25.03.2019 1385

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини экспертизадан ўтказди.


Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифода этувчи, шу жумладан, улар фаолиятига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳоловчи ваколатли орган сифатида Савдо-саноат палатаси томонидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.

Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 195 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Экспертлар кенгашлари томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.

Хусусан, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқариладиган кино маҳсулотлари учун танлов (конкурс) ташкил этиш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси  жамоатчилик экспертизасидан  ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

1. Лойиҳа иловасининг 1-банди еттинчи хатбошига кўра, “давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади) – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги”, - деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5624-сонли Фармони 1-банди “г” кичик бандига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига уни давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган этиб белгилаган ҳолда Агентликнинг мазкур соҳадаги ваколатларини ўтказиш” белгиланган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа иловасининг 1-банди еттинчи хатбошисини қуйидаги таҳрирда баён этиш мақсадга мувофиқ:

“давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади) – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги”.

2. Лойиҳа иловасининг 4.1-бандига кўра, Буюртмачи томонидан танлов ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг ишчи гуруҳ томонидан танлов ҳужжатлари, шартнома ва танлов ўтказиш ҳақидаги эълоннинг матни ишлаб чиқилади”, - деб белгиланган.

Бунда танлов ўтказиш тўғрисидаги қарор буюртмачи томонидан қабул қилиниши назарда тутилган.

Аммо, лойиҳа иловасининг 4.8-бандида “Танлов ҳужжатлари танлов комиссияси томонидан келишилгандан сўнг танловни ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинади”, деб белгиланган.

Кўринадики, лойиҳада танлов ўтказилиши тўғрисидаги қарор икки субъект томонидан қабул қилиниши назарда тутилган.

Бундан ташқари, юқоридаги 4.1-бандга кўра, танлов ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг, танлов ҳужжатлари ҳам ишлаб чиқилиши назарда тутилган ҳамда лойиҳа иловасининг бошқа бандларида танлов ҳужжатларига нисбатан қўйиладиган талаблар белгиланган.

Аммо, лойиҳа иловасида “танлов ҳужжатлари” тушунчасига таъриф берилмаган ҳамда танлов ҳужжатлари деганда қандай ҳужжатлар назарда тутилиши аниқлаштирилмаган.

Бу эса, амалиётда турли тушунмовчилик ва ноаниқликларни келтириб чиқариши мумкин.

Шу боис, танлов ўтказиш тўғрисидаги қарор ким томонидан қабул қилинишини лойиҳа иловасида аниқ белгилаш, “танлов ҳужжатлари” тушунчасига аниқ таъриф бериш тавсия этилади.

3. Лойиҳа иловасининг 4.7-бандига бандига кўра, “Танловга қўйиладиган мавзуларни белгилашда фильмларнинг жанрлар бўйича квоталари танлов комиссияси ҳамда ишчи гуруҳ томонидан келишилган ҳолда фоиз ҳисобида белгиланади. Бунда мавзулар бўйича келиб тушган таклифлар асос бўлиб хизмат қилади. Танлов комиссияси зарурат туғилганда квоталар фоизини ўзгартиришга ҳақли”, - деб белгиланган.

Яъни, бунда танловга қўйиладиган мавзуларни ҳамда фильмларнинг квоталарини белгилаш тартиби назарда тутилган.

Аммо, мазкур бандда номувофиқлик юзага келган. Яъни, ушбу мавзулар ва квоталарни белгилаш танлов ҳақида эълон беришдан олдинги жараён, уларни белгилаш учун келтирилган асос (мавзулар бўйича келиб тушган таклифлар) эса, эълон берилгандан кейинги жараёндир.

Кўринадики, ушбу нормада кейинги бир жараён ўзидан олдинги жараён учун асос сифатида келтирилган.

Шу сабабли, мазкур номувофиқликни бартараф этиш тавсия этилади.

4. Лойиҳа иловасининг 4.21-бандига кўра, Чет эл кинокомпаниялари ҳамда қўшма корхона шаклидаги юридик субъектлар танловга қатнашиш ҳуқуқига эга эмас. Фақат ҳамкорликда суратга олинадиган (co-production) ва камида 50% инвестиция киритиладиган кинолойиҳалар бундан мустасно”, - деб белгиланган.

