03.06.2019 821

“Ташаббус – 2019” кўрик-танловининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.


 31 май куни Термиз туманидаги “Отчопар” майдонида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида аънанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Ташаббус – 2019” кўрик-танловининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят фермерлар кенгаши ва “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлими ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган танловда 69 та тадбиркорлик субъекти томонидан тўқимачилик ва тикувчилик, қурилиш саноати, хомашёни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги, маҳаллийлаштириш дастурига кирган маҳсулотлар, миллий ҳунармандлик буюмлари намойиш этилди.

Сурхондарё вилояти ялпи ҳудудий маҳсулоти таркибида ҳам тадбиркорлик субъектларининг улуши ортмоқда. 2018 йилда бу кўрсаткич 79,4 фоизни ташкил этди. Айни пайтда вилоятда фаолият юритаётган 22,5 мингдан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажми ва тури йил сайин кенгайиб, сифати ошмоқда. Бу танлов доирасида ташкил этилган кўргазмаларда ҳам яққол намоён бўлди.

Танловда Олтинсой туманидаги “Султон шарбатлари” агрофирмаси раҳбари Икром Султонов “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, Денов туманидаги “Денов-Диёрбек-транс” МЧЖ раҳбари Маҳбуба Мирзаева “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, бойсунлик Назокат Собирова “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”, Денов туманидаги “Меҳнат - фаровон ҳаёт” фермер хўжалиги раҳбари Абдусамад Норбоев “Йилнинг энг яхши фермери”, Бойсун туманидан тадбиркор Санобар Арипова “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналишларида ғолибликни қўлга киритди ва танловнинг Республика босқичига йўлланма олди.

Шунингдек, танловда “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши инновацион лойиҳа”, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Энг яхши экспортчи”, “Энг масъулиятли ижтимоий шерик”, “Йилнинг энг яхши маҳсулоти”, “Энг яхши кўргазма намойиши учун”, “Туризм соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси учун” ва “Менинг юртим – менинг ифтихорим” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирок этди.

 

Ўз ССП Ахборот хизмати