17.06.2019 478

ШҲТ саммити – муштарак мақсадлар рўёби учун қулай мулоқот майдони​.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13-14 июнь кунлари Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бўлиб, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг ўн тўққизинчи мажлисида иштирок этди.

Саммитнинг асосий тадбирлари 14 июнь куни "Ала-арча" қароргоҳида бўлиб ўтди. Дастлаб давлат раҳбарлари тор доирада учрашдилар.

Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков раислигида ўтган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон иштирок этди.

Томонлар ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга, сиёсат, иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга оид ҳамда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.

ШҲТ Бош котиби Владимир Норовнинг ташкилот фаолиятига доир ҳисоботи тингланди.

Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида ташкилотга аъзо мамлакатлар билан бирга кузатувчи, мулоқот бўйича шерик мақомидаги давлатлар, халқаро ташкилотлар делегациялари раҳбарлари қатнашди. Унда ШҲТни ривожлантиришнинг истиқболдаги йўналишлари, муҳим минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди. Иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари ва кўп томонлама кооперациянинг бошқа жиҳатлари кўриб чиқилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

ШҲТ доирасида ташкил этиладиган турли мақомдаги учрашувлар Ўзбекистоннинг стратегик мақсадларини рўёбга чиқариш учун қулай майдондир. ШҲТ минтақасидаги транспорт коммуникациялари мамлакатимизнинг жаҳон бозорига чиқишида муҳим омил бўлса, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар юртимиз иқтисодиётини ривожлантириш, юқори технологияли корхоналар ташкил этишга хизмат қилади. Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик минтақавий тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлайди.

Бинобарин, Ўзбекистон ШҲТ доирасидаги барча тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ШҲТнинг Остона (2017) ва Циндао (2018) саммитларида илгари сурган таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, изчил амалга оширилмоқда.

Хусусан, Циндаода Давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қабул қилинди, ўтган йилнинг сентябрида Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар темир йўл бўйича идоралари раҳбарларининг биринчи учрашуви ўтказилди. Президентимизнинг қарорларига мувофиқ пойтахтимизда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази таъсис этилди, Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” халқаро туризм университети очилди. Жорий йилнинг иккинчи ярмида эса аъзо давлатлардаги ёшлар ташкилотлари иштирокида Ахборот технологиялари ва инновацион ривожланиш ҳамда Стартап ташаббуслари ва лойиҳалари бўйича форумлар ўтказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида минтақага доир долзарб масалаларга эътибор қаратиб, уларни ҳал этиш бўйича амалий таклифлар билдирди.

Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Бишкек декларацияси қабул қилинди. Аъзо мамлакатлар ўртасида турли соҳалардаги шерикликни ривожлантириш, ШҲТнинг бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорлигига доир 22 та ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон Президентининг таклифига мувофиқ, ШҲТга аъзо мамлакатларнинг Рақамлаштириш ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорлиги концепцияси ҳамда Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш дастури қабул қилинди.

ШҲТга раислик Россия Федерациясига ўтди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда саммит самарали ўтгани, имзоланган ҳужжатлар ташкилотни янада ривожлантириш, минтақа мамлакатлари ва халқларини тараққиёт йўлида жипслаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Саммит доирасида ШҲТ Ёшлар кенгашининг мажлиси ҳам бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Хитой, Россия ва Тожикистондан ёшлар ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда минтақа ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим сифатини яхшилаш, ўзаро тажриба алмашишига имконият яратиш, тадбиркорлик лойиҳалари ва инновацион ғояларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш каби қатор масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу куни Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг саммитида иштирок этиш учун Бишкекдан Душанбега жўнаб кетди.