28.06.2019 245

Энергия ресурслари ва ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш – фаровон турмуш пойдевори гарови


Мамлакатимизда янада қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, иқтисодиётнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, тадбиркорларнинг ташқи иқтисодий фаолиятга кенг жалб қилиш, маҳаллий махсулотларни жахон бозорига чиқишига кўмаклашиш, ички ва ташқи инвестицияларни жалб қилиш борасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ўз ваколатлари доирасида кенг чора-тадбирлар изчил равишда олиб борилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳонга очилди, бизнес-мухитни яхшилаш бўйича мустахкам ҳуқукий пойдевор яратилмоқда, фаол хорижий инвестициялар жалб қилинмоқда. Мазкур инвестициялар тўғри ва тўлик ўзлаштирилиши, мамлакатимиз жаҳон хамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллашини таъминлаш учун бизнес хамжамияти ўртасида қонунбузарликлар, биринчи навбатда жиноятлар содир этилишини олдини олиш зарур ва бизнес бундай иллатдан холи бўлиши шарт.

Олиб борилаётган барча сайъи-ҳаракатлар бизнес қонуний, халол ва шаффоф бўлишлигига қаратилган. Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қонунбузарликларнинг аксарияти тадбиркорлар томонидан қонун талабларини билмаган ҳолда содир этилмоқда.

Қонунбузарликларга бахо беришдан аввал давлат ва тадбиркорлар ўртасидаги муносабатларга алохида эътибор қаратиш лозим, яъни айрим холатларда тадбиркорнинг ўзи ўз мақсадларига тез ва осон эришиш учун давлат органлари вакиллари билан ноқонуний алоқаларга киришишга харакат қилади, давлат органлари мансабдор шахсларига йўл қидиради.

Иккинчиси - давлат органлари тадбиркорларни ноқонуний муносабатларга киришишга мажбур қилади. Шунинг учун қонунчиликда ҳар иккала томонга хам жавобгарлик белгилаб қўйилган.

Энергия ресурслари ва сувдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун МЖтКнинг 101 ва 163-моддалари ҳамда ЖКнинг 185-2 моддасида жавобгарлик белгиланган.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, ҳуқуқни мухофаза қилувчи ва назорат органлари ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, улар томонидан аниқланган тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги статистик маълумотлар ҳамда уларнинг сабаблари ва содир этилишига имкон яратаётган шарт-шароитлари тўғрисидаги таҳлилий маълумотлар тизимли равишда Палатага тақдим этилиб келинмоқда.

Ўз навбатида Палата томонидан мазкур маълумотлар умумлаштирилиб, Палатанинг веб-сайти, тадбиркорлар билан ўтказилаётган учрашувлар, семинарлар, бошқа оммавий тадбирлар ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали тадбиркорлик ҳамжамияти эътиборига етказиб келинмоқда.

Савдо-саноат палатаси томонидан ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлардан маълумотлар олиниб, тадбиркорлар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиши ва қонунга риоя этилиши аҳволи таҳлил қилинди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, баъзи бир тадбиркорлар мазкур соҳани тартибга соладиган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини етарли даражада тушуниб етмай ёки қасддан уларни менсимасдан бузишга ёки ноқонуний муносабатларга киришиб, айланиб ўтишга уринмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан энергия ресурслари ва сувдан оқилона фойдаланишни таъминлаш, ушбу йўналишдаги қонунбузарликларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Мажбурий ижро Бюро томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан, Бюро ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан 2018 йил мобайнида тадбиркорлик субъектлари томонидан энергия ресурслари ва сувдан ноқонуний фойдаланишга оид 5048 та қонунбузарлик ҳолатлари ва улар оқибатида 29773,3 млн. сўмлик зарар етказилганлиги аниқланган ва шундан 17975,9 млн. сўми (60,4%) ундирилган.

Аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари тадбиркорлик субъектлари кесимида таҳлил қилинганда, МЧЖ (1525 та ёки 30,2%, зарар 16382,1 млн. сўм) ЯТТ (1264 та ёки 25,0%; зарар 3029,1 млн. сўм) фермер хўжаликлари (971 та ёки 19,2%; зарар 4320,1 млн. сўм) хусусий корхоналар (560 та ёки 11,1%; зарар 12521,2 млн.сўм), АЖ (73 та ёки 1,4%; зарар 546,5 млн.сўм), деҳқон хўжаликлари (33та ёки 0,8%, зарар 395,6 млн.сўм), бошқа субъектлар (622 та ёки 12,3%; зарар 2578,4 млн.сўм) ҳиссасига тўғри келди.

