25.09.2018 316

“Merritz” халқаро юридик компанияси ҳамкорлигида Халқаро давра суҳбати ташкил қилинди


2018 йил 25 сентябрда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги ва “Merritz” халқаро юридик компанияси  ҳамкорлигида “Ўзбекистонда халқаро тижорат  арбитражини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида Халқаро давра суҳбати ташкил қилинди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, адлия, иқтисодиёт, молия ва ташқи савдо вазирликлари, Инвестиция бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси масъул ходимлари, халқаро тижорат арбитражларининг арбитрлари, тижорат арбитражи соҳасида фаолият олиб бораётган Франция ва Ўзбекистонлик мутахассислар, адвокатлар ва ҳуқуқшунос олимлар, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж судининг раиси Фозилжон Отахоновнинг “Ўзбекистонда Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва конценцияси бўйича келиб тушган таклиф ва мулоҳазалар ҳақида” ва  Халқаро савдо палатаси ҳузуридаги Халқаро арбитраж судининг (Париж) вице-президенти, профессор Мухаммад С.Абдель Вахабнинг “Халқаро тижорат арбитражининг ҳуқуқий асослари: хориж тажрибаси” мавзуларидаги маърузалари тингланди.

Маърузаларда таъкидланганидек, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, хусусий мулк муҳофазаси ва кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, инвестиция муҳити ва ишбилармонлик ҳолатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар изчил равишда амалга оширилмоқда.

Чет эл инвестицияси, шу жумладан тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишдан манфаатдор бўлган давлатлар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш, қонунлар ва уларни қўллаш амалиётини такомиллаштириш устувор йўналиш ҳисобланади. Халқаро тижорат низоларни ҳал қилиш соҳаси давлатнинг позитив фаолиятининг жуда муҳим объектларидан биридир. Обрўли, юқори малакали арбитраж халқаро тадбиркорлик муҳитида давлатнинг ижобий қиёфасини шакллантиради, унинг салоҳиятини (репутациясини) мустаҳкамлайди, ўз навбатида иқтисодиётни барқарорлаштиришга, шу жумладан қулай инвестиция муҳити яратиш орқали олиб келади.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда мазкур соҳадаги халқаро битимларга қўшилиш бўйича мақсадли ва босқичма-босқич ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон 1993 йил 7 майда ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, Ўзбекистон Республикасида хорижий инвесторларнинг халқаро миқёсда эътироф этилган кафолатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш мақсадларида Давлатлар ва ажнабий шахслар ўртасидаги инвестицияга доир низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисидаги (1965 йил Вашингтонда қабул қилинган) Конвенцияга, 1995 йил 22 декабрда эса Чет эл арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида 1958 йил 10 июндаги Нью-Йорк Конвенциясига қўшилган.

Бу соҳадаги мамлакатимизнинг мантиқий қадами халқаро тижорат арбитражи тўғрисидаги қонунни қабул қилишдир. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги ПФ-5087-сонли «Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан  муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 2018 йил 1 августдаги ПФ-5495-сонли “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонлари ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди ва Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан қонун лойиҳаси бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан тушган таклиф ва мулоҳазалар атрофлича муҳокама қилинди ва Қонун лойиҳаси халқаро андозаларга тўла мос келади ва уни қабул қилиш учун парламентга киритиш мақсадга мувофиқ деган таклиф бердилар.

Давра суҳбати иштирокчиларининг умумий фикрлари бўйича бундай тадбирлар нафақат арбитраж муҳокамасини такомиллаштириш ва унинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга, балки бизнеснинг, шу жумладан хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишга, бу соҳадаги миллий тажрибамизни чет элларда кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.

 

Ўз ССП Матбуот хизмати