12.04.2019 813

Tадбиркорлик субъектлари мурожаатлари қай тарзда ўз ечимини топмоқда.


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири – бу тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш ҳисобланади.

Бу борадаги ишларни ташкилий жиҳатдан самарали амалга ошириш мақсадида Палата тизимида махсус бўлим ташкил этилиб, ҳудудий бошқармаларда эса аниқ ҳодим бириктирилган.

Мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши устидан доимий равишда назорат олиб борилмоқда. Бундан ташқари, ҳудудий бошқармаларда мурожаатлар билан ишлашнинг аҳволи мунтазам равишда Палата ҳодимлари томонидан ўрганиб чиқилади ва натижалари мухокама этилади.

Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг I-чорагида Палата тизимига жами 7150 та мурожаат келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 4522 таси Палатанинг вилоят ҳудудий бошқармалари ва жойлардаги тузилмаларига, 2628 таси Палатанинг Ижро этувчи қўмитасига келиб тушган.

Тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган ушбу мурожаатларнинг катта қисми қуйидаги масалаларда келиб тушмоқда.

Булар:

  • юридик кўмак, таъсис ҳужжатлари тайёрлаш –40%;
  • консультация ва маслаҳат хизматлари – 19%;
  • инвестиция ва хорижий ҳамкорларни жалб этишда кўмак – 7%;
  • маҳсулот ва хизматларини экспорт қилиш – 6%;
  • банк-молия, кредит, гаров таъминоти –5%;
  • бизнес режалар тайёрлаш – 5%;
  • тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ муаммоли масалаларга ҳуқуқий тушунтириш бериш –8%;
  • бўш турган бино-иншоотларни “ноль” қийматда олиш, аукцион савдоларида иштирок этиш, ер ажратилиши соҳасида – 2%;
  • ноқонуний аралашувлар – 5%;
  • инфратузилма тармоғидаги узилишлар – 3%.

2019 йилнинг январь-март ойларида Ижро этувчи қўмитасига келиб тушган жами мурожаатларнинг 2628 таси (98%) ўрнатилган тартибда кўриб чиқилган бўлиб, бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари томонидан келиб тушган 650 та (2%) мурожаат Палатанинг масъул ходимлари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, Президент Халқ қабулхонаси билан Палата ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, унда бугунги кунга қадар тадбиркорлик субъектларидан 40 та мурожаат келиб тушган бўлиб, Палата ваколати доирасида кўриб чиқилди.

Таъкидлаш лозимки, Палатанинг ҳудудий бошқармаларида тадбиркорларни бевосита қабул қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда ва тизимли равишда тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, Палата Ижро этувчи қўмитасига ташриф буюрган тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар жами 611 тани ташкил этган бўлиб, уларнинг 77 таси  (12,5%) Палата раҳбариятининг қабулларида бўлди ҳамда уларга ўрнатилган тартибда амалий кўмак бериш чоралари кўриб чиқилиб, аксариятининг масалалари ижобий ҳал этилди. Жумладан:

1. Тошкент вилояти Янгийўл туманида фаолият юритиб келаётган "МЕД ИЗЗАТ ФАЙЗ" МЧЖ раҳбари Т.Абдукадиров мурожаат қилиб, ажратиб берилган ер майдони Янгийул шаҳар ҳокимининг қарори билан олиб қуйилганлигини билдириб, ушбу масалада амалий ёрдам сўради. Мазкур мурожаат Палата ҳодимлари томонидан ўрганиб чиқилди ва Нурафшон шаҳар маъмурий судига туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ариза киритилди. Мазкур масала Палата ёрдамида тарафлар ўртасида тинч йўл билан ҳал этилди ҳамда Палата аъзосига ер майдони ажратиш тўғрисида Янгийўл туман ҳокимининг қарори чиқарилди.

2. Фарғона вилоятида фаолият олиб борувчи У.Фузаилов ер майдонига ижара шартномаси расмийлаштиришда амалий кўмак сўраган. Палата ҳодимлари ўрнатилган тартибда кўриб чиқди ва “Музаффарбобо” фермер хўжалигига 49 йил муддатга туман захирасидан ажратиб берилган ер майдонига ижара шартномаси расмийлаштиришда амалий ёрдам берилди.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Палата тизимида аъзоликдан қатъий назар барча тадбиркорларнинг мурожаатлари кўриб чиқилади ва улар ҳал қилинади.

Бу борадаги фаолиятимизда Палатага аъзо бўлган тадбиркорларнинг манфаатлари суд орқали ҳимоя қилинишига алоҳида эътибор қилинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида судларга киритилган даъво аризалари орқали 18.148 та тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

 

Ўз ССП Ахборот хизмати