08.04.2019 1119

“Ўзбекистон-Чехия” бизнес-форуми ва икки мамлакатнинг ишбилармон доира вакиллари билан «В2В» форматида учрашув бўлиб ўтди.


2019 йил 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан “Ўзбекистон-Чехия” бизнес-форуми ва икки мамлакатнинг ишбилармон доира вакиллари билан «В2В» форматида учрашув бўлиб ўтди.

Чехия Республикаси Савдо-саноат вазирлиги вазири Марта Новакова бошчилигидаги делегация таркибига қурилиш, металлургия ва минерални қайта ишлаш, логистика, сайёҳлик, қурилиш ва кимё саноати маҳсулотлари, хавфсизлик тизимларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва тоғ-кон саноати соҳасида фаолият юритувчи 22 та компания вакиллари ўрин олган.

Форум давомида Чехия Республикаси делегация вакиллари Ўзбекистонда инвестицион муҳитни янада яхшилаш, иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.

Икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирокидаги «G2В» ва «В2В» учрашувида 80 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлик субъектлари иштирок этишди ҳамда Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари, жумладан, икки мамлакат корхоналарининг ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.

2018 йилда ўзаро товар айланмасининг ҳажми 69,9 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

Ўзбекистон Республикасидан Чехия Республикасига кийим-кечак ва тўқимачилик маҳсулотлари, хизмат кўрсатиш соҳаси, алюминий ва ундан тайёрланадиган маҳсулотлар, ускуналар, пластмассадан тайёрланган буюмлар ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилишади.

Чехия Республикасидан Ўзбекистонга кимёвий маҳсулотлар, машина ва ускуналар, озиқ-овқат маҳсулотлари, уй ҳайвонлари, оптик асбоблар, фармацевтика, мебел саноати, шакар ва бошқалар импорт қилинади.

Мамлакатимизда Чехия Республикаси капитали иштирокида 25 корхона мавжуд. Шундан 10 таси 100% Чехия Республикаси капитали асосида фаолият юритиб келмоқда.

 

Ўз ССП Ахборот хизмати