22.08.2019 342

НИЗОЛАРНИ МУҚОБИЛ ҲАЛ ҚИЛИШНИНГ ДОЛЗАРБ ВАЗИФАЛАРИ


Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Палата ҳузуридаги Ҳакамлик суди томонидан АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда  суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дастури доирасида  2019 йил  21 августда Нукус шаҳрида “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳакамлик судлари ва медиациянинг роли” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.  

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги Ҳакамлик судлари судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, прокуратураси, адлия вазирлиги, фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судлари судьялари ва масъул ходимлари, “Тадбиркор аёл” уюшмаси фаоллари, адвокатлар, тадбиркорлар, коллежлар ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Анжуманда “Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилиш: ҳуқуқий асослари ва ривожланиш босқичлари”, “Хорижий давлатларда медиация: ҳуқуқий асослари ва амалиёт”, “Ҳакамлик судларида иқтисодий низоларни ҳал қилишнинг ўзига хос хусусиятлари”, “Ҳакамлик муҳокамасининг афзалликлари ва ҳакамлик судларида иш юритиш тартиби”, “Низоларни судгача ҳал қилишда медиациянинг ўрни” мавзуларида ҳуқуқшунос олимлар ва  мазкур соҳанинг тажрибали  мутахассислари маърузалар қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг раиси,  юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов ўз маърузасида низоларнинг муқобил ҳал қилиш усулларининг ҳуқуқий асослари яратилганлиги, жумладан ҳакамлик судлари ва медиация тўғрисида махсус қонунлар қабул қилинганлигини таъкидлади.

Илмий-амалий семинарда таъкидланганидек мамлакатимизда тадбиркорлик, тижорат ва хусусий секторга нисбатан муносабатларни тубдан ўзгартириш, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилинишига йўл қўймаслик, қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими шакллантирилди ва унинг ташкилий механизми такомиллашиб бормоқда.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётида, ижтимоий ҳаётда турли субъектларнинг манфаатлари тўқнашуви, улар ўртасида баҳс-мунозаралар ва низолар келиб чиқиши табиий. Низоларни ҳал этиш тизими уларни суд орқали ва муқобил усуллар билан ҳал қилишни ўз ичига олади.

Сўнгги йилларда низоларни муқобил усуллар орқали ҳал этишга катта  эътибор берилмоқда. Низоларни муқобил ҳал қилиш усулларига хусусан қуйидагилар киради:   музокара; талабнома, медиация, ҳакамлик судлари ва халқаро тижорат арбитражи. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг  “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонунида ҳакамлик судлари фаолиятининг асосий принциплари,  уларни ташкил этиш ва ҳисобини юритиш тартиби, мазкур судлар томонидан ҳал этиладиган низолар, ҳакамлик битими шакли ва мазмуни, ҳакамлик судьясига қўйиладиган талаблар, ҳакамлик судининг таркибини шакллантириш, низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар, ҳакамлик муҳокамаси, ҳакамлик судининг ҳужжатлари, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш ва уни ижро этишга оид нормалар белгиланганлигини қайд қилди.

“Медиация тўғрисида”ги Қонунда: медиациянинг мақсади, асосий принциплари, медиаторларга қўйиладиган талаблар, медиаторларнинг ва медация тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, медиаторлар реестрини юритиш тартиби, медиация тўғрисида келишув, медиация жараёни, медиация натижасига низони ҳал қилинганлиги тўғрисидаги келишувга оид нормалар мустаҳкамланганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида  бўлиб ўтган кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида қайд қилинганидек, хорижий тажрибада 70 фоиз низолар судгача ҳал этилади. Чунки ишларни судда кўриб чиқиш катта харажат ва кўп вақт талаб этувчи жараён ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, тадбиркорлар билан бевосита ишлайдиган давлат идораларида низоларни судгача ҳал этиш тузилмаларини ташкил этиш зарурлиги, тегишли органларга низоларни муқобил ҳал қилиш усуллари бўлган ҳакамлик судлари фаолиятини ва медиация институтини кенгайтириш масалаларини назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилганлиги бежиз эмас.

Низоларни нафақат давлат судлари (фуқаролик ишлари бўйича судлар, иқтисодий судлар), балки  ҳакамлик судлари воситасида ҳал қилиш кўлами ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Бунга сабаб ҳакамлик судларида низоларни кўришнинг қуйидаги афзаллик жиҳатлари мавжудлигидир: тарафларда судьяни мустақил танлаш имконияти мавжудлиги;  низолар битта инстанцияда ҳал этилиши; иш кўриш қисқа муддатларда амалга оширилиши; ҳакамлик суди харажатлари низоларни иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриш ва ҳал этиш учун кетадиган суд харажатларидан камлиги;  ҳакамлик суди муҳокамаси махфий ва ошкор қилиниши мумкин эмаслиги; ҳакамлик муҳокамаси тарафларнинг келишувига мувофиқ белгиланиши мумкинлигига эътибор қаратилди.

Хусусан, Рустам Шаймардонов семинар иштирокчиларини эътиборини ҳакамлик муҳокамасининг юқоридаги афзалликларига қаратган ҳолда Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган 15 та Ҳакамлик судлари томонидан 2019  биринчи ярим йиллигида  жами 4765 та ишлар кўрилган бўлиб (2018 йилнинг шу даврига нисбатан даъво аризаларининг сони 2384 тага яъни 2 бараварга ошган), даъво суммаси 93,2 млрд. сўм, 638,9 минг АҚШ доллари, 875 минг Еврони  ташкил қилган.

Илмий-амалий семинар иштирокчиси, юридик фанлар номзоди Гулзабира Ерниязова мунозарада иштирок этиб, медиатив келишувнинг ҳуқуқий табиатини чуқур илмий-назарий тадқиқот ўтказиш орқали очиб бериш лозимлигига эътиборни қаратиб, низоларни муқобил ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга қаратилган таклифларни илгари сурди.

Савол-жавобларга бой бўлган илмий-амалий семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича фикр алмашдилар, медиатор ва ҳакамлик судьяси касбларига ўз қизиқишларини билдирдилар.

Семинар иштирокчилари ва маърузачилар томонидан  Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилишнинг  ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, музокаралар ўтказиш ва талабномалар юбориш орқали низоларни ҳал қилиш амалиётини кенгайтириш, медиация марказларини ташкил қилиш, медиаторларни тайёрлаш бўйича ташкилий тадбирларни жадаллаштириш,   низоларни кўриб чиқиш бўйича ҳакамлик судьялари ўртасида тажриба алмашиш, ҳакамлик судлари  ҳал  қилув  қарорлари  ижросини таъминлаш  каби масалалар бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

ЎзССП Ахборот хизмати