17.07.2019 583

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари


2019 йил 16 июлда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси юридик хизмати ходимлари, Ҳакамлик суди судьялари, ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг юридик масалалар бўйича ўринбосарлари, сектор мудирлари Ҳакамлик судлари раислари, бошқарма ва бўлим бошлиқлари иштирокида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган видеоконференция бўлиб ўтди.

Йиғилишни Ўз ССП раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов очиб, Палатанинг энг муҳим вазифаларидан бири унга аъзо бўлган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш эканлигини таъкидлади ҳамда бу борада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифаларга батафсил тўхталди.

Ўз ССП ҳузуридаги Ҳакамлик судининг раиси Фозилжон Отахонов  Ҳакамлик судларининг 2019 йил 6 ойдаги фаолияти якунлари ва Ҳакамлик судлари олдида турган долзарб масалалар тўғрисида маъруза қилди.

Ўз ССП вa унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган Ҳакамлик судлари томонидан муайян ишлар ишлар амалга оширилган.

Биринчидан, Ҳакамлик судлари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда ЎзР ССП Ижроия қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари томонидан тасдиқланган доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судларининг қоидалари - доимий фаолият кўрсатувчи Ҳакамлик судининг низоми ва регламенти, шунингдек ҳакамлик йиғими тўғрисидаги низомлар асосида ва коррупцияга йўл қўймаган холда  юритаётганлигини таъкидлаш лозим.

Иккинчидан, ҳозирги кунда Ўз ССП ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган 15 та Ҳакамлик судларининг судьялари рўйхатига 146 та юқори малакали мутахассислар киритилган бўлиб, улардан 6 таси юридик фанлари доктори, профессор, 6 таси юридик фанлари номзоди, доцент, 2 таси иқтисод фанлари номзоди, доцентдир.

Учинчидан, сўнгги йилларда Палата раҳбарияти ва Ижроия қўмитаси томонидан Ҳакамлик судлари фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2017-2019 йиллар мобайнида ЎзР ССП Ижроия қўмитаси томонидан Палата тизимидаги Ҳакамлик судлари фаолиятига оид 9 та қарор қабул қилинганлиги бунга яққол мисол бўла олади.

Тўртинчидан, ЎзР ССП Ижроия қўмитасининг қарори билан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш, палата аъзолари ва ходимларнинг бу борадаги ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида Палата тизимида ҳар ойнинг сўнгги сешанба куни "Ҳакамлик суди" куни муносабати билан тасдиқланган режа асосида видеоконференциялар ўтказилмоқда. Унда нафақат Ҳакамлик судлари раислари ва ходимлари, балки ЎзР ССП Раисининг ўринбосарлари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ҳам иштирок этаётганлиги ижобий натижа бермоқда.

Бешинчидан, Ҳакамлик судларининг раислари ва судьялари  жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида 400 дан ортиқ халқаро, республика, вилоят миқёсидаги илмий-амалий анжуманларда маърузалар билан иштирок этдилар, уларнинг 35 дан ортиқ мақолалари газета ва журналларда, илмий-амалий конференциялар материаллари тўпламларида ва интернет нашрларда чоп этилди ҳамда улар 15 дан ортиқ радио эшиттиришлар, 10 дан ортиқ телекўрсатувларда иштирок этдилар. Шунингдек ҳакамлик судьялари томонидан тадбиркорлик субъектларида турли учрашувлар ташкил қилинмоқда ва уларда Ҳакамлик суди орқали низоларни ҳал қилишнинг афзалликлари тушунтирилмоқда, буклетлар манфаатдор ташкилотлар раҳбарлари ва юридик хизмат ходимларига тарқатилмоқда.

Ҳакамлик судлари фаолиятини тизимли равишда мувофиқлаштириш ва кенг кўламли ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилаётганлиги, шунингдек,  Палата аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектларига яратилган имтиёзлар натижасида Ҳакамлик судларига даъво аризалари билан мурожаатлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган Ҳакамлик судлари томонидан 2007–2019 (6 ойи) йиллар мобайнида  жами 22058 та ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 764,5 млрд. сўм, 55,6 млн. АҚШ доллари, 195,1 минг Еврони ташкил қилган.

Мазкур Ҳакамлик судлари томонидан 2017 – 2019 йиллар (6 ойи) мобайнида жами 14077 та ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 375,2 млрд. сўм, 12,9 млн. АҚШ доллари, 875 минг Еврони  ташкил қилган. Бу 2007 – 2016 йиллар давомида кўрилган (7981 та) ишларга нисбатан деярли 2 баравар кўп демакдир.

2019 йилнинг 1-ярим йиллиги мобайнида Ҳакамлик судлари томонидан  4765 та ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 93,2 млрд. сўм, 482,7 минг АҚШ доллари ва 875 минг Еврони ташкил қилган. Бу 2018 йил 1-ярим йилида кўрилган ишлар сонига нисбатан 2384 тага кўпдир.

Айниқса, бу борада ЎзР ССП Қашқадарё (1481 та иш кўрилган – Ҳакамлик суди раиси С.Каримов), Сирдарё (738 та – Ҳакамлик суди раиси С.Расулов), Наманган (368 та – Ҳакамлик суди раиси Р.Иномов) вилоятлари ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Ҳакамлик судлари ижобий натижаларга эришганлар.

