31.07.2019 402

Ўзбекистоннинг ўрта шаҳарларини ривожлантиришга - $100 млн


Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” дастлабки лойиҳасини амалга ошириш учун 100 млн АҚШ доллари ажратади.

Қарзни сўндириш муддати – 30 йил, жумладан 5 йиллик имтиёзли давр. Давлатимизнинг лойиҳага ҳиссаси солиқ ва божхона имтиёзлари, шунингдек, кўчиб ўтиш бўйича харажатларни қоплаш кўринишида экв. 24,12 млн АҚШ долларини ташкил этади.

Лойиҳа доирасидаги тажриба-синов шаҳарлари - Янгийўл (Тошкент вилояти), Когон (Бухоро вилояти) ва Чортоқ (Наманган вилояти). Амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва ишга тушириладиган объектлар “Йўл харитаси”да кўрсатилган (эълон қилинмаган, таҳр.).

Лойиҳани амалга ошириш учун махсус ишчи гуруҳи ташкил этилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Тошкент шаҳрида лойиҳани амалга ошириш бўйича бош гуруҳни ва тажриба-синов шаҳарларида лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳудудий гуруҳларни ташкил этади. Идора Жаҳон банкининг ижтимоий ва экологик ҳимоялаш тамойилларини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳа компонентларини амалга ошириш ва молиялаштириш жадвалида эҳтимолий ўзгаришлар юз бериши муносабати билан ишларни ташкил этишда ҳадли ёндашувни таъминлайди.

Лойиҳани амалга ошириш даврида қуйидагилар:

  • белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатларга мувофиқ олиб кириладиган товарлар (харид қилинадиган ишлар, хизматлар) ва транспорт воситалари, жиҳозлар, технологиялар ва материаллар – божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари), шу жумладан, улар “вақтинчалик четдан олиб келиш” божхона режимида расмийлаштирилганда – даврий божхона тўловларидан, шунингдек, автотранспорт йиғимларидан;
  • юридик шахслар-норезидентлар – юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлашдан;
  • жисмоний шахслар-норезидентлар – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилади.