13.09.2018 2066

Ўзбекистон-Белоруссия бизнес-минтақавий форуми доирасида  82 та экспорт-импорт шартномалари имзоланди


Ўзбекистон-Белоруссия бизнес-минтақавий форумида ҳамда кооперацион биржада Ўзбек ва Белорус ишбилармон доираларининг 500 га яқин вакиллари, шунингдек, икки мамлакат вазирликлари ва идоралари вакиллари иштирок этди. Тадбир 2018 йил 12 сентябр куни Тошкент шаҳрида, Беларус Республикаси Президенти А.Лукашенконинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида ташкил этилди. Ташкилотчилар Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва икки мамлакат Савдо-саноат палаталари бўлди.

Форумни Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Беларус ҳукуматлараро комиссиясининг ҳамраиси - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Нодир Отажонов ва Беларус Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Михаил Русий очиб берди.

Томонлар икки йил давомида кетма-кет ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиш тенденсиясига алоҳида урғу бердилар. Ҳозирда айнан ушбу ижобий тенденция янги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга, инвестициялар ҳамда товар оқимларини рағбатлантиришга имкон бермоқда. Икки мамлакат ўртасида саноат кооперациясининг муваффақиятли амалга оширилишига мисол сифатида Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлик заводи негизида ташкил этилган йўл қурилиши ва махсус техника ишлаб чиқариш бўйича “Амкодор-Агротехмаш” қўшма корхонасини айтиб ўтишимиз мумкин.

- Форум доирасида икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари енгил, электр, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати, машинасозлик, озиқ-овқат саноати, шунингдек, қурилиш материалларини биргаликда ишлаб чиқаришдир, - таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев.

Форумда умумий қиймати 193,3 миллион доллар бўлган 82 та экспорт-импорт шартномалари имзоланди ва умумий қиймати 38 миллион доллар бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Келгуси йилларда тахминан 20 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг марказида Олой бозори ҳудудида Беларус маҳсулотлари дўкони ўз фаолиятини бошлади ва Минскда ҳудди шундай ўзбек маҳсулотлари дўконини очиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.

Бизнес-форум давомида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш учун икки мамлакат ўртасида минтақалараро алоқаларни ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди. Томонлар Минск, Брест, Витебск, Могилев ва Гомел вилоятларида ва Минск шаҳрида Ўзбекистон ҳудудлари вакилларининг ташрифи чоғида ўтказилган учрашувлар ва музокаралар натижаларининг юқори самарадорлигини қайд этдилар.

- Ўзбекистон ва Беларус ишбилармонлари ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида Тошкент ва Минск савдо-саноат палаталари, шунингдек, Тошкент ва Гомел вилоятларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланди, - Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ўзининг маърузасида таъкидлади. 

Томонлар стандартлаштириш идоралари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жаҳон стандартларини қўллаш бўйича ўзаро тажриба алмашиш, халқаро сертификатлаштириш идораларида лабораторияларни аккредитация қилиш ва кадрларни тайёрлашнинг самарали тизимини яратишдан манфаатдор эканлигини билдирди.

 

Ўз ССП Матбуот хизмати