30.12.2015 6826

Тадбиркорлар учун янги имкониятлар


Нукусда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга амалий ёрдам бериш масаласига бағишланган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Адлия, Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирликлари, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда банк тизими, солиқ идоралари ходимлари, жойлардаги “Ягона дарча” марказлари раҳбарлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари М.Мамутов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Х.Қайпназаров ва бошқаларПрезидентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор миллий иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда юксак самаралар бераётганини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. 

– Энди ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқаро банк, солиқ каби хизмат кўрсатувчи ташкилотларга бориб юрмайди, – дейди Элликқалъа туманидаги “Ягона дарча” маркази директори И.Бобожонов. – Тадбиркорга шу ернинг ўзида малакали мутахассислар томонидан 16 турдаги хизмат турлари таклиф этилади. Марказимизда 8 нафар малакали мутахассис ишламоқда. Тадбиркорларга хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг компьютерлари 2 Мб/с тезликка эга бўлган интернет тармоғининг миллий сегмент маълумотларини узатиш TAS-IX тармоғига уланди. Ўтказилган ўқув-амалий семинарда фаолиятимизни янада такомиллаштириш бўйича зарур маълумотларга эга бўлдик. 

Тадбирда “Ягона дарча” марказлари фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди. 

Манба: uza.uz