17.12.2015 13615

“Ягона дарча имкониятлар маркази” номли матбуот анжумани ўтказилди


Жорий йилнинг 16 декабрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси қошидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистон Бизнес форуми ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан “Ягона дарча имкониятлар маркази” номли матбуот анжумани ўтказилди.

Мамлакатимиз Президентининг 2015 йил 15 майда қабул қилинган «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4725 сонли Фармони ва 2015 йил 28 сентябрда «Тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2412 сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик тузилмаларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш сифати ҳамда улардан фойдаланиш имкониятларини тубдан ошириш ва шаффофлигини таъминлаш, ҳокимликлар ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатувчи ягона марказлари ташкил этиш анжуманнинг бош мавзулари бўлди.

          

Ушбу қарорга асосан, 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб вазирликлар, давлат қўмиталари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларида мавжуд «ягона дарча» хизматларининг фаолияти тўхтатилиши белгиланган.

Ташкил этилаётган «Ягона дарча» марказларининг асосий вазифалари нималар, бу тадбиркорлик субъектлари фаолиятига қандай қулайликлар олиб келади, деган савол туғилади. Дарҳақиқат, мутахассислар ушбу саволлар юзасидан батафсил маълумот бериш билан бирга, «Ягона дарча» орқали ташкил этиладиган хизматлар ҳақида ҳам атрофлича тўталиб ўтдилар. Қарорга мувофиқ 2016 йил 1 январдан бошлаб «ягона дарча» орқали кўрсатиладиган барча хизматлар тавсифланди. Жумладан, янги йил бошидан тадбиркорлар муҳандислик-коммуникация тизимларига уланиш, бино ва иншоатнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш, қурилиш-монтаж ишларига рухсат беришдан тортиб ташқи рекламаларни жойлаштириш, ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланишга рухсат бериш каби кўплаб ўзларини қийнайдиган саволларга шу жойнинг ўзидан жавоб топишлари мумкин бўлади.

Анжуманда мазкур қарорда белгиланган вазифаларни тўлақонли ҳаётга татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамкорликда давлат хизматларини кўрсатиш тартибларини тарғиб қилиш юзасидан доимий равишда минтақавий семинарлар ўтказишлари лозимлиги алоҳида таъкидланди.