03.06.2019 537

ССП раиси А.Икрамов рахбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи Сурхондарё вилоятида бўлиб, тадбиркорлар билан учрашмоқда.


Президентимизнинг жорий йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини жойларда кенг тушунтириш ва учрашувлар ўтказиш бўйича ССП раиси А.Икрамов бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи Сурхондарё вилоятида бўлиб, тадбиркорлар билан учрашмоқда.

Фармон ижросини таъминлаш учун Бош вазир томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, уни изчил амалга ошириш чора-тадбирлари белгилаб олинди. Жумладан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи аъзоларининг Термиз шаҳрида ўтказган учрашувида республика ва вилоятдаги мутасадди идоралар раҳбарлари, Термиз, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Ангор тумани ва Термиз шаҳри тадбиркорлари иштирок этди.

Учрашувда ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий юксалтиришдаги ўрни тадбиркорларга атрофлича тушунтирилди. Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенгроқ жалб этишга тўсқинлик қилувчи давлат органларининг тадбиркорлар билан мулоқот қилишининг амалий ва шаффоф тизими яратилмагани билан боғлиқ салбий омиллар таҳлил қилинди.

Ишчи гуруҳ вакиллари тадбиркорларнинг таклиф ва муаммоларини тинглаб, масъуллар ҳамкорлигида уларнинг ечимини топишга ҳаракат қилди. Жумладан, Термиз шаҳрида яшовчи тадбиркор Э.Самадов мурожаат этиб, қариндошлари билан ўз маблағларини сарфлаб, тўрт қаватли замонавий иншоот барпо этганини айтди. Унинг мақсади аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни йўлга қўймоқчи. Бунинг учун хориж давлатларининг замонавий ускуналарини сотиб олишда кредит маблағига эҳтиёж сезмоқда. Шу туфайли у янги лойиҳа учун 250 минг доллар миқдорида кредит олишда ёрдам сўради. Бу масалани Марказий банк вилоят бош бошқармаси ўрганиб, тез кунларда ҳал этадиган бўлди.

– Ўтган йили тожикистонлик ҳамкорларимиз билан қўшма корхона қурмоқчи бўлдик, – дейди Жарқўрғон туманида яшовчи А.Аллабердиев. – Бу ерда аҳолини сиқилган газ билан таъминлашни мўлжаллаганмиз. Бу ишга қўшни давлатдаги ҳамкоримиз 80 минг доллар сармоя киритди. Шундан сўнг ҳокимлик қурилиш учун ер майдони ажратмади. Беш ойдан буён маҳаллий раҳбарларга мурожаат қилавериб, чарчадим. Бизга ким ёрдам беради?

Учрашувда бу масала ҳам Жарқўрғон тумани ҳокими, архитектура, ер кадастри ва бошқа тегишли идоралар иштирокида муҳокама этилди. Етти кунда туман ва вилоят даражасида ҳал этиш тавсия қилинди.

Янги тизим бўйича етти кунгача масала ўз ечимини топмаса, Вазирлар Маҳкамасида ҳал этилади, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси, ишчи гуруҳ раҳбари А.Икромов. – Адолат оқсамаса, шаффофлик бўлса, бу тизим яхши ишлайди. Бугун мурожаатларни эшитиб, уларнинг аксарияти шаҳар, туман даражасида ечиладиган муаммолар экани маълум бўлиб қолди. Бу ишнинг ечимини излаб, тадбиркор неча раҳбарнинг эшигида сарғайган. Чунки ҳозиргача уларнинг дарду ташвишларини биргаликда тинглаб, тўғри ҳал этадиган механизм йўқ эди.

Мутахассислар томонидан кун давомида ўттиздан ортиқ тадбиркорнинг мурожаати тингланиб, ечимини топиш чоралари кўрилди. Аксарияти жойида ҳал этилди.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов иштирок этди.