31.07.2019 513

Ўзбекистон ва Беларусь ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамламоқда


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифига қизғин ҳозирлик кўрилаётган Минск шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон-Беларусь ҳудудлараро форуми «Минтақалар ҳамкорлиги – давлатлараро муносабатларни ривожлантиришнинг муҳим омили» мавзуидаги ялпи мажлис билан давом эттирилди. Унда асосий эътибор мамлакатларимиз ўртасида саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, таълим каби соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига қаратилди.

Парламентлар ва ҳукуматлар аъзолари, йирик компаниялар, ишбилармон доиралар, ҳудудлар вакиллари иштирок этган мажлисда ушбу форум мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги, янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Икки давлат раҳбарларининг келишуви билан ҳудудлараро анжуманлар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.

Тадбирда Сирдарё ва Минск вилоятлари ҳамкорлиги мисолида мамлакатларимиз ўртасида қабул қилинган “Йўл харитаси” ижроси хусусида сўз юритилди.

Ҳудудлараро форум майдонида қатор тижорат шартномалари ва битимлар имзолангани минтақалар ўртасидаги мулоқотнинг мазкур платформаси нечоғли самарали эканини яққол намойиш этди.

Минск шаҳрининг марказий хиёбонида улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий бюсти очилди.

Ушбу тадбир икки халқ ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг янги тарихидаги улкан воқеа бўлди. Зеро, Ҳазрат Навоий бюсти Беларусда Шарқ даҳолари ҳурматига бунёд этилган илк ёдгорликдир.

“Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш.”

Асрлар оша улуғ бобокалонимиз қаламига мансуб ушбу сатрларнинг долзарблиги йўқолмай, аксинча, жаҳон аҳлига энг жарангдор даъват сифатида аҳамияти ортиб бормоқда.

Шеърият мулкининг султони бюсти очилишига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда шу ҳикматли сатрлар беларусь тилида янгради. Унда икки мамлакат ҳукуматлари ва парламентлари аъзолари, адабиёт, маданият намояндалари, кенг жамоатчилик, ёшлар қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Навоий фалсафаси турли миллатлар ва элатлар маданияти ва тафаккурини ривожлантиришда беқиёс ўрин тутишини, Президентимиз ташрифи арафасида ўтаётган ушбу маросим ўзбек ва беларусь халқлари ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталари янги босқичга кўтарилаётганини ифода этишини қайд этди.

Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Кенгаши раиси ўринбосари Марианна Шчёткина мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар маданият соҳасида ҳам юқори поғонага кўтарилаётганини таъкидлади. Ўтган йили Тошкентда атоқли беларусь адиби ва жамоат арбоби Якуб Колас хотирасига ёдгорлик ўрнатилгани, эндиликда Минскда Ҳазрат Навоий бюсти қад ростлагани бу фикрнинг ёрқин далилидир.

– Ушбу ёдгорликнинг очилиши порлоқ ва тантанали ҳодиса. Зеро, Навоий нафақат улуғ шоир ва мутафаккир, балки буюк маърифатпарвар ҳам бўлган. Навоий мероси бутун инсоният мулкига айланган, асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган. Унинг чуқур фалсафаси, асарларидаги ранг-баранг образлар халқларни дўстлик, инсонпарварлик, олижаноблик каби фазилатлар орқали бирлаштиришга хизмат қилади, – деди Марианна Шчёткина.

Дарҳақиқат, Алишер Навоий асарлари жаҳонда тинчлик, дўстлик ва саховатни тарғиб қилаётган бебаҳо мерос сифатида барча халқлар томонидан қадрланади. Аслида адабиёт вақт, макон, чегара билмайди. Инсон комилликка интилар экан, Ҳазрат Навоий асарлари ҳар бир даврда, ҳар қандай ижтимоий қатлам вакили учун азиз ва долзарб бўлиб қолаверади.

Беларуслик ҳайкалтарош Максим Макаревич томонидан ишланган бюст бунинг яна бир тасдиғи бўлди.

Маросим ўзбек ва беларусь халқларининг қўшалоқ байрамига айланиб кетди. Навоий бобомиз ёдгорлиги пойи гулларга бурканди.

Беларусь давлат филармонияси концерт залида Ўзбекистон маданияти кунларининг тантанали очилиш маросими бўлди. Унда икки мамлакат маданияти ва санъати намояндалари, шоир ва ёзувчилар, кенг жамоатчилик, ёшлар қатнашди.

Ўзбек ва беларусь халқлари жаҳон маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган. Мамлакатларимизни бошқа соҳалар қатори халқларимизнинг бетакрор маданияти ва санъати ҳам боғлаб туради.

Самарқандда ўтадиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида беларуслик ижодкорлар мунтазам қатнашиб келади. Ўзбекистон маданияти ва санъати вакиллари ҳам Беларусда ўтадиган «Славянский базар» ва бошқа нуфузли фестивалларнинг фаол иштирокчисига айланган.

2018 йил апрель ойида Тошкентда Беларусь маданияти ва киноси кунлари ўтказилган эди. Минскда очилган Ўзбекистон маданияти кунлари мамлакатларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорликни тараннум ва тараққий эттириш йўлида қўйилган навбатдаги қадамдир.

Маросимда икки мамлакат маданият вазирликлари вакиллари сўзга чиқиб, ушбу тадбир ўзаро муштарак маданий алоқаларни мустаҳкамлашда, беларусь халқини ўзбек миллий маданиятининг бебаҳо намуналаридан баҳраманд этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Сокин оқшом Минск бўйлаб ўзбек миллий наволари янгради. Дилтортар қўшиқ ва рақслар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.