19.09.2018 1059

Савдо-саноат палатаси томонидан Жамоатчилик экспертизаси ўтказувчи ваколатли орган сифатида яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси юзасидан Жамоатчилик хулосаси берилди


Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги 5087-сонли Фармонига асосан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолашда ваколатли орган сифатида Жамоатчилик экспертизалари ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўзида 540 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, 232 тасига улар тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги учун салбий Хулосалар берилди.

1. Хусусан, Лойиҳанинг 1-бандига кўра, “Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Давлат ветеринария қўмитасининг Тошкент шаҳрини янада кўркам ва обод қилиш, жозибадорлигини ошириш, туристик салоҳиятни такомиллаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳолига қулай шароитларни яратиш мақсадида пойтахт ҳудудида фаолият кўрсатаётган чорва ҳайвонларини сўйиш корхоналарини бошқа фаолият турига мослаштириш ёки Тошкент шаҳри ҳудудидан чиқариш таклифига розилик берилсин”, - деб белгиланган.

Ушбу нормада пойтахт ҳудудида фаолият кўрсатаётган чорва ҳайвонларини сўйиш корхоналарини бошқа фаолият турига мослаштириш дейилганда, айнан қандай фаолият турига мослаштириш назарда тутилмаган.

Шунингдек, мазкур норма орқали чорва ҳайвонларини сўйиш фаолиятининг Тошкент шаҳри ҳудудида амалга оширилишини чеклаш назарда тутилган.

Амалиётда чорва ҳайвонларини санитария қоидаларига амал қилмасдан сўйиш ва бунинг натижасида келиб чиқадиган салбий оқибатларни ушбу фаолиятни Тошкент шаҳри ҳудудида таъқиқлаш орқали ҳал этиб бўлмайди. Аксинча, бундай чора-тадбирлар гўшт ва гўшт маҳсулотларининг пойтахт ҳудудида қимматлашишига олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, лойиҳада ушбу норманинг назарда тутилиши юридик жиҳатдан асослантирилмаган ҳамда ҳеч қандай статистик ва бошқа асослантиришлар келтирилмаган.

Шу сабабли, лойиҳадан 1-бандни чиқариб ташлаш тавсия этилади.

2. Лойиҳанинг 5-бандига кўра, “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат ветеринария қўмитаси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси “Ўзчармсаноат” уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига жойларда фаолият юритаётган ихтисослашган сўйиш корхоналарида сўйишдан ҳосил бўлган тери хом-ашёсини шартнома асосида сотиб олишига амалий ёрдам кўрсатсинлар”, - деб белгиланган.

Бу норма орқали тадбиркорлик субъектларидаги тери хом-ашёсини “Ўзчармсаноат” уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига шартнома асосида олди-сотди қилинишида давлат органлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилиши белгиланган.

“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 34-моддасига кўра, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг тадбиркорлик фаолиятига аралашмаслиги кафолатланган.

Бундан ташқари, лойиҳанинг ушбу бандидаги қоида амалиётда тадбиркорлик фаолиятига аралашиш ва уни чеклаш (бошқа тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳисобга олганда), монополия ўрнатиш каби ҳолатлар юзага келишига шароит яратиши мумкин.

Шу боис, лойиҳанинг 5-бандини чиқариб ташлаш тавсия этилади.

3. Лойиҳанинг 6-банд биринчи ва иккинчи хатбошиларига кўра, “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари, “Ўзчармсаноат” уюшмаси, Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография давлат кадастри Давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат ветеринария қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги:

бир ой муддатда Тошкент шаҳридан Тошкент вилояти ҳудудига жойлаштириладиган ихтисослашган сўйиш корхоналарини замонавий услубда санитария, мувофиқлик ва ветеринария соҳасидаги қонун ҳужжатларига асосан янгидан қуриш учун белгиланган тартибда ер майдонларини ажратилишини ташкил этсин”, - деб белгиланган.

Ушбу Хулоса 1-бандидаги тавсияларни инобатга олиб, лойиҳанинг 6-бандидан иккинчи хатбошини чиқариб ташлаш тавсия этилади.

4. Лойиҳанинг 7-банд иккинчи хатбошисига кўра, “Чорва ҳайвонларини сўйиш хизматларини йўлга қўйишда ихтисослашган сўйиш корхоналарини ташкил этиш фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилишибелгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 07.01.2011 йилдаги “Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 6-сонли Қарори 1-иловасининг 58-бандига кўра, тадбиркорлик субъектлари мол сўйиш фаолияти билан юридик шахс ташкил этмаган ҳолда шуғулланишлари мумкинлиги белгиланган.

Лойиҳада чорва ҳайвонларини сўйиш хизматларини фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилишининг белгиланиши юридик жиҳатдан асослантирилмаган, ушбу норманинг киритилишига олиб келган статистик ва бошқа маълумотлар келтирилмаган.

Шунингдек, ушбу норма орқали юридик шахс ташкил этмаган тадбиркорлик субъектларининг фаолият доираси чекланмоқда.

Шу боис, лойиҳанинг 7-банд иккинчи хатбошисини чиқариб ташлаш тавсия этилади.

5. Лойиҳанинг 7-банд учинчи ва тўртинчи хатбошиларига кўра, ихтисослашган сўйиш корхоналари ўз маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизматини ташкил этиши ва унга малакали мутахассисларни жалб этиши;

ихтисослашган сўйиш корхоналаридаги ветеринария мутахассислари, қассоблар ва техник ходимлар белгиланган тартибда малакасини ошириши ва малака оширганидан кейин фаолиятини давом этиши” лозимлиги белгиланган.

Ушбу хатбошиларда белгиланган нормалар тадбиркорларга ортиқча мажбурият юклаш билан бирга, уларга молиявий харажатларни юклашни ҳам назарда тутган. Бу эса, ўз навбатида олинадиган гўшт маҳсулотларининг янада қимматлашиши каби салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Шу сабабли, лойиҳанинг 7-банд учинчи ва тўртинчи хатбошиларини чиқариб ташлаш тавсия этилади.

6. Лойиҳанинг 8-банд биринчи ва учинчи хатбошиларига кўра, “Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат ветеринария қўмитаси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги:

ихтисослашган сўйиш корхоналаридан савдо нуқталаригача гўшт маҳсулотларининг етказиб берилишида санитария, мувофиқлик ва ветеринария соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан доимий назоратини ўрнатсин ва мониторингни амалга оширсин”, - деб белгиланган.

Аммо лойиҳада бундай назоратни амалга ошириш тартиби аниқ белгиланмаган. Бу эса, амалиётда уни турлича талқин қилиш ва бунинг оқибатида тадбиркорлар фаолиятига ортиқча аралашиш, улар фаолиятини чеклаш, коррупция каби салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Шу сабабли, лойиҳада бундай назорат ўрнатишнинг аниқ тартибини кўрсатиш ёки лойиҳадан 8-банд учинчи хатбошини чиқариб ташлаш тавсия этилади.

7. Лойиҳанинг 10-бандига кўра, “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки “Ўзчармсаноат” уюшмаси аъзоларига замонавий ихтисослашган сўйиш корхоналарини қуриш ва айланма маблағларини тўлдириш учун тадбиркорлар “Ўзчармсаноат” уюшмаси буюртмасига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда кредит маблағлари ажратилишини, шунингдек комиссия тўловларисиз нақд пул маблағлари берилишини доимий равишда таъминлаш тавсия этилсин”, - деб белгиланган.

Мазкур нормада замонавий ихтисослашган сўйиш корхоналарини қуриш ва айланма маблағларини тўлдириш учун имтиёзли кредитларни фақат “Ўзчармсаноат” уюшмаси аъзоларига “Ўзчармсаноат” уюшмаси буюртмасига асосан бериш назарда тутилган.

Бу орқали, “Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳамда унинг аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектларигагина бундай имтиёз ва енгилликларни бериш назарда тутилган.

Аммо, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда бериши тақиқланади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, шунингдек ушбу соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида лойиҳанинг 10-бандидан Ўзчармсаноат” уюшмаси аъзоларига” ваЎзчармсаноат” уюшмаси буюртмасига асосан беришжумлаларини чиқариб ташлаш тавсия этилади.

8. Лойиҳанинг 12-бандига кўра, “Молия вазирлиги Ғазначилиги Тошкент шаҳрида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг замонавий сўйиш корхоналари ишга туширилган туман ва шаҳарларида жойлашган бюджет ташкилотлари томонидан харид қилинаётган гўштга замонавий сўйиш корхоналари маълумотномаси ва ветеринария хулосаси мавжуд бўлганида гўшт харид қилиш бўйича шартномаларини рўйхатдан ўтказсин”, - деб белгиланган.

Ушбу Хулоса 4-бандидаги тавсияларни инобатга олган ҳолда, лойиҳанинг 12-бандидан  “замонавий сўйиш корхоналари маълумотномасисўзларини чиқариб ташлаш тавсия этилади.

9. Лойиҳанинг 2-иловаси сифатида тасдиқланган чора-тадбирлар дастури 1-бандини ушбу Хулосанинг  1-бандидаги тавсиларни инобатга олган ҳолда чиқариб ташлаш тавсия этилади.

Ушбу Хулосани беришда, энг аввало, лойиҳадан тадбиркорлик субъектларига нисбатан ортиқча мажбурият ва молиявий харажатлар юкловчи, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятига аралашиш ва уни чеклаш, монополия ўрнатиш каби ҳолатлар юзага келишига шароит яратадиган, фаолиятни амалга оширишдаги қўшимча қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин бўлган, амалиётда фаолиятни маълум бир ҳудудда таъқиқлаш, коррупция каби салбий ҳолатларга йўл очадиган, чекланган доирадаги тадбиркорлик субъектларигагина турли имтиёз ва енгилликлар беришни назарда тутувчи нормаларни чиқариб ташлаш назарда тутилди.

Шу билан бирга, бизнесни юритишда барча тадбиркорлик субъектларига нисбатан тенг имкониятларни белгилашга алоҳида аҳамият қаратилди.

Ўзбекистон ССП 

Қонунчилик ҳужжатларининг тадбиркорлик

фаолиятига таъсирини баҳолаш бошқармаси 

етакчи юрисконсульти 

Н.Шаропова

 

Ўз ССП Матбуот хизмати