Бунда, чет эл кинокомпаниялари ҳамда қўшма корхоналарнинг танловда иштирок этиш ҳуқуқи чекланиши назарда тутилган.

Аммо, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддасида Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда харид қилиш тартиб-таомилида давлат харидларини ижро этиш учун талабгорлар сифатида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси (бундан буён матнда иштирокчи деб юритилади) бўлиши мумкин”, - деб белгиланган.

Қонуннинг мазкур нормаси талабларидан келиб чиқиб, лойиҳа иловасининг 4.21-бандини чиқариб ташлаш тавсия этилади.

5. Лойиҳа иловасининг 4.22-бандига кўра, “Танловда қатнашиш учун талабгорга қуйидаги малака талаблари қўйилади:

кинолойиҳа қийматининг камида 5 фоизи миқдоридаги бўш айланма маблағ ёки кўрсатиб ўтилган маблағларни беришга банк кафолатномаси;

ишлар (хизматлар)ни бажариш учун зарур бўлган киноаппаратура ва мутахассисларнинг мавжудлиги;

шартномалар тузиш юзасидан фуқаролик-муомала ҳуқуқий лаёқат ва ваколатлар;

устав сармоясининг миқдори;

кино ишлаб чиқариш соҳасида ишлаш тажрибасининг мавжудлиги;

ўз кучлари билан илгари бажарилган иш ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар;

кинолойиҳада ўз кучлари билан бажариладиган ишларнинг мўлжалланаётган ҳажми (фоизларда)”, - деб белгиланган.

Аммо, мазкур талаблар талабгорларга қўйиладиган малака талаблари ҳисобланмайди.

Бундан ташқари, ушбу талаблар ортиқча ва кераксиз талаблар бўлиб, ушбу соҳада тўсиқларни келтириб чиқаради.

Хусусан, ушбу лойиҳа давлат буюртмасини назарда тутиши ҳамда танлов ғолиби бўлган лойиҳалар давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши ҳисобга олинганда, кинолойиҳа қийматининг камида 5 фоизи миқдоридаги бўш айланма маблағ ёки кўрсатиб ўтилган маблағларни беришга банк кафолатномасининг мавжудлиги ҳамда устав сармоясининг миқдори талаби ортиқча талабдир.

Ёки, лойиҳа иловасининг 4.20-бандига кўра, фақат юридик субъектлар танловда қатнашиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Фуқаролик кодекси
41-моддасига кўра эса, юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқати у тузилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Юқоридагилардан кўринадики, танловда қатнашувчи юридик шахслар тўғридан-тўғри ҳуқуқий лаёқатга эга бўлиб, уни яна алоҳида талаб сифатида белгилаш зарурати мавжуд эмас.

Шунингдек, кино ишлаб чиқариш соҳасида ишлаш тажрибасининг мавжудлиги ва ўз кучлари билан илгари бажарилган иш ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар билан боғлиқ талаблар эса ушбу соҳада янгидан фаолият бошлаётган ҳамда ўз фаолиятида малакали мутахассисларни жалб қилган тадбиркорлик субъектлари учун тўсиқ бўлувчи ортиқча талаблардир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, лойиҳа иловасининг 4.22-бандидан 2, 4-8-хатбошиларни чиқариб ташлаш ҳамда талабгорларга қўйиладиган малака талабларини қайта кўриб чиқиш тавсия этилади.

6. Лойиҳа иловасининг 4.22-банди тўққизинчи хатбошига кўра, “Танлов савдоларида қатнашиш талабгорига буюртмачи томонидан белгиланадиган бошқа талаблар ҳам қўйилиши мумкин”, - деб белгиланган.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 30-моддасига кўра, давлат буюртмачиси томонидан қўйиладиган қўшимча талаблар давлат хариди тўғрисидаги ахборотда у эълон қилинган пайтда кўрсатилган бўлиши керак.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мазкур хатбошини қуйидаги таҳрирда баён қилиш мақсадга мувофиқ:

“Танлов савдоларида қатнашиш талабгорига буюртмачи томонидан белгиланадиган бошқа талаблар ҳам қўйилиши мумкин. Бунда буюртмачи томонидан қўйиладиган қўшимча талаблар ҳам танлов тўғрисидаги ахборотда у эълон қилинган пайтда кўрсатилади”.

