратилди ва бу борадаги муаммолар юзасидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ҳакамлик судларида низоларни тезкор, қонуний, адолатли ҳал қилиш кўп жиҳатдан ҳакамлик судьяларининг билим даражаси, амалий тажрибасига боғлиқлигига эътибор қаратилиб, уларни малакасини оширишнинг долзарб муаммолари тадбир иштирокчилари томонидан ҳар томонлама муҳокама қилинди.

“Давра суҳбати” иштирокчилари ва маърузачилар томонидан  ҳакамлик муҳокамасининг  ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ваколатли судлар билан ҳакамлик судлари  ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, ҳакамлик судьялари ва ҳакамлик судьялигига номзодларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, низоларни қўриб чиқиш бўйича хакамлик судьялари ўртасида тажриба алмашиш, ҳакамлик судлари  хал  қилув  қарорлари  ижросини таъминлаш  каби масалалар бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

 

ЎзССП Матбуот хизмати