07.02.2019 1873

«Doing business»: Ўзбекистоннинг мақсади – 2022 йилга келиб 20-ўринни эгаллаш.


Ҳужжатда ижобий динамика келтирилган: охирги 5 йил давомида «Бизнес юритиш» рейтингида Ўзбекистон жаҳоннинг 190 та мамлакати орасида 146-ўриндан 76-ўринга (яъни 70 та позицияга, таҳр.) кўтарилган. Бироқ қурилишга рухсатномалар олишда, мулкни рўйхатдан ўтказишда ва ташқи савдо операцияларини амалга оширишда ортиқча бюрократик тартиб-таомиллар ҳанузгача сақланиб қолмоқда.

2022 йилга келиб республиканинг «Бизнес юритиш» рейтингида 20-ўринга эришиши вазифаси қўйилган. Ишларнинг ҳозирги аҳволи шарҳи – бу ерда. Бошқача айтганда, мамлакатимиз келгуси 3 йил ичида яна 56 та позицияга илгарилаши керак.

Қарор билан тасдиқланган «Йўл харитаси» (мазкур шарҳ берилган пайтда эълон қилинмаган, таҳр.) доирасида ушбу мақсадга эришиш бўйича комплекс ишлар олиб борилади. Чора-тадбирлар режаси Жаҳон банки ва бошқа халқаро молия институтлари иштирокида ишлаб чиқилган. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили шунга ўхшаш ҳужжат қабул қилинган эди (13.07.2018 йилдаги ПҚ–3852-сон қарорга 1-иловага қаранг).  

«Йўл харитаси» амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мақсадли кўрсаткичларга эришиш Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари зиммасига юклатилди. Эслатиб ўтамиз, январь ойида Ўзбекистоннинг индексдаги ўрнини яхшилаш учун масъул орган этиб ЛБМА, индикаторлар кесимида эса соҳа вазирликлари ва идоралари белгиланган эди (батафсил қаранг)

Бизнес ҳамжамияти билан очиқ-ошкора мулоқот қилишни таъминлаш механизмлари назарда тутилган. 2019 йил 1 апрелгача Интернетда «Ўзбекистонда бизнес юритиш» сайти очилади. У ерда ҳисобот сўровномалари асосида батафсил ахборот олиш, шунингдек қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар бериш мумкин бўлади.

Ҳужжат билан мамлакатимизда бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилашга йўналтирилган қатор янгиликлар ҳам назарда тутилган, улар 2019 йил 1 мартдан қўлланила бошлайди. Улар ҳақида янада батафсил – бу ерда.


www.norma.uz