7. Лойиҳа иловасининг 4.23-банди бешинчи хатбошига кўра, “ҳомийлар ва инвесторлар (сармоядор) билан тузилган шартнома нусхаси ёки инвесторнинг кафолат хати (ариза берувчилар томонидан қисман молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича)” танловда қатнашиш учун талабгор томонидан тақдим этилиши белгиланган.

Ушбу Хулосанинг 5-бандида келтирилган тавсияларни инобатга олган ҳолда, мазкур хатбошини чиқариб ташлаш тавсия этилади.

8. Лойиҳа иловасининг 4.26-бандига кўра, “Тақдим қилинадиган адабий сценарий матнининг нусхаси Кенгаш аъзолари сонига мувофиқ бўлиши шарт. Тақдим қилинган сценарийнинг ҳар бир нусхаси тикилган, варақлари рақамланган бўлиши ва муаллифнинг имзоси билан тасдиқланган бўлиши тавсия этилади. Электрон кўринишдаги адабий сценарий рақамли электрон ташувчи воситаларда, pdf форматида ҳам тақдим қилинади”, - деб белгиланган.

Бунда, тақдим этиладиган сценарий матни электрон кўринишда ҳам тақдим этилишини ҳамда юқоридаги талаб талабгорга нисбатан ортиқча мажбуриятлар юкланишига олиб келишини инобатга олган ҳолда, сценарий матнини икки нусхада тақдим этилишини назарда тутиш тавсия этилади.

9. Лойиҳа иловасининг 4.35-бандида танловда қандай меъзонларга мувофиқ бўлган иштирокчилар қатнаша олиши мумкинлиги назарда тутилган.

Шунингдек, танловда қатнашиш билан боғлиқ шартлар лойиҳа иловасининг 4.22-бандида ҳам белгиланган.

Ушбу Хулосанинг 5-бандидаги тавсияларни инобатга олган ҳолда, танловда иштирок этиш талабларини лойиҳа иловасининг битта бандида умумий ва аниқ назарда тутиш тавсия этилади.

10. Лойиҳа иловасининг 3-боби “Танлов иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш”, деб номланган.

Аммо, унда таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш тартиби аниқ белгиланмаган. Хусусан, таклифларни кўриб чиқиш муддати, унинг босқичлари, натижаларини эълон қилиш тартиби назарда тутилмаган.

Бундан ташқари, ушбу бобда назарда тутилган босқичлар нафақат танлов ўтказилиши билан боғлиқ бўлган, балки ундан кейинги жараёнларни (Бадиий кенгаш томонидан қабул қилинган ва ишлаб чиқаришга рухсат берилган кинолойиҳалар юзасидан олиб борилаётган ишлар назоратини) ҳам қамраб олган.

Бироқ, мазкур лойиҳани ишлаб чиқиш учун асос бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3880-сонли Қарори 2-бандида давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқариладиган кино маҳсулотлари учун конкурс ташкил этиш ва уни ўтказиш тартиби, шу жумладан конкурсда қатнашадиган кинокомпаниялар учун талабларни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланган.

Шу боис, лойиҳа иловасининг 3-бобини қайта кўриб чиқиш ҳамда унда юқоридаги масалаларни инобатга олиш тавсия этилади.

Шунингдек, лойиҳа иловасида танловни ўтказилмаган деб топиш учун асос бўладиган ҳолатларни тўлиқ назарда тутиш ҳамда такрорий танлов ўтказилиши билан боғлиқ бўлган нормаларни (уни ўтказиш тартиби, муддатларини) аниқ белгилаш тавсия этилади.

 

 

Ўз ССП Ахборот хизмати