26.06.2019 495

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида матбуот анжумани ташкил этилди.


Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5718-сон Фармони  билан тадбиркорлар, шу жумладан хорижий инвесторларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг алоҳида тартиби ўрнатилди, ҳар бир мурожаатнинг ҳаракатланишини кўриш ва таҳлил қилиш имконини берувчи ягона электрон тизим жорий этилди. Мурожаатларни қайд этиш ягона платформаси (business.gov.uz) жорий йил 1 июнь кунидан ишга туширилди.

Фармон талабларига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳамда туман (шаҳар)ларда “Давлат хизматлари марказлари”дан жой ажратилиб,
Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилди, штатлар бирлиги бўйича кадрлар, оргтехника, мебел, алоқа воситалари, интернет тармоқлари ва бошқа зарурий жиҳозлар билан таъминланди.

Тизимда кўзда тутилгандек, тадбиркорлар Бош Вазирга бевосита жойлардаги Қабулхоналар, Интернет сахифа (business.gov.uz), шунингдек Савдо-саноат палатаси Call Center (1100) хизматига қўнғироқ қилиш орқали мурожаат этишларига имкон яратилди.

Барча келиб тушган мурожаатлар ягона мурожаатлар портали маълумотлар базасида жамланади ва мурожаатда кўрсатилган масалаларни кўриб чиқиш, тахлил қилиш ва ҳал қилиш учун тегишли ваколатли ходимлар, ташкилот ва давлат органларига йўналтирилади. Масъул идоралар томонидан мурожаатлар қисқа (2 кун) ва ўрта (7 кун) муддатларда кўриб чиқилмоқда.

Фармоннинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш ва мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида Савдо-саноат палатаси раиси ва Адлия вазири раҳбарлигида бевосита тадбиркорлик масалаларига даҳлдор 51 та вазирлик, идора ва ташкилот мутасаддиларидан иборат иккита республика Ишчи гуруҳи ва ҳудудий Ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, улар томонидан 1-23 июнь кунлари республикамизнинг барча туман ва шахарларида тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди.

Хусусан, Савдо-саноат палатаси раиси раҳбарлигидаги республика Ишчи гуруҳи томонидан Палатага бириктирилган 7 та ҳудудда ўтказилган учрашувларда 5 877 нафар тадбиркор (Сурхондарёда 680, Қашқадарёда 414, Андижонда 717, Наманганда 456, Фарғонада 488, Тошкентда 1 808, Самарқандда 1014) иштирок этди.

Учрашувларда тадбиркорларга Фармоннинг мазмун моҳияти презентация материаллари билан тушунтирилди ҳамда фаолиятида юзага келаётган муаммоли масалалари очиқ мулоқот тарзда ўрганилди.

Учрашувларда 1 652 нафар тадбиркор томонидан жами 1 658 та (Сурхондарёда 237, Қашқадарёда 295, Андижонда 98, Наманганда 85, Фарғонада 70, Тошкентда 557, Самарқандда 316) муаммолар кўтарилиб, шундан:

  • 635 таси (Сурхондарёда 70, Қашқадарёда 128, Андижонда 75, Наманганда 36, Фарғонада 24, Тошкентда 187, Самарқандда 115) ёки 38.3 фоизи туман (шаҳар) даражасидаги;
  • 740 таси (Сурхондарёда 126, Қашқадарёда 96, Андижонда 15, Наманганда 44, Фарғонада 28, Тошкентда 315, Самарқандда 116) ёки 44.6 фоизи вилоят даражасидаги;
  • 283 таси (Сурхондарёда 41, Қашқадарёда 71, Андижонда 8, Наманганда 5, Фарғонада 18, Тошкентда 55, Самарқандда 85) ёки 17.1 фоизи республика даражасида ҳал этиладиган масалалар эканлиги қайд этилди.

Тадбиркорлар томонидан кўтарилган муаммолар таҳлилига кура:

  • 757 таси (Сурхондарёда 133, Қашқадарёда 189, Андижонда 57, Наманганда 32, Фарғонада 22, Тошкентда 149, Самарқандда 175) ёки 45.6 фоизи – банк, молия, гаров таъминоти;
  • 330 таси (Сурхондарёда 64, Қашқадарёда 43, Андижонда 34, Наманганда 32, Фарғонада 17, Тошкентда 99, Самарқандда 41) ёки 20,0 фоизи – ер ва бино-иншоот ажратиш;
  • 187 таси (Сурхондарёда 8, Қашқадарёда 9, Наманганда 3, Фарғонада 2, Тошкентда 149, Самарқандда 16) ёки 11.2 фоизи – коммунал тизимга уланиш, архитектура ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш;
  • 72 таси (Сурхондарёда 13, Қашқадарёда 13, Андижонда 1, Наманганда 6, Фарғонада 2, Тошкентда 24, Самарқандда 13) ёки 4.3 фоизи – рухсатнома ва лицензия олиш;
  • 48 таси (Қашқадарёда 5, Наманганда 3, Фарғонада 3, Тошкентда 37) ёки 2.9 фоизи – мулкни расмийлаштириш;
  • 20 таси (Сурхондарёда 7, Қашқадарёда 1, Наманганда 1, Фарғонада 1, Тошкентда 2, Самарқандда 8) ёки 1.2 фоизи – хом-ашё ресурсларига эга бўлиш;
  • 16 таси (Сурхондарёда 5, Андижонда 5, Фарғонада 5, Самарқандда 1) ёки 1,0 фоизи – мансабдор шахсларнинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят;
  • 228 таси (Сурхондарёда 7, Қашқадарёда 35, Андижонда 1, Наманганда 8, Фарғонада 18, Тошкентда 97, Самарқандда 62) ёки 13.8 фоизи - бошқа масалалар ташкил этди.

Тадбиркорлар томонидан кўтарилаётган барча масалалар Бош вазир Қабулхонаси ягона электрон тизимига (business.gov.uz) киритилиб, белгиланган тартибда назорати ўранатилиб, ҳал этилмоқда.

 

Ўз ССП Ахборот хизмати