11.09.2019 98

Коррупциядан холи бизнес – фаровон келажак пойдевори


Ҳар бир мамлакатда тадбиркорлик фаолиятини ривожланишига рахна солувчи асосий тўсқинликлардан бири бу коррупциядир. Жахон ҳамжамиятининг таҳлилларига қўра, айнан коррупция туфайли дунё иқтисодиёти ҳар йили 2,6 трлн. АҚШ доллари миқдорида зарар кўраётганлиги, бу эса дунёда ишлаб чиқарилаётган ялпи маҳсулотнинг таҳминан 5 фоизини ташкил этиши, жаҳон бўйича пора сифатида тақдим қилинаётган маблағ 1,0 трлн. АҚШ доллари миқдорида бўлиб, кўрсатилаётган барча гуманитар ёрдамлардан 10 баробар ортиқ эканлиги ҳар бир инсонни ажаблантиради. Давлатимиз раҳбари коррупция иллатидан халос бўлишни долзарб вазифалардан бири эканлигини кўп маротаба таъкидлаб ўтадилар.

Жумладан Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳалқимиз томонидан мамлакатимиз раҳбари этиб сайланганидан сўнг, илк ташаббуслари қаторида 2017 йил 3 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Қонуннинг 20-моддаси юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва малакатимизда тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олдини олишга бағишланди.

2019 йил 27 май куни “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5729-сонли Фармони қабул қилиниши билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини истиқболи янада янги поғонага кўтарилди.

Жорий йилнинг 4-7 сентябрь кунлари Наманган, Фарғона ва Андижон шаҳарларида тадбиркорлик субъектлари томонидан улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда коррупцияга қарши курашиш мавзусида очиқ семинарлар ўтказилди. Тадбирларда Фарғона водийсида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, вилоятлар ҳокимлиги, прокуратура идоралари, солиқ, адлия, божхона, бандлик бош бошқармалари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Семинарларда Савдо-саноат палатаси суд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш бошқармаси бош юрисконсульти Б.Шукуров сўзга чиқиб, “коррупция” тушунчаси, мазкур иллат жамият равнақи, асосан давлатимизда ривожланаётган тадбиркорлик соҳасига келтирадиган хавфи, мазкур иллатга қарши кўрашиш борасида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, айниқса 2018 йил 27 июльдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПФ-5490 сонли фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 ноябрдаги 920-сонли қарори билан тасдиқланган   “Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом билан тадбиркорлик субъектларини текшириш учун махсус гувоҳномани бериш учун назорат қилувчи органларда ўтказиладиган аттестацияларда жамоатчилик назорати ўрнатилганлиги, келгусида тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз фаолиятини амалга оширишда ғайриқонуний текширишлар ва коррупцион ҳолатларга рўбари бўлишига барҳам берилганлигини тушунтириб ўтди.

Шунингдек Б.Шукуров ўзининг маърузаларида инвестор ва тадбиркорлар томонидан бўш турган бино, самарасиз фойдаланилаётган ерлардан фойдаланиш бўйича бюрократик тўсиқлар учраётганлиги, асоссиз равишда ҳусусийлаштириш натижалари қайта куриб чиқилиб, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ноқонуний даъволар судларга киритилаётганлиги, судлар эса ушбу қонун нормаларига зид киритилган даъволарни қаноатлантираётганлигидан норозилик билдирилган мурожаатлар кўплаб тушаётганлиги айтиб, бундай масъулиятсизлик ҳам коррупцияни юзага келтираётган омиллардан бири бўлаётганлигини таъкидлади.

Семинарларда иштирок этган прокуратура органлари масъул ходимлари тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан: турли ташкилотлардан келиб тадбиркорларни ноқонуний текширувлар ўтказиш юзасидан ва уларга нисбатан амалга оширилган ишлар бўйича, ҳуқуқбузарликни содир этилганидан сўнг тадбиркорлар хатони тушуниб ўз вақтида айбини буйнига олиб мурожаат қилинишида қонун нормаларида енгиликлар берилиши кўзда тутилганлиги туғрисида тушунчалар бериб, тадбиркорларни мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилганлиги, шунинг учун ижтимоий тармоқларда махсус ҳудудий телеграмм группалар очилганлиги, ушбу группаларда тадбиркорлар ўзларининг фаолиятида дуч келаётган муаммоларни тўғридан-тўғри киритиб ўз ўрнида жавоб олишлари мумкинлигини билдиришди.

Семинарда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ходимлари ҳудудларда тадбиркорлик соҳасига алоҳида қаратилганлиги, ижтимоий тармоқларда мурожаатларни қабул қилиш учун махсус виртуал қабулхона  очилиб доимий фаолият юритаётганлиги ҳамда ушбу Бош вазир ҳузуридаги виртуал қабулхона орқали келаётган мурожаатлар белгиланган муддатларда кўриб чиқилаётганлиги, Савдо саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони билан ҳамкорлик йўлга қуйилиб, тадбиркорларни муаммолари тусқинликсиз бартараф этилаётганлигини билдиришди.