03.04.2019 1998

Халқаро Ҳунармандчилик фестивали рамзи (логотипини) яратиш бўйича ижодий танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.


2019 йил 2 апрель куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва «Ҳунарманд» уюшмаси томонидан 2019 йил сентябрь ойида Қўқон шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган Халқаро Ҳунармандчилик фестивали рамзи (логотипини) яратиш бўйича ижодий танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ташкил этилди.

Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, «Ҳунарманд» уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Туризмни ривожлантириш бўйича Давлат қўмитаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва оммавий ахборот агентлиги, шунингдек, рассомлар ва оммавий ахборот вакиллари иштирок этдилар.

Таъкидлаш жоизки, оҳирги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳурматли Ш.М.Мирзиёев ташаббуслари билан мамлакатда миллий ҳунармандчиликни янада ривожлантиришга ҳунармадларга имтиёзли кредитлар бериш, маҳсулотларини экспорт қилишларида кўмаклашиш, туман ва шаҳарларда ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини яратиш орқали катта эътибор берилмоқда.

Шунингдек, «Ҳунарманд» уюшмаси фаолияти ҳам қайтадан кўриб чиқилди, ва 2019 йил март ойида уюшма Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгашининг тўлиқ аъзосига айланди.

2018 йил декабрь ойида Халқаро Ҳунармандчилик фестивали рамзи (логотипини) яратиш бўйича ижодий танлов бошлангани эълон қилинди. Танловда мамлакатимизнинг профессионал реклама компаниялари вакиллари, ҳунармандлар, рассом ва талабалар иштирок этдилар.

Танлов давомида ҳакамлар ҳайьати фестивалнинг рамзий ҳусусиятларига, ноёб бадиий ечимларига, бадиий ғоясига, фестивалнинг долзарблигига ва халқ амалий саньати ҳунармандчилигига алоҳида эътибор қаратдилар.

Танлов давомида 145 та муаллифдан жаъми 202 та фестивал рамзи лойиҳаси кўриб чиқилди. Танлов якунлари бўйича, 3-ўринни Расулов Камолхон эгаллади. 2-ўрин Ғайратов Жасурга муносиб кўрилди. Танлов ғолиблиги ва 1-ўрин сертификатига Ишматов Бахтиёр сазовор бўлди.

Ғолибларга Халқаро Ҳунармандчилик фестивали ташкилий қўмитаси томонидан пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Ўз ССП Ахборот хизмати