29.01.2016 3442

Янги таҳрирдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳаси юзасидан амалий мулоқот бўлиб ўтди


Янги таҳрирдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳаси юзасидан бўлиб ўтган амалий мулоқот ҳақида

МАЪЛУМОТ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Ханиязов Зафар Базарбаевич ва Бабашев Қутлимурат Айтмуратовичлар, O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси билан биргаликда O’zLiDePнинг «Демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, унинг рақобатдошлигини оширишга оид қонун лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизаси» лойиҳаси доирасида «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги (янги таҳрирда) Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳаси юзасидан 2016 йил 27 январь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси мажлислар залида тадбиркорлик субъектлари, партия аъзолари ва оммавий ахборот воситалари иштирокида амалий мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маромига етказиш ва уни иккинчи ўқишга тайёрлашда  жойларда кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, ишлаб чиқариш корхоналаридаги мазкур қонунга тегишли бўлган муносабатлардаги муаммолар ва уларнинг  ечимларини ўрганиш ва қонун лойиҳасини такомиллаштириш борасидаги таклифларни ўрганишдан иборат.      

Амалий мулоқотни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Х.Қайпназаров очиб берди ва бошқариб борди. Шўнингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Ханиязов Зафар Базарбаевич ва Бабашев Қутлимурат Айтмуратовичлар «Меҳнатни муҳафаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси  қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг мазмун моҳияти билан тадбир иштирокчиларини таништириб ўтдилар.

Амалий мулоқотда қайд этилганидек мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар айнан инсон омилини кучайтиришга, унинг манфаатларини мустаҳкамлашга қаратилганидир. Муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида давлат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар аҳолининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим аҳамият касб этади. Бу эса давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган жамиятни демократлаштириш ва модернизация қилиш жараёнларининг ажралмас қисмидир.

Амалдаги қонун қабул қилинганидан буён 22 йилдан зиёд вақт ўтди. Ўтган давр мобайнида меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини тартибга солувчи, ушбу соҳада замонавий талабларни белгиловчи кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ҳужжатнинг мақсади қонун нормаларини янги қабул қилинган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштиришдан, ташкилотларда иш берувчининг ва ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш бўйича масъулиятини оширишдан, махсус ваколатли давлат органининг, давлат бошқаруви бошқа органларининг меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш юзасидан тегишли назоратни таъминлаш борасидаги вазифаларини белгилашдан иборатдир.

Қонун лойиҳаси халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги соҳасидаги Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари ва тавсияларини, 20 дан зиёд чет эл, шу жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Япония, Жанубий Корея ва бошқа давлатларнинг тажрибасини инобатга олган ҳолда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича амалдаги норматив базани такомиллаштиришга қаратилган.

Маърузада таъкидланганидек, Мазкур қонун лойиҳаси меҳнаткашларнинг қонуний манфаатларини таъминлашда, меҳнат шароитларини янада яхшилаш ва меҳнат учун  меъёрий шароитларни таъминлашда, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўтказилган муҳокама чоғида қонун лойиҳасида махсус ваколатли давлат органи ҳамда бошқа органларнинг меҳнат шароитларига риоя этиш устидан назорат қилинишни таъминлаш борасидаги функциялари ва вазифалари қонун лойиҳасида аниқ белгилаб қўйилганлиги таъкидлаб ўтилди, шунингдек қонун лойиҳасида иш берувчининг ҳамда ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган, хотин-қизлар, вояга етмаган шахслар, пенсия ёшидаги шахслар, шунингдек меҳнат қобилияти чекланган шахсларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятларининг аниқлаштирилганлиги  алоҳида таъкидланди.                                                                                         

Амалий мулоқотда иштирокчилар «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси  қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар.