16.04.2019 507

Ўз ССП да “Ҳакамлик судлари: амалиёт ва назария” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.


Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази томонидан 2019 йилнинг 15 апрель куни “Ҳакамлик судлари: амалиёт ва назария” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.

Давра суҳбатида марказнинг ва юридик таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг раиси, ю.ф.н., доц. Фозилжон Отахонов ўз маърузасида 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ижро этиш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтиришда Ҳакамлик судлари ўрни, Палата ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Ҳакамлик судларининг фаолияти тўғрисида батафсил тўхталди ҳамда улар томонидан кўриб ҳал қилинаётган ишлар сони йилдан йилга кўпайиб бораётганлигини таъкидлади. Хусусан, Ҳакамлик судлари томонидан 2018 йилда 6847 та ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 167,8 млрд. сўм, 6,9 млн АҚШ долларини ташкил қилган. Бу 2017 йилда кўрилган ишлар сонига нисбатан 4382 тага, 2016 йилга нисбатан эса - 5586 тага кўпдир.

“Давра суҳбати” кун тартибидаги масалалар савол-жавоблар асосида ҳар томонланма муҳокама қилинди. Жумладан, ҳакамлик судларининг оммалашувига тўсиқ бўлаётган муаммолар ва уларни ечими, ҳакамлик судлари ҳал қилув қарорларини бекор қилиш ва ижро варақалари бериш билан боғлиқ ишларни ваколатли судлар томонидан кўришнинг ўзига хос ҳусусиятлари, ҳакамлик судларининг ҳуқуқий асослари такомиллаштириш, ҳакамлик муҳокамасининг назарий жиҳатларини илмий тадқиқ қилиш ҳамда ушбу мавзуси бўйича амалий машғулотлар олиб бориш каби масалалар  батафсил  муҳокама қилинди.

 

Ўз ССП Ахборот ҳизмати