01.08.2019 254

Ўз ССП яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини экспертизадан ўтказди


Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифода этувчи, шу жумладан, улар фаолиятига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳоловчи ваколатли орган сифатида Савдо-саноат палатаси томонидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 542 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Экспертлар кенгашлари томонидан кўриб чиқилиб, улардан 288 тасига салбий характердаги Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобилларда йўловчи ташиш йўналишлари бўйича очиқ тендерлар ташкил этиш тўғрисида”ги  Қарори лойиҳаси  жамоатчилик экспертизасидан  ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

1. Лойиҳа 1-иловаси 3-банди учинчи хатбошига кўра, “Ваколатли орган – Комиссия ишини мувофиқлаштирувчи, уларнинг фаолиятини ташкилий-техник таъминловчи, комиссия қарори асосида тендерда ғолиб бўлган ташувчилар билан йўналишга хизмат кўрсатиш ҳужжатларини расмийлаштирувчи ва шартнома шартлари ҳамда йўналиш талабларига риоя этилишини назорат қилувчи давлат бошқарув органи ёки унинг ҳудудий бошқармаси”, - деб белгиланган.

Аммо, бунда ваколатли орган айнан қайси давлат бошқарув органи эканлиги аниқ назарда тутилмаган.

Бу эса, амалиётда ноаниқликларни келтириб чиқаради.

Шу сабабли, мазкур бандда ваколатли орган айнан қайси давлат бошқарув органи эканлигини кўрсатиш лозим.

2. Лойиҳа 1-иловаси 3-банди тўртинчи хатбошига кўра, “Ташувчи – мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида автотранспорт воситасига эга бўлган, тижорат асосида йўловчилар ва багаж ташиш хизматини кўрсатадиган ҳамда бунга махсус рухсатномаси бўлган юридик шахс”, - деб белгиланган.

Бунда, махсус рухсатнома тушунчаси амалиётда турлича талқин қилиниши, тадбиркорлик субъектларидан ортиқча ҳужжатларнинг талаб қилинишига олиб келиши мумкин.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майдаги 222-II-сонли қарори билан тасдиқланган. Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатига кўра, автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш лицензия асосида амалга оширилади.

Шунингдек, лойиҳа 1-иловасининг 8-бандида автомобиль транспортида шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро йўловчилар ташишларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган ҳар қандай юридик шахс очиқ тендерда иштирок этиши мумкинлиги белгиланган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, мазкур хатбошини қуйидаги таҳрирда баён этиш тавсия этилади:

 “Ташувчи – мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида автотранспорт воситасига эга бўлган, тижорат асосида йўловчилар ва багаж ташиш хизматини кўрсатадиган ҳамда бунга лицензияси мавжуд бўлган юридик шахс”.

3. Лойиҳа 1-иловаси 3-банди ўнинчи хатбошига кўра, “Шартнома–ташувчи ҳамда буюртмачи ўртасида муайян муддатга имзоланадиган, йўналишда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини берувчи юридик ҳужжат”, - деб белгиланган.

Аммо, лойиҳада буюртмачи ким эканлиги аниқ назарда тутилмаган. Бу эса, амалиётда ноаниқликларга олиб келиши мумкин.

Шу боис, лойиҳа 1-иловасида буюртмачи ким эканлигини аниқ белгилаб ўтиш, ушбу тушунчага таъриф бериш тавсия этилади.

4. Лойиҳа 1-иловаси 6-банди бешинчи хатбошига кўра, ваколатли органнинг ваколатларидан бири сифатида “тендер ғолибининг ҳар бир автотранспорт воситасига рухсатномаларни бериш” белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 декабрдаги 994-сонли қарори билан тасдиқланган “Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида”ги Низомнинг 9-банди “в” кичик бандига кўра, “лицензиат фойдаланаётган ҳар бир автотранспорт воситаси учун лицензия карточкаси мавжуд бўлиши” лицензия талаблари ва шартларидан бири сифатида белгиланган.

Демакки, тендер ғолибининг ҳар бир автотранспорт воситаси учун рухсатномаси у мазкур фаолият учун лицензия олган вақтда мавжуд бўлади ва бундай рухсатномани тендер ўтказилгандан сўнг қайтадан олиш зарурати бўлмайди.

Шу боис, лойиҳа 1-иловасининг 6-банди бешинчи хатбошиси ҳамда 37-39-бандларни чиқариб ташлаш тавсия этилади.

