19.04.2019 537

Президентлар Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес-форуми очилишида иштирок этди.


Мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес-форумининг очилиш маросимида иштирок этди. 

Форумда икки мамлакат иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, етакчи ишбилармонлари, тармоқ идоралари ва хўжалик юритувчи бирлашмалар вакиллари иштирок этди. Хусусан, Корея Республикасининг 150 та компания ва ташкилотидан 350 дан ортиқ вакиллар қатнашди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ва Корея Республикасини кўп йиллик мустаҳкам дўстлик, стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари боғлаб туради. Корея Республикаси Ўзбекистоннинг асосий хорижий ҳамкорларидан бири, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодиётни модернизация қилиш ва таркибий ўзгартириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспортни оширишга йўналтирилган кенг кўламли дастурларнинг сармоядори ва иштирокчиси ҳисобланади. Мамлакатимизда Жанубий Кореянинг етакчи банк ва компаниялари иштирокида қатор йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. 

Мамлакатимиз иқтисодиётидаги Корея инвестицияларининг умумий ҳажми 7 миллиард доллардан ошган. Корея миллий нефть корпорацияси, Эксимбанки, “Kogas”, «Lotte group», «Samsung», «Hundai», «Shindong resources» ва бошқа кўплаб етакчи компаниялари юртимизда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.

– Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар улкан ғоя ва лойиҳаларни ҳаётга дадил жорий этиш учун кенг имкониятлар очмоқда. Ўтган йили мамлакатимизда янги қўшма корхоналар сони 3 баробар кўпайди. Уларнинг орасида Корея капитали иштирокида ташкил этилган 160 та корхона мавжуд. Биз бундан буён ҳам Корея бизнесининг мамлакатимиздаги иштирокини кенгайтириш учун энг қулай шароитларни яратишга тайёрмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Корея Республикаси Президенти Ўзбекистон азалдан савдо, илм-фан, маданият маркази бўлгани, бугунги кунда ҳам бизнес учун кенг имкониятлар очилаётганини қайд этди. Жанубий Корея Ўзбекистондаги инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибалар билан ўртоқлашишга тайёр эканини билдирди. 

Форумда инфратузилмани ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама этилиб, янги истиқболли инвестиция лойиҳалари портфели тақдим этилди.

Жанубий кореялик тадбиркорларга мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш омиллари, инвестицияларни киритиш истиқболлари тўғрисида ахборот берилди. 

Ўзбекистон ва Корея тадбиркорларининг турли соҳалардаги қўшма лойиҳалари ва уларни амалга ошириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Форумда, шунингдек, янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар, уларнинг асосий кўрсаткичлари ва молиялаштириш манбалари кўриб чиқилди. 

Бизнес-форумда умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд бўлган муҳим келишувларга эришилди ва битимлар имзоланди. Улар энергетика, нефть-газ, химия ва тоғ-кон, машинасозлик ва электр техникаси, транспорт ва логистика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, инфратузилмалар, ахборот-коммуникация технологиялари, рақамли тиббиёт каби устувор йўналишларни қамраб олган.

«Ангрен» иқтисодий зонасини «Инчхон» эркин иқтисодий зонаси бошқарувига бериш, «Бўстонлиқ-фарм» ҳудудида энг зарур дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича келишувлар алоҳида эътиборлидир.

Президентимиз Корея ишбилармонларини мамлакатимиз иқтисодиётидаги янги имкониятлардан фаол фойдаланишга чақирди.

Шу куни пойтахтимизда икки мамлакат тадбиркорлари иштирокида Ўзбекистон – Жанубий Корея кооперация биржаси ҳам ўтказилди. 


Тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Корея Республикаси Савдо ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда икки мамлакат компаниялари ўртасида ўзаро савдо алоқаларини янада ривожлантириш, корхоналарни технологик қайта жиҳозлаш, қўшма корхоналар ташкил этиш каби қатор масалалар муҳокама қилинди.

 

Ўз ССП Ахборот хизмати