07.02.2019 1091

“Бизнес юритиш”да қандай қилиб юқори рейтингларга эришиш мумкин?


Тараққиётга эришаман, дунё мамлакатлари каби ривожланаман, деган давлат борки тадбиркорлар учун қулай муҳит яратишга ҳаракат қилади. Чунки, бусиз бирни икки қилиш, иқтисодни кўтариш, одамларнинг фаровон ҳаётини таъминлаш амри маҳол.

Хўш, бунда қандай йўл тутилади? Даставвал, бизнесни юритишга тўсиқ бўлаётган омиллар олиб ташланади, тадбиркорни сарсон қилиб юборган тартиб таомиллар соддалаштирилади, тўрачиликка барҳам берилади. Шундагина бизнес эркин нафас олади ва ривожланади, инвестор эса қўрқмай пул тикади, янги корхоналар очилади, иш ўринлари яратилади. 

Бир қарашда жуда оддийдек кўринади бу ишлар, гапиришга ҳам осон. Лекин, қулай бизнес муҳитини яратиб, шунинг ортидан яхшигина наф кўраётган мамлакатлар қаторидан ўрин олиш эса, биз айтганчалик оддий юмуш эмас. Бунинг учун тадбиркорликка оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш, бизнес йўлидаги турли чекловларни олиб ташлашга тўғри келади.

Ўзбекистонда ҳам худди шундай тадориклар орқали қулай бизнес муҳитини яратишга астойдил киришилди. Натижада сўнгги йилларда мамлакатимизЖаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” рейтингида 146 ўриндан 76 ўринга кўтарилди. Бу албатта қувонарли, аммо бизнинг мақсадимиз бу рейтингда биринчи 20 таликдан мустаҳкам ўрин эгаллашдир.

Лекин, юқори маррага бирданига етиб бўлмайди, албатта. Боиси, бизда йиллар давомида иқтисодиётимиз қонига вирус каби кириб олган касалликлар, яъни қурилиш учун рухсатномалар олиш, мулкни рўйхатдан ўтказиш ва халқаро савдо операцияларини олиб боришда тадбиркорларни сарсон қилаётган, инвесторни иккилантириб қўяётган ортиқча бюрократик тўсиқлар ҳали-ҳануз учраяпти.

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор айнан шундай муаммоларга барҳам берган ҳолда “бизнес юритишда” мамлакатимиз рейтингини янада юқори поғонага кўтаришни мақсад қилган чора-тадбирлар акс эттирилган.

Хўш, биз юқори рейтингларга қандай эришамиз? Президент қарори билан тасдиқланган 11 та боб, 56 та банддан иборат “Йўл харитаси”да тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қурилиш учун рухсатномалар олиш,электр таъминоти тизимига уланиш,мулкни рўйхатдан ўтказиш, кредит олиш, солиққа тортиш йўналишларида енгилликлар яратиш ва халқаро савдони амалга ошириш, контрактлар ижросини таъминлаш, миноритар акциядорларни ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли тадбирлар белгилаб берилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг “Бизнес юритиш” рейтингидаги ўрнини босқичма-босқич 2020 йилда – 66-чи, 2021 йилда – 33-чи ва 2022 йилда 20-чи ўринга олиб чиқишини таъминлаб берадиган асосий вазифалар ҳам белгилаб берилган.

Қарор билан, кўрсатгичларни яхшилаш бўйича ҳар бир йўналишга масъул вазирлик ва идоралар ҳам тайинланган.

Демак, эндиликда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишни соддалаштириш билан Адлия вазирлиги, қурилиш учун рухсатномалар олиш тартибларини енгиллаштиришга Қурилиш вазирлиги, электр таъминоти тизимига уланиш ҳужжатларини камайтиришга Энергетика вазирлиги, мулкни рўйхатдан ўтказишга тўсиқ бўлаётган омилларга барҳам беришга Ергеодезкадастр қўмитаси, Кредит олиш ишларини осонлаштиришга Марказий банк, миноритар акциядорларни ҳимоя қилишга Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Солиққа тортиш ишларини қайта кўриб чиқишга Молия вазирлиги, Халқаро савдо ишларига тўсиқ бўлаётган тартибларни соддалаштиришга Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан бирга Давлат божхона қўмитаси, контрактлар ижросини таъминлашга Олий суд масъул бўлади.