5. Лойиҳа 1-иловасининг 16-бандига кўра, “Зарурат бўлганда, тендерлар ўтказиш бўйича амалий тажриба тўпланишига қараб, Комиссия тендерларни ташкил этиш тартиботига асосланган ҳолда ўзгартиришлар киритилиши мумкин”, - деб белгиланган.

Мазкур норма аниқ ифодаланмаган, унда мазмун англашилмаган.

Бундан ташқари, тендерни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланаётганлиги эътиборга олинса, унга ўзгартиришлар киритиш ҳам айнан Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилиш лозим.

Ушбулардан келиб чиқиб, юқоридаги бандни чиқариб ташлаш тавсия этилади.

6. Лойиҳа 1-иловасининг 18-бандида “Тендер бўйича йўналишлар эълон қилинганидан кейин тендер давомида йўналиш бўйича келиб тушган таклифлар комиссия томонидан кўриб чиқилмагунга қадар йўналиш талабларига ўзгартиришлар киритишга йўл қўйилмайди”, - деб белгиланган.

Бунда, йўналиш талабларига ўзгартиришлар киритиш таклифлар комиссия томонидан кўриб чиқилгандан сўнг амалга оширилиши белгиланган. Яъни, бунда кўринадики, таклифлар қабул қилингандан сўнг, талабгорларни хабардор қилмасдан йўналиш талабларига ўзгартиришлар киритиш мумкин.

Аммо, бу амалиётда салбий оқибатларни келтириб чиқариши, коррупциоген факторларга йўл очиши мумкин.

Зеро,  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг 2018 йил 15 майдаги 185-сон буйруғи билан тасдиқланган “Харид қилиш тартиб таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 146-148-бандларига кўра, “Зарур бўлган ҳолларда буюртмачи томонидан тендер ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарор қабул қилиниши мумкин. Тендерда иштирок этиш учун таклифлар бериш муддати тугайдиган санадан камида уч кун олдин тендер ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Тендер ҳужжатига ўзгартириш таклифлар бериш муддати тугаётганда киритилган тақдирда, тендер тендер ҳужжатларига ўзгартишлар киритилган санадан эътиборан ўн кундан кам бўлмаган муддатга узайтирилиши лозим”, - деб белгиланган.

Ушбулардан келиб чиқиб, юқоридаги нормани қайта кўриб чиқиш тавсия этилади.

7. Лойиҳа 1-иловасининг 21-бандига кўра, “Талабгорлар тендер ҳужжатлари пакетини олиш юзасидан ваколатли органга ёзма ёки электрон шаклда буюртманома беришлари керак. Буюртманомалар бериш, тендер пакети учун тўловларни амалга ошириб, тендер ҳужжатларини олиш учун белгиланган муддат тендер ўтказиладиган санадан 5 кун олдин тугайди”, - деб белгиланган.

Мазкур норма орқали тендер ҳужжатлари пакетини тақдим этганлик учун тўлов ундирилиши назарда тутилган.

Аммо, юқоридаги нормага кўра, талабгорлар тендер ҳужжатлари пакетини олиш юзасидан ваколатли органга ёзма ёки электрон шаклда буюртманома беришлари мумкинлиги белгиланган.

Юқоридаги низом 144-моддасига кўра, Тасдиқланган тендер ҳужжатлари, шартнома лойиҳаси, шунингдек тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълон тендер иштирокчиларидан таклифларни қабул қилиш муддати тугайдиган санадан камида ўттиз кун олдин ва кўпи билан қирқ беш кун олдин порталга буюртмачи томонидан жойлаштирилади”. Бироқ, мазкур низомда тендер ҳужжатлари учун тўловлар ундирилиши назарда тутилмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, лойиҳа 1-иловасида тендер ҳужжатлари пакетини портал ёки расмий веб-сайтда жойлаштириш ҳамда уни олганлик учун тўлов ундирилмаслигини назарда тутиш тавсия этилади.

8. Лойиҳа 1-иловасида тендер ғолибига уни тендерда ғолиб бўлганлигини тасдиқловчи бирор расмий ҳужжат ёхуд тендер бўйича ютилган ушбу йўналишда ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома берилиши назарда тутилмаган.

Зеро, амалдаги қонунчилик (Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил
17 августдаги 350-сонли қарори билан тасдиқланган “Шаҳарда йўловчилар ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар ташкил этишга оид” Низом 31-банди) талабларига кўра, тендер ғолибига тендер бўйича ютилган ушбу йўналишда ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома берилиши белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, лойиҳа 1-иловасида тендер ғолибларига тендер бўйича ютилган ушбу йўналишда ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома берилишини назарда тутиш тавсия этилади.

