20.08.2018 4044

Наманган шаҳрида  “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳакамлик судларининг роли” мавзусида регионал семинар ташкил қилинди


Ўзбекистон  Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Наманган вилоят прокуратураси томонидан жорий  йилнинг 20 август куни Наманган шаҳрида  “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳакамлик судларининг роли” мавзусида регионал семинар ташкил қилинди.

Регионал семинарда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳудудий бошқармалари масъул ходимлари ва уларнинг ҳузуридаги Ҳакамлик судлари судьялари, Наманган вилоят прокуратураси ва адлия бошқармаси масъул ходимлари, Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти суди ва туманлараро судлари, Наманган вилояти иқтисодий ва туманлараро суди судьялари ва мутахассислари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда “Ҳакамлик судлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари, уларнинг низоларни ҳал қилишдаги роли ва аҳамияти”,  “Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда прокуратура органларининг роли”,  “Ҳакамлик судларида иқтисодий низоларни ҳал қилишнинг ўзига хос хусусиятлари”, “Ҳакамлик муҳокамасининг афзалликлари ва ҳакамлик судларининг иш юритиш тартиби” мавзуларида маърузалар тингланди.

Маърузаларда таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мустақиллик йилларида хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди, давлат хизматлари кўрсатишнинг тўғридан-тўғри мулоқотсиз замонавий интерактив шакллари жорий этилмоқда, давлат билан ишбилармонлар ўртасида тизимли мулоқот йўлга қўйилди, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрта синфини шакллантириш, мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишнинг энг муҳим омили сифатида тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратилди.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ижро этиш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш мақсадида 2018 йил 9 июлда “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

Мазкур Қонунга мувофиқ Ҳакамлик судлари илк бор Палата тизимига киритилди, иқтисодий низоларни ҳал қилиш учун Палатага Ҳакамлик судларини ташкил этиш ҳуқуқи берилди, Ҳакамлик судлари Палата ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида фаолият кўрсатиши алоҳида моддада белгиланди.

Ҳакамлик муҳокамаси қуйидаги афзалликларга эга эканлиги, яъни тежамкорлик; низони тезкорлик билан кўриб чиқиш; ҳакамлик судьяларини мустақил танлаш ва низони ҳал қилиш тартиб-таомилини мустақил белгилаш имконияти мавжудлиги; келишув битимига эришиш ва ҳамкорлик муносабатларини сақлаб қолишга шароит яратиш; ҳакамлик муҳокамаси маълумотларининг ошкор қилинмаслиги;  ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш механизми мавжудлиги, шунингдек Палата аъзолари ҳакамлик судига имтиёзли асосда мурожаат қилишлари мумкинлиги, яъни улар учун ҳакамлик йиғимининг миқдори тўланиши лозим бўлган сумманинг 75 фоизини ташкил қилиши таъкидланди.

Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг раиси Фозилжон Отахоновнинг маърузасида Палата ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган 15 та Ҳакамлик судлари томонидан  2007–2018 (6 ойи) йиллар мобайнида  жами 12827 та ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 756,3 млрд. сўм, 55,6 млн. АҚШ доллари, 195,1 минг Еврони ташкил қилганлиги, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида Ҳакамлик судларида 2381 та ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 252,7 млрд. сўм, 1,4 млн АҚШ долларини ташкил қилганлиги ҳамда бу ўтган йилнинг шу даврида кўрилган ишлар сонига нисбатан 1704 тага кўп эканлиги қайд қилинди.

Наманган вилоят прокуратураси вакили ўз маърузасида прокуратура органлари томонидан  тадбиркорлик субъектларининг ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади. Ушбу соҳага оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида қонунларни тарғиб қилиш бўйича кенг кўлламли тадбирлар ўтказилмоқда; тадбиркорлар мурожаатлари бўйича давлат органларининг ноқонуний қарорларига протестлар келтирилмоқда, қонун бузилиши сабабларини бартараф этиш ҳақида тақдимномалар ҳамда судларга тадбиркорлик субъектлари манфаатида даъво аризалар киритилмоқда – деди маърузачи.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, ноқонуний текшириш ўтказиш ҳамда мурожаатларини кўриб чиқишдаги қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш борасида ўтказилган назорат тадбирлари якунлари бўйича мансабдор шахслар интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилмоқда, уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилмоқда, шунингдек тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари ва тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қайта тикланмоқда.

Семинар иштирокчилари ва маърузачилар томонидан  ҳакамлик муҳокамаси-нинг  ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ваколатли судлар билан ҳакамлик судлари  ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, ҳакамлик судьялари ва ҳакамлик судьялигига номзодларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, низоларни қўриб чиқиш бўйича ҳакамлик судьялари ўртасида тажриба алмашиш, ҳакамлик судлари  хал  қилув  қарорлари  ижросини таъминлаш  каби масалалар бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

 

Ўз ССП Матбуот хизмати