03.04.2019 722

Ўзбекистон-Саудия Арабистони ишбилармонларининг "В2В" учрашуви бўлиб ўтди.


Жорий йилнинг 3 апрель куни “Miran International Hotel” меҳмонхонасида Ўзбекистон-Саудия Арабистони ишбилармонларининг "В2В" учрашуви бўлиб ўтди.

Саудия Арабистони делегацияси таркибида қишлоқ хўжалиги, қурилиш, ахборот технологиялари, савдо-сотиқ, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чикарувчилар ҳамда инвесторлар иштирокида 20 дан ортиқ йирик компания вакиллари ўрин олган.

Ушбу учрашув ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун қўшимча рағбат сифатида хизмат қилади.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов, “Учрашувни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад икки давлат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқалари йўлга қўйилиши ва кенгайишини қўллаб-қувватлаш, янги қўшма корхоналар сонини ҳамда икки томонлама маҳсулот айланмасини оширишдан иборат” – дея таъкидлади.

Учрашув давомида Саудия Арабистони делегация вакиллари Ўзбекистонда иқтисодиётнинг турли тармоқларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган улкан ислохотлар ҳамда мамлакатимизда инвесторлар ва тадбиркорлар учун яратилган қулай шарт шароитлар ва имтиёзларни юқори бахолаб, бугунги давра суҳбати Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ишбилармон доира вакиллари учун ўзаро тажриба алмашиш имконияти беришини таъкидлаб ўтдилар.

“Ҳозирда мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда” - деб айтиб ўтди Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиснинг ўринбосари Ш.Вафоев.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни хуқуқий химоя қилиш, мамлакат иқтисодиётининг инвестицион жозибадорлигини ошириш, ташкил этилган ва фаолият юритаётган ЭИЗ да инвесторлар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.

2018 йил январь-декабрь якуни бўйича Ўзбекистон-Саудия Арабистони савдо-айланмаси ҳажми 44,1 млн. АҚШ долларига тенг бўлди. 

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Саудия Арабистони инвесторлари иштирокида 10 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Шулардан 4 таси 100% Саудия Арабистони капитали асосида фаолият юритади. 

Учрашув сўнгида икки давлат бизнес доиралари вакилларини В2В форматидаги учрашувларда томонлар ўзаро хамкорлик алоқаларини янада мустахкамлаш, қўшма корхоналар сонини кенгайтириш, инвестицион лойихаларни амалга ошириш каби масалаларини муҳокама қилишди.

Шунингдек, ташриф давомида бугун, Саудия Арабистони делагацияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо ва инвестиция вазирлигида ҳам музокаралар олиб борадилар.

5 апрель куни делегация вакиллари Урганч шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро инвестиция форумида иштирок этиб, Хоразм вилояти ишлаб чиқарувчиларининг Миллий кўргазмасига ташриф буюришади ва инвестицион лойиҳалар, бўш турган бино ва иншоотларнинг тақдимотлари билан ҳам танишадилар. 

 

Ўз ССП Ахборот хизмати