25.09.2019 423

Ўзбекистон-Корея ишбилармон доира вакиллари ўртасида бизнес-форум ҳамда "B2B" форматидаги учрашув бўлиб ўтди


2019 йил 25 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси    Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистон-Корея  ишбилармон доира вакилларининг бизнес-форуми ҳамда  «В2В» форматидаги кооперация биржаси ўтказилди

Бу тадбирдан кўзланган асосий мақсад - маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини Корея бозорларига экспорт қилинишини янада такомиллаштиришга доир масалаларни муҳокама қилишдан иборат.

Корея делегацияси таркибидан қурилиш, соғлиқни сақлаш, туризм каби сохаларда фаолият юритаётган етакчи компания вакиллари ўрин олган.

 Делегация аъзолари, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг ислоҳотларни юқори бахолаб, Ўзбекистонни минтақадаги асосий ҳамкор сифатида кўриб чиқаётганини ва самарали ҳамкорликни, кенг кўламдаги экспорт-импорт жараёнларини кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидладилар.

Шу билан биргаликда, Ўзбекистон ва Корея давлатлари ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар тобора ривожланиб бораётгани ва бугунги кунда мамлакатимизда сармоядорлар учун қулай шарт-шароитлар яратилгани алоҳида таъкидланиб, ўтказилаётган бу каби форумлар икки мамлакат ишбилармонларининг тўғридан-тўғри хамкорлик қилиш учун қулай платформа бўлиб, ўзаро товар айланмасини янада оширишга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

Қайд этиш лозим, 2019 йилнинг тўрт ойида давомида (январ-апрел) ўзаро товар айланмаси 913,4 млн.долларни  ташкил этди. Шу жумладан экспорт - 27,1 млн.долл., импорт - 886,3 млн.доллар.Экспортнинг асосий йўналишлари : транспорт, қурилиш, саёҳат хизматлари, пахтадан йигирилган ип,  кимёвий маҳсулотлар, пластмасса буюмлари, қурилиш материаллари ва бошқалар.

Бу кўрсаткичлар келгуси йилларда янада истиқболли кўриниш олиши учун бир қатор лойиҳа ва таклифлар хам музокарага қўйилди.

Форумда Корея делегацияси вакиллари томонидан экспорт қилиш жараёнида бир қатор янгиликлар ва имкониятлар, шу билан бирга, электрон маълумотлар базаси ҳақида хам тақдимот қилинди.

            Ўзбекистон ишбилармон доира вакиллари ўз навбатида,   республиканинг инвестицион ва экспорт салоҳияти ва маҳаллий экспорт қилувчи компаниялар фаолияти тўғрисида маълумот бердилар.

Бизнес-форум доирасида икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари ўртасида “B2B” форматидаги музокаралар олиб борилди.

Унда томонлар қўшма корхоналар ташкил этиш, инвестицион лойихаларни амалга ошириш ва ўзаро манфаатли шартномаларни имзолаш каби масалаларни мухокама қилдилар.   

Тадбир якунлари бўйича ўзбек ва корейс компаниялари ўртасида шартнома ва меморандумлар имзоланди.

 

ССП Ахборот хизмати