18.04.2019 2354

Ўз ССП да “Ташаббус-2019” кўрик-танловига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.


Бугун, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти cоврини учун ҳар йили ўтказилиб келинаётган “Ташаббус-2019” кўрик-танловига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказиладиган “Ташаббус-2019” кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш тўғриси"да 14 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг №278-Ф сонли фармойиши тасдиқланди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказиладиган “Ташаббус-2019” кўрик-танловини юқори савияда ташкил этиш мақсадида “Ташаббус-2019” кўрик-танлови босқичларининг ўтказилиш муддатлари белгиланди.

Кўрик-танлов босқичлари қўйидаги муддатларда ўтказилиши белгиланган:

- туман (шаҳар) босқичлари – 22 апрелдан 15 майга қадар;

- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари 20 майдан 12 июнга қадар;

- Республика босқичи 20-21 июнь кунлари: “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар саройида кўрик-танловнинг очилиш маросими ва кўргазмаси, 22 июнь куни кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими “Наврўз” ресторанида бўлиб ўтади.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда илғор натижаларга эришган, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва хўжалик юритишнинг бошқа соҳаларида ташаббус кўрсатаётган, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлашга, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган, тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар, жумладан ёш тадбиркорлар “Ташаббус-2019” кўрик-танловида иштирок этиши белгиланганлигини қайд этиб ўтишди.  

Кўрик-танлов қуйидаги асосий номинациялар бўйича ўтказилади ва танлов республика босқичи мутлақ ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини “Chevrolet-Spark” автомашиналари билан тақдирланади:

1. “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”;

2. “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”;

3. “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”;

4. “Йилнинг энг яхши фермери;

5. “Йилнинг энг яхши ҳунарманди”.

Ҳар бир босчқичда кўрик-танловнинг асосий йўналишлар бўйича 1, 2, 3-ўрин ғолиблари аниқланади.

Бундан ташқари кўрик-танлов республика ташкилий қўмитасининг қарорига асосан танлов иштирокчилари қуйидаги қўшимча номинацияларда ҳам тақдирланиши белгиланган:

1. “Энг яхши тадбиркор аёл” номинацияси. Бу номинацияда йил якунларига кўра юқори кўрсаткичларга эришган, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган тадбиркор, фермер ёки ҳунармандга берилади.

2. “Энг яхши инновацион лойиҳа” номинацияси. Бу номинация ғолиби ҳисобот йилида замонавий минитехнологиялар жалб этган, ишлаб чиқаришда илмий асосланган инновацион технологиялардан фойдаланган, ишланмалари патентланган ҳамда ички ва ташқи бозорда ўзининг машҳур брендига эга бўлган, ўз фаолияти давомида Ўзбекистон шон-шуҳратини оширган, ўзбек маҳсулоти брендини кенг танитган тадбиркор ёки фермерга берилади.

3. “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор” номинацияси. Бу номинация ҳисобот йилида корхонага 30 ёшгача бўлган ёшларни, доимий ишга жалб этган тадбиркор ёки фермерларга берилади. 

4. “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби” номинацияси. Бу номинация оилавий тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳада илғор натижаларга эришган тадбиркорга берилади.

5. “Энг яхши экспортчи” номинацияси. Бу номинация ишлаб чиқарган маҳсулот ёки хизмати экспортини йўлга қўйган тадбиркор, фермер ёки ҳунармандларга берилади.

6. “Йилнинг энг яхши маҳсулоти” номинацияси. Бу номинация маҳсулотининг аҳоли ўртасида ҳамда чет элда таниқлилик даражаси, маҳсулотнинг экспорт ҳажми, маҳсулот брендининг оригиналлиги, маҳсулотни реклама қилинганлик даражаси, маҳсулот қадоғининг ташқи таъсирларга чидамлилиги ва унинг сифат кўрсаткичлари юқори бўлган тадбиркор ёки фермерга берилади.

7. “Менинг юртим – менинг ифтихорим” номинацияси. Бу номинация хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳада илғор натижаларга эришган тадбиркор, фермер ёки ҳунармандга берилади.

8. “Энг масъулиятли ижтимоий шерик” номинацияси. Бу номинация ҳисобот даврида корхонада ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат соҳасига оид ҳуқуқ ва манфаатларни таъминлашда касаба уюшмаси қўмитаси ва ҳудуддаги бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган, танлов иштирокчилари бўлган тадбиркор ёки фермерга берилади.

9. “Энг яхши кўргазма намойиши учун” номинацияси. Бу номинация кўргазма давомида ўзининг маҳсулотлари намойишини юқори савияда ташкиллаштирган, маҳсулотлари кўргазмасига юксак масъулият ва юқори дид билан эътибор берган ҳамда стендини яхши тайёрлаган тадбиркор, фермер ёки ҳунармандга берилади.

10. “Энг намунали солиқ тўловчи” номинацияси. Бу номинация амалдаги солиқ қонунчилигига кўра корхона фаолияти бўйича белгиланган солиқ тўловларини ўз вақтида амалга ошириб келган, солиқ тўловлари борасида юқори билимга ва кўникмаларга эга танлов иштирокчилари бўлган тадбиркор ёки фермерга берилади.

11. “Туризм соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси учун” номинацияси. Бу номинация тадбиркорлик фаолияти орқали мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш борасида юқори натижаларга эришган, ўзига хос миллийликни акс эттирувчи маҳсулотлар яратган ва соҳада янги инновацион ғояларни амалиётга татбиқ қилган тадбиркор ёки ҳунармандга берилади.

Шунингдек, мазкур қўшимча номинициялар бўйича ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совринлар ва “Ташаббус” кўрик-танлови ташкилий қўмитасининг дипломи билан тақдирланади.

 

Ўз ССП Ахборот хизмати