16.09.2019 946

Халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик бўйича Қўқон резолюцияси имзоланди


Қўқон шаҳри мезбонлик қилган биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали жуда қизғин кечди. Юздан зиёд давлатдан келган вакиллар байрам шукуҳини янада оширди.

Аслида ҳам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидланганидек, ҳунармандчиликнинг пайдо бўлиши дунё цивилизацияси ривожида энг муҳим ва тарихий қадам экани яна бир карра исботини топди. Ҳунар барча халқлар ҳаётида муҳим ўрин эгаллагани боис ушбу тантана нафақат ўзбек халқи балки бутун дунё санъат вакилларига илҳом берувчи макон бўлди, дея айтиш мумкин.

Албатта, халқаро кўргазмада ўзбек ва хорижий халқ амалий санъати усталари яратган ажойиб буюмлар намойиш этилди. Хусусан, “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати истиқболларига” бағишланган халқаро илмий-амалий конференцияда 26 мамлакатдан 36 нафар олим ва тадқиқотчи иштирок этди. Унинг якунида “Халқ амалий санъати ва ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича Қўқон резолюцияси” имзоланди.

 

Шунингдек, халқаро танловлар, маҳорат дарслари, мода ва дизайн намойишлари барча иштирокчиларга завқ ва илҳом бағишлади. Бунда эса ҳунар эгаларининг чин юракдан ишлаши, уларнинг меҳнати Ўзбекистонда юқори баҳоланаётгани ва соҳани ривожлантириш давлат сиёсатига айланиб, янгидан-янги имкониятлар яратилаётгани тасдиғини топди.

– Тўғриси, ҳозир ҳаяжондаман, бир неча кун давомида жуда чиройли, ўзгача шоунинг гувоҳи бўлдик, – дейди Беларусь маданият вазирнинг биринчи ўринбосари Наталья Карчевская. – Президентингиз Ўзбекистоннинг халқ амалий санъати борасидаги имкониятини дунёга жуда ажойиб тарзда кўрсатиб берди. Давлатларимиз раҳбарларининг ўзаро илиқ муносабатлари туфайли ўзбек-беларусь халқлари ўртасида ҳам алоқалар мустаҳкамланмоқда. Биз фестиваль доирасида ош байрамида ҳам бўлдик. Ҳамманинг кайфияти кўтаринки, биз ўзбек халқини, қадриятларни жуда севамиз. Давлатларимиз орасидаги масофа узоқ бўлсада, кўнглимиз яқин.

Қўқон шаҳрига “Жаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақоми берилиши ҳам ушбу амалий ҳаракатларнинг натижасидир. 2014 йилда таъсис этилиб, шу кунгача дунёдаги 36 шаҳар сазовор бўлган ушбу унвоннинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида биринчи Ўзбекистоннинг Қўқон шаҳрига берилгани албатта, ҳар бир юртдошимиз қалбида чексиз фахр-ифтихор уйғотади.