Йиғилишда Савдо-саноат палатаси тизимидаги Ҳакамлик судлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида «Ҳакамлик судлари фаолиятини мувофиқлаш кенгаши»ни тузиш ҳамда Ҳакамлик судларининг  Низоми ва Регаментини бирхиллаштириш чоралари кўриш ҳамда уни амалга ошириш мақсадида Намунавий низом ва Регламент лойиҳаларини тайёрлаш ва ССП Ижроия қўмитаси тасдиғига киритиш масалалари муҳокама қилинди ҳамда иштирокчилар томонидан маъқулланди.

Кун тартибидаги масала юзасидан йиғилиш қатнашчилари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Ҳакамлик судлари фаолиятини ривожланишига тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳақида тўхталдилар ва уларни бартараф қилиш бўйича таклиф ва тавсияларини бердилар.

Тадбир кун тартибининг иккинчи масаласи юзасидан Палатанинг Тадбиркорлик субъектлари хуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи У.Абдухафизов сўз олиб,Палата аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қилиш йўналиши бўйича умумий ахборот бериб ўтди. Жумладан,

2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида Палата Ижроия Қўмитаси ва ҳудудий тузилмалари томонидан Палата аъзолари манфаатида жами 33 436 та ҳолатда умумий суммаси 2 трлн. 883 млрд. сўмга тенг бўлган даъво аризалари киритилган.

Шундан, 25 458 та ҳолатда тўлиқ қаноатлантирилган, 136 та ҳолатда қаноатлантириш рад этилган, 623 та ҳолатда даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган.

Ушбу кўрсаткичларнинг судларга тааллуқлиги юзасидан тақсимланганда, жумладан:

- 23 258 та ҳолатда Иқтисодий судлар;

- 10 103 та холатда Фуқаролик судлар;

- 75 та ҳолатда Маъмурий судлар хиссасига тўғри келади.

Шу билан бирга, 793 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келган низолар судгача низони ҳал этиш жараёнида ҳал этилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг тегишли қарор ва ҳукмлари юзасидан келиб чиққан норозиликлар бўйича 24 та ҳолатда муаммоли масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Олий судига назорат тартибида протест киритилиши тўғрисида илтимосномалар юборилган.

Давлат ташкилотларига нисбатан ҳамда улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар устидан 171 та ҳолатда судларга даъво аризаси киритилган бўлиб, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг 2019 йил 15 март кунидаги “45А”-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қилишни таъминлаш тўғрисида”ги Йўриқномага кўра, Палата Ижроия Қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан Палата аъзолари манфаатларини кўзлаб судларга даъво ариза киритишдан олдин даъво талабларига асос бўлган ҳолатлар тўлиқ ва ҳар томонлама пухта ўрганилиб ҳамда хар бир даъво иши бўйича тарафлар ўртасида судгача яраштирув жараёни ўтказилиб, судларга қонуний ва асосли даъво аризалар киритилиши белгиланган.

Мазкур буйруқ билан тасдиқланган Йўриқноманинг чиқарилиши унгача амалда бўлган 25.06.2014 йилдаги 124-F сонли буйруқ талабларини янада соддалаштирилишига ва тубдан ўзгартилишига олиб келди ҳамда Палатанинг аъзолари манфаатида судларга даъволарнинг киритилиш меҳанизмлари такомиллаштирилди.

Тадбирда янги ишлаб чиқилган Йўриқноманинг мазмун-моҳияти иштирокчиларга атрофлича тушунтирилди. Таъкидлаш лозимки, ушбу Йўриқноманинг қабул қилиниши судларда тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида Палатанинг фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Бўлиб ўтган тадбирда Ўз ССП ҳудудий бошқармалари тадбиркорлар томонидан содир этилаётган қонунбузарликларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиши ва коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлари танқидий муҳокама этилиб, келгусида ушбу камчиликка йўл қўймаслиги, қонунбузарликка йўл қўйган тақдирда жавобгарлик муқаррарлиги тўғрисида тадбиркорларга тушинтириш ишларини олиб бориш вазифалари белгилаб берилди.

Шунингдек, тадбир давомида Ўз ССП ҳудудий бошқарма ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729 сонли Фармонининг мазмун-моҳияти ва “2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури”да белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши тушунтирилди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича стамбул ҳаракатлар режасининг тўртинчи раунди доирасида Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари учун ОЭСР тармоғи томонидан (Иқтисодий хамкорлик ва ривожланиш ташкилоти) Ўзбекистонда халол бизнес юритиш масаласи юзасидан мониторинг ўтказилганлиги ва натижалари Ўз ССП томонидан таҳлил қилинганлиги ва қўйилган саволларга жавоб берилганлиги тўғрисида маълумотлар берилди.

Жорий йилда республиканинг барча минтақаларида тадбиркорлик субъектлари учун улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича Бош прокуратура, ДСҚ, ДБҚ ҳамда Бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказиладиган очик семинарлар Режа жадвали ишлаб чиқилиб тасдиқланганлиги ва ушбу очик семинарлар жойларда сифатли ўтиши бўйича ҳудудий бошқарма ходимлари огоҳлантирилди.

Бош прокуратура, Ўз ССП раҳбарияти ва ЕХҲТ лойиҳасининг Ўзбекистондаги бош координатори ўртасида 2019 йил 22 апрель куни ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилиб, унда жорий йилда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Тадбир давомида, мазкур йўналишдаги фаолиятларида айрим вилоятларнинг худудий бошқармалари томонидан йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этилиши юзасидан тегишли чоралар белгиланиб олинди.

 

Ўз ССП Ахборот хизмати