12.09.2019 227

Гада КАДДУМИ: “Қўқон ҳунармандчилиги билан бутун дунё танишади”


Жаҳон ҳунармандлар кенгашининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича президенти Гада Каддуми Қўқон шаҳрига ташриф буюрди.

Мамлакатимизда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш борасида Жаҳон ҳунармандлар кенгаши билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилди. 

Республика “Ҳунарманд” уюшмаси жорий йилда мазкур ташкилотга аъзо бўлди. 

Ушбу ташкилот 1964 йилда Бельгияда нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида ташкил этилган ва бой маданий меросни асраш ва ривожлантириш учун семинар, конференция ва кўргазмалар ўтказиб, бутун дунёда ҳунармандчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлайди. 

Ўтган даврда мазкур кенгаш билан ҳамкорликда Қўқонга жаҳон “Ҳунармандлар шаҳри” мақомини бериш борасида саъй-ҳаракатлар олиб борилди. 

Ўрганиш ҳайъати аъзолари шаҳардаги миллий ҳунармандчилик мактабларида бўлиб, уларнинг фаолияти билан бевосита танишди. 

Қўқон шаҳрига мазкур нуфузли унвонни бериш бўйича қарор қабул қилинди.

Мартабали меҳмон Ўрда майдонида олиб борилган фестивалга тайёргарлик ишлари билан танишиб, ҳунармандларнинг павильонларини кўздан кечирди. 

Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ҳунармандлар билан суҳбатлашди. Шунингдек, матбуот марказида ҳам бўлиб, оммавий ахборот воситалари ходимларига яратилган шароитлар билан танишди.

– Қўқонга аввал ҳам келган эдим, – деди Гада Каддуми хоним. – Шаҳарнинг тарихий бой маданияти борлигини олдиндан билар эдим. Бугун яна ўз кўзим билан кўриб, мамнун бўлдим. 

Бизнинг ташкилотимизга Осиёнинг 30 дан ортиқ шаҳри аъзо. Йил охирига қадар 50 та кўргазма ташкил этамиз. Ноябр ойида эса аъзо мамлакатлар иштирокида Малайзияда форум ўтказамиз. 

Бир неча йил аввал Қувайтда Ўзбекистон элчиси билан суҳбатлашганимда, ундан Қўқон ҳунармандлар шаҳри экани ҳақида эшитган эдим. Амир Темур даврида ҳам ҳунармандлик жуда муҳим саналган. Улар орқали қўшни давлатлар билан дўстлик ришталари боғланган. 

Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ишларни ҳам ўрнак қилиб кўрсатса бўлади. Бугун фестивалга келаётган меҳмонлар орасида Тайланд, Корея, Вьетнам каби давлатлардан вакиллар келганини кўрдим. Европадан йигирмага яқин давлат вакиллари келди. Уларнинг барчаси Ўзбекистон, жумладан, Қўқон ҳақида билиб, уни дунёга танитишга ҳисса қўшади.