Қонунбузарлик ҳолатлари вилоятлар кесимида таҳлил қилинганда, уларнинг 33% Фарғона водийси вилоятларида (1663 та), 21,4% Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида (1078 та), 15,3% Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятларида (770 та), 13% Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида (652 та), қолганлари бошқа вилоятларда содир этилган.

Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида аксарият қонунбузарликлар МЧЖлар, Жиззах, Навоий, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистонда – фермер хўжаликлари, Фарғона, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида ЯТТлар томонидан содир этилган.

Юқорида аниқланган ҳолатлар юзасидан қонуний қарорлар қабул қилиниши таъминланган, жумладан тадбиркорлик субъектлари томонидан энергия ресурслари ва сувдан ноқонуний фойдаланиб келганлик ҳолатлари бўйича ЖКнинг 185-2-моддаси (“Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопро-воддан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан 96 та жиноят иши, МЖтКнинг 101 (Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) ва 163-моддаси (Водопровод, канализация тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан 4797 та маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар қўзғатилган ҳамда жиноий жавобгарликни келтириб чиқарувчи 155 та ҳолатда етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлиги сабабли ЖПКнинг 84-моддаси 1-қисми 8-бандига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Содир этилган қонунбузарликларни келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, улар тадбиркорлик субъектлари томонидан қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти етарлича тушуниб етилмаганлиги боис уларга амал қилинмаганлиги, қонунбузарликларнинг  аксарият қисми истеъмол қилинган электр энергияси, сув ва газ ҳажмини камайтириб кўрсатиш мақсадида ҳисоблагичларга ташқи таъсир кўрсатиш, таъминотчи билан шартнома тузмасдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, ҳисоблагични айланиб ўтиб тизимга тўғридан тўғри уланиб олиш, электрон ҳисоблагичлар хотирасига махсус компьютер дастури орқали таъсир ўтказиш йўллари билан содир этилганини кўриш мумкин. 

Хусусан, қонунбузарликлар: 

- МЧЖлар томонидан энергия ресурслари ва сувдан фойдаланиш қоидаларига амал қилмаслик, турли йўллар орқали энергия ресурсларини кўпинча кўз билан кўриб бўлмайдиган мураккаб схемали тармоққа уланиш орқали талон-торож қилиб, тўловларни кам миқдорда тўлаш мақсадида;       

- ЯТТлар томонидан энергия ресурслари ва сувдан фойдаланиш қоидаларига амал қилмаслик, шартнома тузмасдан ўзбошимчалик билан тармоқларга уланиш оқибатида, умуман тўловларни тўлашдан бош тортиш ва кўпроқ даромад олиш мақсадида;  

- фермер хўжаликлари томонидан асосан мавсумий даврларда фойдаланилган энергия ресурслари учун тўлашдан бош тортиш мақсадида рўйхатдан ўтмаган ҳисоблагичлардан фойдаланиш йўли билан;

- Акционерлик жамиятлари томонидан таъминотчи корхоналар томонидан етарли даражада тушунтириш ишлари олиб борилмаганлиги ҳамда ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги оқибатида содир этилган.         

Энергия ресурслари ва сувдан фойдаланиш соҳасида қонунбузилиш холатларининг олдини олиш ва уларга чек қўйиш учун ушбу йўналишда энг аввало профилактика ишларини тўғри ташкил қилиб тизимли равишда олиб бориш мухим аҳамият касб этади.

Биринчи навбатда фуқаролар онгида мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб халқимизнинг бебахо бойлиги бўлмиш табиий газ, электр ва иссиқлик энергияси, ичимлик суви инсон ҳаётида қандай ўрин тутиши, уларни истеъмолга тайёр ҳолатга келтиришда қанчадан қанча инсонлар мехнати сингиши, ушбу табиий бойликларимиз бугунги ва келгуси авлодларнинг муносиб ҳаёт кечиришида аҳамиятини чуқур англаб етиш туйғусини сингдириш, улардан тежамкорлик билан фойдаланиш маданиятини шакллантириш зарур;

Иккинчидан, ўқув ва меҳнат жамоаларида мазкур мавзуга бағишланган тарғибот-ташвиқот ишларини кенг олиб бориш, кўргазмали материаллар, видеороликларни ишлаб чиқариш ишларини жонлантириш мақсадга мувофиқ;

Учинчидан, оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланган ҳолда шу тоифадаги аниқланган қонунбузарликлар тафсилотлари, уларни содир этган шахслар ва бунинг салбий оқибатлари ҳақидаги маълумотларни кенг жамоатчилик эътиборига етказиб бориш.

 

Ўз ССП Ахборот хизмати