17.02.2016 4137

Қорақалпоғистон Республикасида “Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ойлиги” эълон қилинди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуслари ва раҳбарлигида мустақиллик йилларида хусусий тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ҳамда ҳуқуқий химоясини таъминлашнинг қонуний асослари ва кафолатлари  яратилди.

Айнан шу сабабли, мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожланиши ва ахолининг турмуш даражаси ўсишини таъминлашда тадбиркорлик субъектлари, инвесторлар, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиниши алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳукуқ ва манфаатларини таъминлашда, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш, сунъий тўсиқлар ва чеклов қўйиш, ноқонуний текширувлар ўтказиш каби салбий ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 4725-сонли Фармони ижросини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, бу борадаги давлат сиёсатини изчил амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 2016 йилнинг 16 февралида Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси мажлислар залида мажлис бўлиб ўтди. Мажлисни Қорақалпоғистон Республикаси Прокурори Е.Қайпбергенов очиб берди ва бошқариб борди.

Мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси қошидаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат Солиқ бошқармаси, Марказий банки Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат Палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси билан биргаликда Қўшма фармойиши қабул қилиниб, 2016 йил 17 февралидан 17 мартига қадар Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида “Тадбиркорлик ҳуқуқларини ҳимоялаш ойлиги” деб эълон қилинди.

Ўзбекистон Савдо-саноат Палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Х.Қайпназаров сўзга чиқиб, мамлакатимизнинг иқтисодиётини барқарор ривожланиши, рақобатдошлиги, аҳоли турмуш даражаси ўсиши ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашда ҳамда тадбиркорликни янада ривожлантириш ва шу ҳисобидан янги иш ўринлари яратиш энг муҳим омил эканлигини ҳар биримиз чуқур англашимиз лозимлиги, айнан шу нуқтаи назардан барча фаолиятимизни давлатимиз Президенти талаблари асосида ташкил этишимиз ва хусусий тадбиркорлик йўлидаги барча ғов ва тўсиқларни бартараф этишга йўналтиришимиз зарур эканлигини таъкидлаб ўтди.

   

Ойлик тадбир ташкилотчилари тўғридан-тўғри ҳудудларда фаолият олиб борадиган ишчи гуруҳ аъзолари бўлиб, улар мазкур ойлик мобайнида жойлардаги ҳокимлик, солиқ ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда:

- бириктирилган ҳудудларга, айниқса чекка овул ва қишлоқларгагача чиқиб, ҳаракат қилаётган кичик бизнес субъектлари билан учрашувлар ташкил этади. Уларнинг ишларида юзага келаётган тўсиқ ва чекловларни аниқлаб, уларни бартараф қилиш чораларини кўришади;

- ҳудудларда фаолиятини тўхтатган ва тугатган кичик бизнес субъектлари вакиллари билан алоҳида суҳбатлар ўтказиб, улар фаолиятини қайта тиклаш чораларини кўради;

- ҳудудлардаги кичик бизнес субъектларини инвентаризациядан ўтказиб, улар ишларини ривожлантиришдаги (тўлов терминаллари билан таъминлаш, инкассация шартномаларини тузиш, банк ҳисоб рақамларини очиш ва ҳоказо) амалий ёрдамлар беради;

- ҳудуддаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида юрган шахсларни, шу жумладан коллеж битирувчиларини аниқлаб, уларнинг иш бошлашлари учун амалий ёрдамлар кўрсатишади;

- тадбиркорлик субъектларида ноқонуний текширишлар ўтказиш, аралашиш ва тўсиқларни олдини олиш юзасидан жойлардаги назорат текширув органлари ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашувлар ўтказишади;

- ҳудуддаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, амалдаги соҳавий қонун ва қонун ости ҳужжатларидаги бўшлиқларни аниқлаб, уларни таҳлил қилиб, янги қонунлар қабул қилиш ва қонунларга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар бериш бўйича иш олиб боришади.

Бу ойлик тадбирнинг натижасида давлатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишига, халқ турмуш даражасининг ўсишига, тадбиркорликнинг янада ривожланишига ва шунинг ҳисобидан янги иш ўринларининг пайдо бўлишига эришамиз.

Энг асосийси тадбиркорлик соҳасидаги барча тўсиқлар бартараф қилинади.

Тадбир ҳақидаги маълумот маҳаллий телевидение, радиоэшиттиришлар ва газеталарда ёритилиш арафасида.