31.05.2019 1268

ЎзССПда “Ўзбекистон-Эстония” бизнес-форуми ва «В2В» форматидаги учрашув бўлиб ўтди.


2019 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан хамкорликда Ўзбекистон-Эстония бизнес-форуми ва икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари ўртасида «В2В» форматидаги учрашув бўлиб ўтди.

Асосий мақсад - савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация ва ахборот технологиялари соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат.

Эстония делегацияси таркибида ўндан ортиқ этакчи компаниялар, шу жумладан инфратузилма ва логистика ва АКТ компанияларининг вакиллари иштирок этди.

Эстония иқтисодиёт ва коммуникациялар вазири Таави Аас, Эстония Ўзбекистонни минтақадаги асосий ҳамкор сифатида кўриб чиқаётганини ва самарали ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш суръатлари, бизнес алоқаларни ривожлантириш учун яхши асос бўлиб хизмат қилиши эътироф этилди.

Эстония ишбилармон доиралари делегациясининг ташрифининг асосий мақсади савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш ва потенциал имкониятларни биргаликда кўриб чиқишдан иборат экани қайд этилди.

Форум давомида икки мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, савдо, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдим этилди.

Икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирокидаги «В2В» учрашувида Ўзбекистон ва Эстония ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари, жумладан, икки мамлакат корхоналарининг ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш бўйича ўзаро фикр алмашилди. Унда мамлакатимизда фаолият юритувчи 30 га яқин тадбиркорлик субъектлари ҳамда Эстониянинг 10 дан ортиқ етакчи компания вакиллари иштирок этди.

Музокараларнинг асосий мавзуси транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик, кимё саноати, ахборот технологиялари ва бошқа қатор соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бўлди. Ўзбекистон-Эстония савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, жумладан, Ўзбекистон ва Эстония корхоналари ўртасида шериклик муносабатларини чуқурлаштириш бўйича фикр алмашиш масалалари хам муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикасида Эстония сармоядорлари иштирокида 8 та корхона фаолият юритмоқда, улардан 2 таси 100% Эстония капитали билан.

Битта Эстония компанияси ваколатхонаси аккредитация қилинган. Фаолиятининг асосий йўналишлари қурилиш материаллари, машинасозлик (автомобиллар ва тракторлар учун трейлерлар), электр ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш хизматларини тақдим этиш ҳисобланади.