23.05.2019 488

Ўз ССП да Жамоатчилик экспертизаси кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.


Ўз ССП томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада эркинлаштириш ҳамда пул тушумлари устидан жамоат назоратини кучайтириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонинг муҳокамасига бағишланган Жамоатчилик экспертизаси кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиилишда бир қатор вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда 50 дан ортиқ тадбиркорлик субъекталари иштирок этишди.

Хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар натижасида тадбиркорик субъектлари сонини янада кўпайтириш ҳамда улар томонидан истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар турларини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Мамлакат иқтисодиётини узоқ муддатли ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган шароитда ахборот технологиялари воситасида истеъмолчилар, тадбиркорик субъектлари ва давлат солиқ хизмати органларининг уйғунлашган фаолияти алоҳида аҳамият касб этади.

Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада эркинлаштириш, унинг ҳажмини кескин ошириш, ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ушбу соҳадаги пул айланмаси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали тадбиркорлик субъектларининг бюджет олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажарилишини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги “Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ 3300-сон қарорига мувофиқ аҳоли билан нақд пулда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатиб бориш функциясига эга бўлган назорат-касса машиналарини (кейинги ўринларда – онлайн НКМ) босқичма-босқич жорий этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Марказий банки, Савдо-саноат палатасининг савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаларида аҳоли билан нақд пулда ва нақд пулсиз шаклда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатиб бориш функциясига эга бўлган маълумотлар алмашинуви платформаси – виртуал кассаларни (кейинги ўринларда – виртуал касса) онлайн НКМ қаторида жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

3. 2019 йил 1 июлдан:

а) хўжалик юритувчи субъектлар томонидан виртуал касса ёки онлайн НКМдан фойдаланилган тақдирда:

улар амалдаги фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарни қўллаш мажбуриятидан озод қилинади;

улар тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш доирасида товар (иш, хизмат)лар сотиб олиш ва хизматлар кўрсатиш мақсадлари учун кунлик нақд пул тушумини тўлиқ ўз ихтиёрида қолдириш ҳуқуқига эга;

уларга нисбатан кирим қилинмаган товарларни сақлаш учун жарима қилиш тартиби тадбиқ этилмайди;

хўжалик юритувчи субъект иш куни охирида кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтари мажбурий тартибда тўлдирилган ҳолда ҳар бир назорат-касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш тартиби бекор қилинади;

алкоголли маҳсулотларини умумий овқатланиш жойларида сотиш ҳуқуқи солиқ тўловчилининг шахсий кабинетида рўйхатга қўйиш орқали берилади ва уларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган ойлик йиғимлар ставкасининг 50% миқдори қўлланилади;

умумий овқатланиш корхоналари ягона солиқ ҳамда фойда солиғи ставкасининг 75 фоизи миқдорида солиққа тортилади;

уларга Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқиладиган виртуал касса дастурий таъминоти бепул берилади;

2019 йил 31 декабрга қадар ҳар бир касса учун онлайн НКМларини харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ ҳаражатлар тадбиркорлик субъектларининг кейинги солиқ тўловлари ҳисобидан, бироқ тўлов муддатида амалда бўлган энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтирилади. Бунда, онлайн НКМларини харид қилиш билан боғлиқ харажатлар умумбелгиланган солиқларни тўловчи тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи суммасидан, соддалаштирилган тартибда солиқларни тўловчи тадбиркорлик субъектлари учун ягона солиқ тўлови суммасидан ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ суммасидан чегирилади;

б) сотиб олинган товарлар (хизматлар, ишлар) учун харидорларга бериладиган чекларда товарлар (хизматлар, ишлар) номи, миқдори, қиймати, суммаси, шунингдек, қўшилган қиймат солиғи ставкаси ва суммаси кўрсатилиши шарт;

в) жисмоний шахс томонидан рўйхатдан ўтказилган чекларнинг жами суммаси унинг даромадининг 50 фоизидан юқори бўлган тақдирда, жисмоний шахснинг декларациясига мувофиқ даромад солиғининг 20 фоизигача, лекин бир календар йили давомида энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан ошмаган миқдордаги сумма солиқ тўловчига қайтариб берилади.

