15.06.2019 493

"ТАШАББУС – 2019" Ташаббускорлар ташаббуси билан ғолиб бўлади.


Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиб келинаётган анъанавий “Ташаббус” кўрик-танловининг Жиззах вилояти босқичи якунланди.

Кўрик-танловнинг саралаш босқичларида мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси намоён бўлди.

Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида кичик бизнес субъектлари томонидан 1 триллион 184 миллиард 900 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шу йилнинг ўтган даврида 1 минг 288 та кичик бизнес субъектларига банклар томонидан 497,6 миллиард сўмлик кредитлар берилди. Шунингдек, “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасида 17 минг 747 оилага 274,4 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.

“Ташаббус” кўрик-танловининг вилоят босқичи тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар маҳсулотларининг кўргазмаси билан бошланди.

Ғолибларни аниқлашда нафақат ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, балки маҳсулотнинг сифати, рақобатбардошлиги ва экспортбоплигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шу талабларга мос фаолият кўрсатаётган Фориш туманидаги “Mega Invest Industrial” корхонаси раҳбари Фаррух Шодмонов “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, Зомин туманидаги “Sof marvarid ummoni” корхонаси раҳбари Абдувоит Амонов “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори”, Дўстлик туманидаги “NODIRA CHEVAR” хусусий корхонаси раҳбари Нодира Мелибоева “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”, Пахтакор туманидаги “Metin bardoshi” фермер хўжалиги раҳбари Муҳаббат Ўролова “Йилнинг энг яхши фермери”, Жиззах шаҳридан Малика Эгамқулова “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” деб топилиб, кўрик-танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Давлатимиз томонидан тадбиркорларнинг қўллаб-қувватланаётгани туфайли банк кредитларидан фойдаланиб, корхонамизни хорижнинг энг замонавий технологиялари билан жиҳозлашга муваффақ бўлдик, – дейди Нодира Мелибоева. – Корхонамизда 25 киши меҳнат қилаётир. Айни пайтда 30 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотимиз нафақат ички бозор, балки хорижлик харидорлар талабига ҳам жавоб бераётир. Ушбу кўрик-танловда ғолиб чиқишимиз бизни янги ютуқлар сари рағбатлантирмоқда.

Ғолиблар фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

 

uza.uz