Мазкур ишларни тезлаштириш ва қулай бизнес муҳитини яратишга қаратилган тадбирларни жадаллаштириш мақсадида 2019 йил 1 мартдан бошлаб, таъсисчилари Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишда бир вақтнинг ўзида Банклар томонидан масофадан туриб ҳисоб рақами очилади. Бизнес юритиш рейтингига салбий таъсир кўрсатаётган, яъни ер участкаларини олиш ва қурилишга рухсат бериш тартибларида ҳам бир қатор енгилликлар кўзда тутилган.

Қароргаасосан, эндиликда истеъмолчини сабабсиз электр тармоғидан узганларга иқтисодий чоралар кўриладиган бўлди. Тадбиркорларга тегишли кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш эса аввалгидек кўчмас мулк жойлашган ҳудудда эмас, балки тадбиркорга қулай бўлган ҳудудда рўйхатдан ўтказилади. Бу жараёнда кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш ва унга эгалик ҳуқуқини олиш учун берилган аризалар нотариал идоралар томонидан ахборот тизимлари орқали бепул равишда кадастр идораларига тақдим қилинади. Кадастр ҳужжатларини қоғоз кўринишида тақдим қилиш талаби эса бекор қилинади.

Халқаро савдо соҳасида ҳам янгилик бўлади. Эндиликда ташқи иқтисодий фоалият билан шуғулланаётган субъектларнинг ариза-декларациялари асосида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси товарнингкелиб чиқиши тўғрисидаги сертификатларни бир иш куни давомида беради.

Яна бир муҳим жиҳат. 2019 йил 1 мартдан Давлат идоралари тадбиркорлик субъектларидан улар тақдим қилаётган ҳужжатларга муҳр қўйиб берилсин, деган талаб бекор қилинмоқда. Шу билан бирга, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсатнома олинмайдиган бўлди. Унинг ўрнига қурилиш бошланишидан хабардор қилиш механизми жорий қилинади, холос. Бундан ташқари, оммавий офертани жорий этиш орқали қурилиш соҳасини назорат қилувчи ҳудудий инспекциялар томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва тўлиқлиги устидан назорат функцияларини бажариш юзасидан шартномалар тузиш тартиблари ҳам бекор қилинди.

Қарорга асосан, 2020 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий қилинади.

шаҳарсозлик фаолияти объектини қуришни лойиҳалаштириш учун меъморий-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш ер участкасини “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукцион орқали реализация қилиш учун материаллар тайёрланаётганда амалга оширилади ва аукцион ғолибига бепул асосда берилади;

меъморий-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича ишларнинг қиймати маҳаллий бюджет маблағларидан, кейинчалик харажатларни ер участкасини “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукцион орқали реализация қилишдан келиб тушган маблағлардан қоплаш орқали тўланади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Лойиҳа бошқаруви Миллий агентлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 апрелгача Жаҳон банки ҳамда Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботи сўровномалари асосида 10 та индикатор кесимида қатъий белгиланган ахборотларни ўз ичига олган, шунингдек тадбиркорлар томонидан таклифларни бериш инконини таъминловчи “Ўзбекистонда бизнес юритиш” веб-сайтини яратади.

Шунингдек, агентлик Бош прокуратура билан биргаликда “Йўл харитаси”даги тадбирларнинг ижросини қатъий назоратга олади ҳамда масъулиятсизликка йўл қўйган давлат органлари ва ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан аниқ таъсир чораларини ҳам кўради.

Хуллас, Президент қарори “Бизнес юритиш” рейтингида юқори ўринга чиқиб олишимизда дастуриламал бўлади. Ундаги чора-тадбирларнинг амалдаги ижроси эса мамлакатнинг иқтисодий тараққиётига, ҳар биримизнинг турмуш фаровонлигимизга бевосита ва билвосита дахлдор масала.

 

Бош прокуратура ҳузиридаги мультимедиа маркази билан ҳамкорликда тайёрланди

 

ЎзА