4. Белгилансинки:

жисмоний шахсларнинг банк тўлов карталари ёки чегирма (дисконт) карталарига ўтказилган бонуслар (пул, балл ва бошқа бирликлар) шаклидаги даромадлари (cashback) жисмоний шахсларнинг даромад солиғи базаси сифатида қаралмайди. Мазкур имтиёз оммавий оферта шартлари асосида амалга оширилмаган тақдирда татбиқ этилмайди;

уй хўжалигида, шу жумладан деҳқон хўжалигида етиштирилган ҳайвонларни тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб, маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда табиий ва қайта ишланган чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини сотишдан олинадиган даромадларни жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан озод қилишда релизация қилинган маҳсулот унга ёки унинг оила аъзоларига ажратилган ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш тартиби бекор қилинади;

электрон тижорат орқали сотишдан олган даромадлари умумий сотилган товарлар (хизматлар) ҳажмининг камида 80 фоизини ташкил этувчи, шу жумладан электрон тижоратда электрон савдо майдончалари, товарларни етказиб бериш, электрон ҳужжатлар ва хабарларни сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар фойда солиғи ставкасининг 50 фоизи миқдорида солиққа тортилади;

2019 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан хорижий банкларнинг халқаро пластик карталари воситасида битта чек учун энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан юқори қийматда товарлар харид қилинган тақдирда мазкур товарларга ноль даражали ставка бўйича қўшилган қиймат солиғи солинади ҳамда уларни сотишдан тушган тушум юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи базасидан камайтирилади.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

тадбиркорлик субъектлари томонидан виртуал касса ёки онлайн НКМ орқали тақдим қилинган чек (кейинги ўринларда – чек) QR ва рақамли код (кейинги ўринларда – махсус кодлар)га эга бўлади;

тадбиркорлик субъектлари томонидан виртуал касса ва онлайн НКМ орқали чек тақдим этмаслик ёки махсус кодларга эга бўлмаган чекларни тақдим қилиш ҳаракатлари фискал хотирали назорат-касса машиналаридан ва тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш тартибини бузиш ҳолатига тенглаштирилади
ва қонунчиликда белгиланган жавобгарликка тортишга асос бўлади;

чеклардаги махсус кодлар иштирокида ютуқли ўйин ташкил қилинади;

жисмоний шахслар махсус кодларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказиш орқали солиқ тушумлари ҳисобидан ўтказиладиган пул-буюм лотереялари ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади;

ютуқли ўйин жамғармасини ташкил этиш учун Давлат солиқ қўмитасида махсус ҳисоб рақам ташкил қилинади ҳамда унга савдо ва хизмат кўрсатиш, шу жумладан умумий овқатланиш корхоналаридан ундириладиган солиқ тўловлари суммасининг 0,1 фоизи йўналтирилади.

6. 2022 йил 1 январга қадар:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига хўжалик юритувчи суюъектлар томонидан импорт қилинадиган онлайн НКМ, уларнинг бутловчи қисмлари
ва фискал модуллар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) ва қўшилган қиймат солиғини тўлашдан;

хўжалик юритувчи суюъектларининг онлайн НКМ, уларнинг бутловчи қисмлари ва фискал модуллар ишлаб чиқариш, реализация қилиш оборотлари қўшилган қиймат солиғидан озод қилинсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 августга қадар муддатда чекларни рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар орасида ютуқли ўйинларни ўтказиш бўйича тартиб ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда тасдиқласин;

Унда қуйидагилар инобатга олинсин:

Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида пул-буюм лотереялари ютуқ жамғармаси миқдорини онлайн тарзда эълон қилиб бориш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимида чекларни рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар орасида мунтазам ютуқли ўйинлар ўтказиш;

Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг махсус кўрсатувида
пул-буюм лотереялари ўйинларини онлайн трансляция қилиш орқали кенг оммага ёритилишини таъминлаш.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бир ойлик муддатда:

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан сотилган маҳсулотлар (ишлар
ва хизматлар) бўйича маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатишни таъминловчи виртуал кассанинг дастурий таъминотини ишлаб чиқсин ва жорий қилсин;

харидорлар томонидан чекнинг махсус кодларини мобил дастурий иловалар ва SMS хабар юбориш орқали давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга олиш тизимини жорий қилсин;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланиши рухсат этилган виртуал касса ва онлайн НКМларининг Давлат реестрини юритиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқини солиқ тўловчининг персонал кабинети орқали бериш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдқилаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Йиғилиш давомида мазкур Фармон лойиҳаси Жамоатчилик экспертизаси кенгаши вакиллари ҳамда тадбиркорлар ўртасида кенг тарзда муҳокама қилинди ҳамда лойиха юзасидан тегишили таклифлар ишлаб чиқилди. 

 

Ўз ССП Ахборот хизмати