01.03.2019 591

Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгашининг 24-сессияси бўлиб ўтди​.


Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниев ва Бирлашган Қироллик Парламентининг Лордлар палатаси аъзоси, Буюк Британия Бош вазирининг Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича махсус вакили баронесса Э.Николсон раислигида Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгашининг 24-сессияси бўлиб ўтди. 

Тадбир доирасида Британиянинг “BAT Uzbekistan (Investments) Ltd.”(BATU(I)) компанияси ҳамда айни пайтда қуритилган сабзавотлар, мевалар ва гиёҳларни қайта ишлаш, экспорт қилишга ихтисослашган “Samfruit” МЧЖ Ўзбекистон-Швейцария корхонасининг (Самарқанд вилояти) асосий мулкдори бўлмиш Швейцариянинг “New Product International” компанияси иштирокида чет эл корхонасини ташкил қилиш ҳақида келишув имзоланди. 

Имзоланган келишувга мувофиқ, BATU(I) компанияси “Samfruit” ХК ҳаммуассислари таркибига киради ва дастлабки босқичда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, шу жумладан, сублимацион ва ҳавода қуритиш, қадоқлаш ва ўраш бўйича замонавий юқори технологик асбоб-ускуналарни сотиб олиш, экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқариш учун 11 млн. АҚШ долларини инвестициялашни режалаштирган.

Бундай инвестициялар ХК ишлаб чиқариш қувватларини йилига 700 дан 4 000 тоннагача қуритилган сабзавотлар, мевалар ва гиёҳларни ишлаб чиқаришгача ошириш имконини беради. 

Инвестиция дастурининг биринчи босқичини амалга ошириш тугаллангандан сўнг “Samfruit” ХКнинг прогнозланаётган экспортдан оладиган фойдаси бир неча бараварга ошиши лозим. Ҳозирги пайтда корхонада 50 киши ишлаётган бўлса, кенгайтирилган ишлаб чиқаришда 100та доимий ва 150 та мавсумий ходимлар ишлайди.

Келишув “Бритиш Американ Тобакко” компаниялар гуруҳининг Марказий Осиё, Кавказ, Украина, Беларус, Молдова субминтақаси бўйича бошқарувчи директори Саймон Уэлфорд ва “Samfruit” МЧЖ Бош директори Денис Самарин томонидан имзоланди.

Бу лойиҳа, шунингдек, британиялик бошқа ​потенциал инвесторлар учун ўз маблағларини Ўзбекистон иқтисодиётидаги “Ноу-хау”ларга янада фаол киритишга ундайдиган ижобий омил бўлади.

МАЪЛУМОТ УЧУН. “Samfruit” МЧЖ Ўзбекистон Швейцария қўшма корхонасига 2002 йилда асос солинган. Бугунги кунда корхона мулкида Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида 10 гектардан ортиқ майдондаги завод, шунингдек, Нуробод туманида умумий майдони 234 гектарлик “Самфрут-Органик” фермер хўжалиги бор. 

Бу ерда органик маҳсулот етиштирилади, бу маҳсулот ҳар йили Institute for Marketecology (Швейцария) инспекторларининг сертификациясидан ўтади.

“BATUzbekistan (Investments) Limited” (Лондон, Буюк Британия), 1994 йил 22 ноябрда давлат иштирокидаги қўшма корхона шаклида тузилган “УЗБАТ А.О.” ҚК АЖ Ўзбекистон-Британия қўшма корхонасининг ҳаммуассисидир. 

BATU(I) етакчи хорижий инвесторларнинг биттаси ва Ўзбекистон иқтисодиётининг йирик инвестори бўлиб, тўғридан-тўғри инвестицияларининг умумий ҳажми 400 миллион АҚШ долларидан ортиқ.​​

 

www.uza.uz