24.07.2018 1970

Ҳакамлик судларига бўлган ишонч ортмоқда


2018 йил 23 июлда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Палата тизимидаги Ҳакамлик судлари фаолиятининг жорий йил 6 ойлик якунлари муҳокама қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ижро этиш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш мақсадида 2018 йил 9 июлда “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

Мазкур Қонунга мувофиқ Ҳакамлик судлари илк бор Палата тизимига киритилди (16-модда), иқтисодий низоларни ҳал қилиш учун Палатага Ҳакамлик судларини ташкил этиш ҳуқуқи берилди (23-модда), Ҳакамлик судлари Палата ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида фаолият кўрсатиши (26-модда) белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган Ҳакамлик судлари томонидан олиб борилаётган ишлар ва Палата аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектлари учун жорий қилинган имтиёзлар натижасида уларга даъво аризалари билан мурожаатлар сони йилдан йилга кўпаймоқда.

Масалан, 2018 йилнинг 1-ярим йиллиги мобайнида ҳакамлик судлари томонидан  2381 та ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 252,7 млрд. сўм, 1,4 млн АҚШ долларини ташкил қилган. Бу 2017 йил 1-ярим йилигида кўрилган ишлар сонига нисбатан 1704 тага кўпдир. Айниқса, бу борада ЎзР ССП Самарқанд (788 та иш кўрилган), Фарғона (507 та ), Андижон (285 та ), Бухоро (167 та ) вилоятлари ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Ҳакамлик судлари ижобий натижаларга эришганлар.

2017–2018  йиллар мобайнида ЎзР ССП Ижроия қўмитаси томонидан Палата тизимидаги Ҳакамлик судлари фаолиятига оид 6 та қарор қабул қилинган бўлиб, уларнинг ижроси доимий равишда мониторинг қилиб борилмоқда.

Палата палатаси тизимида ҳар ойнинг сўнгги сешанба куни "Ҳакамлик суди" куни деб белгиланган бўлиб, унда ЎзР ССП Раиси томонидан тасдиқланган Режада белгиланган чора-тадбирлар ҳар ойнинг сўнгги сешаба куни видеоконференция ўтказиш орқали амалга ошириб келинмоқда.

ЎзР ССП Ижроия қўмитаси томонидан Ҳакамлик судлари фаолияти назоратга олинганлиги ва амалий ёрдам кўрсатилаётганлиги ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, Ҳакамлик судлари раислари масъулиятини оширишга хизмат қилиб, ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм вилоят ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Ҳакамлик судлари фаолияти жонланди, ҳакамлик судъялари рўйхатига малакали мутахассислар жалб қилинди ҳамда уларда қўриб чиқилаётган ишлар сони сезиларли даражада кўпайди.

Палатада Ҳакамлик судлари фаолиятининг тарғибот қилиш қилишга алохида эътибор қаратилмоқда. Ҳакамлик судлари судъялари томонидан ҳакамлик муҳокамасининг илмий асосларини тадқиқ қилиш, ҳакамлик судлари фаолиятини тарғибот ва ташвиқот қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва юридик хизмат” номли амалий қўлланма, “Некоторые вопросы взаимодействия третейских судов с компетентными судами” мақола Японияда “Uzbek Journal of Legal Studies / Узбекский журнал правовых исследований” журналида чоп этилди.

Ҳакамлик судларининг раислари ва судьялари 230 дан ортиқ халқаро, республика, вилоят миқиёсидаги илмий-амалий анжуманларда маърузалар билан иштирок этдилар. Шунингдек ҳакамлик судьялари томонидан тадбиркорлик субъектларида турли учрашувлар ташкил қилинмоқда ва уларда Ҳакамлик суди орқали низоларни ҳал қилишнинг афзалликлари тушунтирилмоқда, буклетлар тайёрланиб, манфаатдор ташкилотлар раҳбарлари ва юридик хизмат ходимларига тарқатилмоқда.

Кун тартибидаги масала юзасидан йиғилиш қатнашчилари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Ҳакамлик судлари фаолиятини ривожланишига тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳақида тўхталдилар ва бартараф қилиш бўйича таклиф ва тавсияларини бердилар.

Йиғилиш кун тартибидаги масала бўйича Ижроия қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

ЎзССП Матбуот хизмати