28.01.2016 2837

Фаровонликка йўналтирилаётган сармоялар


 

Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга доир лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб этиш юзасидан олиб борилаётган ишлар мамлакатимиз иқтисодиётини таркибий ўзгартиришда юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.

Иқтисодиётда давлат иштирокини босқичма-босқич камайтиришга қаратилган изчил ислоҳотлар жараёнида Сурхондарё вилояти ҳам замонавий саноати юксалаётган ҳудудга айланмоқда. 2015 йили вилоятда саноатни ривожлантириш учун 156,3 миллиард сўмликдан ортиқ 518 лойиҳа амалга оширилди. Замонавий жиҳозланган корхоналарнинг 181 таси янгидан ташкил этилган бўлса, 337 таси модернизация қилинди, техник-технологик қайта жиҳозланди. 

– Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, технологик янгилаш, ташқи ва ички бозорда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган янги қувватларни ишга тушириш корхоналарнинг рақобатбардошлик даражасини янада ошириб, иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш ва янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш имконини бермоқда, – дейди Сурхондарё вилояти иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи Сайдулла Холиқов. – Ўтган йили бу борада амалга оширилган ишларни тармоқлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, кимё ва нефткимё саноатида 16, машинасозлик ва эҳтиёт қисмлар саноатида 2, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда 247, озиқ-овқат саноатида 114, тўқимачилик саноатида 93, чарм-пойабзал саноатида 5, фармацевтика саноатида 1, мебель ва қоғоз саноатида 40 лойиҳа ҳаётга жорий этилиб, 37 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 

Миллий иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, халқимизнинг осойишта ва фаровон турмушини таъминлашга йўналтирилган бундай улуғвор ишлар туфайли вилоятда янги турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш моллари, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди, истеъмолчиларнинг арзон ва сифатли маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи қаноатлантирилди. 

Термиз шаҳридаги “Саиджон Муҳаммаджон музқаймоқлари” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган 34 турдаги музқаймоқ, Қумқўрғон туманидаги “Аср” ва Денов туманидаги “Сурхон Улуғбек Шарофуддинов” хусусий корхоналарининг лок, шпаклёвка ва эмаль бўёқлари, “Сурхон Термиз Чинни” масъулияти чекланган жамиятининг чинни буюмлари, “Нова-Фарм” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонасида тайёрланаётган фармацевтика маҳсулотлари ҳудуд аҳолиси эҳтиёжини тўлиқ таъминлашга хизмат қилмоқда. 

“Сурхон Термиз Чинни” масъулияти чекланган жамиятининг бизнес лойиҳаси “Алоқабанк”нинг Сурхондарё вилояти филиали томонидан қўллаб-қувватланиб, 7 миллиард 400 миллион сўм кредит маблағи ажратилгани сифатли ва арзон чинни маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этди. Корхонага хориждан йилига 8 миллион донагача чинни маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди. 150 дан ортиқ ишчи икки сменада 20 га яқин турдаги харидоргир, бежирим чинни буюмлари ишлаб чиқараётир. 

Қумқўрғон туманидаги “Аср” хусусий корхонасининг қурилиш учун зарур лок-бўёқ ишлаб чиқариш ташаббуси ҳам молия институтлари томонидан қўллаб-қувватланди. Йилига 100 тонна лок-бўёқ ишлаб чиқарадиган янги лойиҳани амалга ошириш учун “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг 133 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредити ва тадбиркорларнинг 78 миллион сўмдан ортиқ ўз маблағидан самарали фойдаланилди. Айни пайтда бу ерда ишлаб чиқарилаётган арзон ва рақобатбардош лок-бўёқлардан қурилиш иншоотларида кенг фойдаланилаётир. 

“Нова-Фарм” Ўзбекистон – Ҳиндистон қўшма корхонаси фаолиятининг кенгайиб бораётгани мамлакатимизда хорижлик сармоядорлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани самарасидир. Қўшма корхонанинг ўтган йили ишга туширилган янги босқичи мамлакатимиз фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, даволаш-профилактика муассасаларини арзон, сифатли дори воситалари билан таъминлаш кўламини кенгайтиришга, юртимизнинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда. 

– Ўзбекистонда хорижлик сармоядорлар иштирокидаги корхоналар учун қатор имтиёзлар берилгани, рақобатбардош, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилаётгани бизни янги ғоялар устида изланишга ундамоқда, – дейди қўшма корхона директори Сатвиндер Сингхга. –Корхона замонавий технологиялар асосида босқичма-босқич кенгайтирилиб, маҳсулот тури ва ишлаб чиқариш ҳажми тобора ошмоқда. Ҳамкорларимиз билан импорт ўрнини босадиган кўплаб дори воситалари тайёрлаш жараёнини ўзлаштираётганимиздан мамнунмиз. Буларнинг барчаси Ўзбекистондаги тинчлик-осойишталик ва иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир. 

Айни пайтда қўшма корхонани янада кенгайтиришга ҳозирлик кўрилмоқда. Жумладан, вилоятда ўсадиган турли гиёҳлардан арзон, жаҳон бозорида рақобатбардош табиий дори воситалари тайёрлаш йўлга қўйилади. Бир марталик шприц ишлаб чиқарадиган технологик ускуналар ўрнатилади. Бу ерда ишлаб чиқариш режалаштирилаётган инфузион, инъекцион эритмалар мазкур дори воситаларини хориждан келтиришга тўлиқ чек қўйиш билан бирга, бир қисмини экспорт қилиш имконини ҳам беради. 

Вилоятда жорий йилда ҳам янги қувватларни ишга тушириш, тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш ишлари изчил давом эттирилиб, пластик чиқиндиларидан гранулалар ишлаб чиқариш ва автомобиллар учун сифатли, арзон антифриз тайёрлашни йўлга қўйиш режалаштирилган. Терини қайта ишлаб, бўяйдиган янги лойиҳа амалга оширилади. Гипсокартон, қуёш батареяси модуллари, қуритилган сут, сочиқ ва янги турдаги бошқа тикувчилик маҳсулотлари, вентилятор, дазмол каби маиший техника воситалари ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. 

Бу мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш, пировардида аҳоли фаровонлигини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган доимий эътибор самараларидир. 

Манба: http://uza.uz/