9. Лойиҳа 1-иловасининг 35-бандига кўра, “Тендер ғолибининг таклифларини ҳаққонийлиги тасдиқланганидан кейингина унга йўналишга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи шартнома асосида берилади. Тендер ғолиби ваколатли органнинг масъул ходимларига таклифларни ҳаққонийлигини текшириши учун автотранспорт воситаларини олдиндан келишилган манзилга олиб келади. Таклифларини ҳаққонийлигини текшириш тендер ғолиби аниқланганидан кейин 7 иш куни ичида амалга оширилади”, - деб белгиланган.

Аммо, бунда талабгорларга ортиқча мажбуриятлар юклаш назарда тутилган. Бу эса, ортиқча сарсонгарчиликларга олиб келади.

Шу сабабли, тендер ғолибининг таклифлари ҳаққонийлигини ўрганиш ваколатли органнинг масъул ходимлари томонидан жойига чиқиб, тадбиркорлик субъекти фаолиятига аралашмаган ҳолда амалга оширилишини назарда тутиш тавсия этилади.

10. Лойиҳа 1-иловасининг 40-бандига кўра, “Қатнашчи тендер ғолиби деб топилган кундан 10 иш куни ичида шартномани имзолаши керак”, - деб белгиланган.

Бунда, шартнома тарафларидан фақат тендер ғолибигагина шартномани 10 иш куни ичида имзолаш мажбурияти юклатилган. Аммо, бу шартнома тарафларининг тенг мажбурияти бўлиб, унинг аниқ бир муддат билан чегараланиши тарафлар учун бирдай белгиланиши лозим.

Бундан ташқари, юқорида келтирилган бандда таклифларнинг ҳаққонийлигини текшириш тендер ғолиби аниқланганидан кейин 7 иш куни ичида амалга оширилиши белгиланган бўлиб, бу ўз навбатида юқоридаги 10 кунлик муддатни қисқартиради.

Шу боис, лойиҳа 1-иловасида шартномани имзоланиши ҳар икки тараф (тендер ғолиби ва ваколатли орган) учун бирдек мажбурий бўлишини назарда тутиш ҳамда унинг чегаравий муддатини 30 кунлик муддат қилиб белгилаш тавсия этилади.

11. Лойиҳа 2-иловасининг 7-бандига кўра, “Миллий ташувчига халқаро йўналишда йўловчи ташиш ҳуқуқи берилганлигини тасдиқловчи “гувоҳнома” ҳамда ташувчининг ҳар бир автотранспорт воситаси учун халқаро йўналишда қатновларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсатнома берилади”, - деб белгиланган.

Мазкур Хулоса 4-бандида келтирилганларни инобатга олиб, юқоридаги банддан “ҳамда ташувчининг ҳар бир автотранспорт воситаси учун халқаро йўналишда қатновларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсатнома” жумласини ҳамда лойиҳа 2-иловасининг 11- ва 13-бандларини чиқариб ташлаш тавсия этилади.

12. Лойиҳа 2-иловасининг 9-бандига кўра, “Гувоҳнома қуйидаги муддатларга берилади:

халқаро йўналишларда йўловчи ташиш ҳуқуқини олиш учун илк бор ариза берган миллий ташувчилар учун 1 йилга;

аввал берилган гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугаши муносабати билан миллий ташувчилар учун 5 йилга (агар ташувчи аризасида камроқ муддат кўрсатилмаган бўлса)”.

Бунда гувоҳноманинг амал қилиш муддати икки тоифага асоссиз ажратилган ҳамда бир йиллик муддат қисқа белгиланган.

Шу боис, миллий ташувчиларга халқаро йўналишларда йўловчи ташиш ҳуқуқини берувчи гувоҳноманинг муддатини умумий 5 йилдан кам бўлмаган муддатга деб белгилаш тавсия этилади.

13. Лойиҳа 2-иловасининг 12-бандига кўра, “Халқаро йўналишда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатиш юзасидан вазирлик ва миллий ташувчи ўртасида шартнома имзоланади”, - деб белгиланган.

Бунда, мазкур масалада ортиқча бюрократик тўсиқ яратиш назарда тутилган. Зеро, халқаро йўналишларда йўловчи ташишда гувоҳноманинг ўзи фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ягона асос сифатида қабул қилиниши мақсадга мувофиқдир, яъни қўшимча равишда шартнома тузилишига эҳтиёж мавжуд эмас.

Шу боис, лойиҳа 2-иловасининг 12-банди, 14-банди тўртинчи хатбоши ва 15-банди учинчи хатбошини чиқариб ташлаш тавсия этилади.

 

Ўз ССП Ахборот хизмати