17.12.2015 5954

Тадбиркор аёлларнинг энг яхши лойиҳалари


Мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, аёлларнинг ижтимоий фаоллиги ва бандлигини ошириш, уй-рўзғор юмушларини енгиллаштиришда қулай ижтимоий-маиший шароитлар яратиш бўйича кўплаб лойиҳалар ҳаётга самарали татбиқ этилмоқда. 

Бу жараёнда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қатор лойиҳаларни рўёбга чиқараётгани диққатга сазовордир. 2013 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Тадбиркор аёлнинг энг яхши лойиҳаси” танлови ишбилармон аёллар сафини кенгайтириш, хотин-қизларни иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир. 

Ўзбек Миллий академик драма театрида мазкур танловнинг мамлакат босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишлаб ўтказилган маросимда ушбу йўналишдаги ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди. 

“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси раиси Г.Маҳмудова, Касаба уюшмалари федерацияси раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик қўллаб-қувватланаётгани соҳа ривожи ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва 2014 йил 15 апрелда имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ҳаётга татбиқ этилиши бу йўлдаги ишларни янада жадаллаштиришда дастуриламал бўлаётир. 

Жорий йилда тижорат банклари томонидан аёллар раҳбарлигидаги ишлаб чиқариш тармоқларига 1,2 триллион сўмдан зиёд, касб-ҳунар коллежларини битирган қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун 51 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари йўналтирилгани опа-сингилларимизнинг жамият ҳаётида муносиб ўрин топишига алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолатдир. 

Танловнинг қуйи босқичларида бир ярим мингдан ортиқ тадбиркор аёл ўз лойиҳалари билан иштирок этди. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда фаолият юритаётган тадбиркор хотин-қизларнинг лойиҳалари “Ишлаб чиқариш соҳасидаги энг яхши лойиҳа”, “Сервис соҳасидаги энг яхши лойиҳа”, “Қишлоқ жойларга мўлжалланган энг яхши лойиҳа” каби йўналишларда сараланиб, уларнинг 42 нафари якуний босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. 

Танловда бизнес лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўринларга лойиқ топилган 28 ғолибга тижорат банкларидан 4 миллиард 123 миллион сўм кредит маблағи ажратиш тўғрисидаги сертификатлар топширилди. 

Бухоро вилояти Жондор туманидаги “Бозорова Нигора” деҳқон ҳўжалиги раҳбари Нигора Бозорованинг сувни қадоқлаш цехи очиш ва аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга оид лойиҳаси “Ишлаб чиқариш соҳасидаги энг яхши лойиҳа”, деб топилди. Сурхондарё вилояти Узун туманидаги “Тўмарис истиқбол текстиль” корхонаси вакили Дилафрўз Тўхтасинованинг кийим-кечаклар, болалар трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга оид лойиҳаси “Қишлоқ жойларига мўлжалланган энг яхши лойиҳа” сифатида эътироф этилди. Андижонлик Дилфуза Эшонованинг пазандачилик ва қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш курсларини кенгайтириш ва хусусий мактабгача тарбия муассасаси очишга доир лойиҳаси “Сервис соҳасидаги энг яхши лойиҳа” йўналиши бўйича ғолиб бўлди. Ғолиб ва совриндорларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. 
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди. 

Манба: uza.uz