19.04.2016 3865

Ўзбекистонда электрон агро-саноат савдо майдончаси ишга туширилди


Жорий йилнинг 18 апрель куни «Wyndham Tashkent» меҳмонхонасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (Deutsche Gesellschaft für Internationale Zusammenarbeit (GIZ) GmbH)нинг «Марказий Осиёда минтақавий савдони қўллаб-қувватлаш» Дастури кўмагида «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳаси ишлаб чиқарувчилари учун электрон савдо майдончаси» мавзуида тадбир ташкил этилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси (ССП) томонидан «TECLOT» ХК МЧЖ ҳамкорлигида маҳаллий мева-сабзавотчилик маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш мақсадида, республикадаги қишлоқ хўжалиги соҳаси ишлаб чиқарувчилари учун мўлжалланган www.agrosale.uz электрон савдо майдончасини ривожлантириш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу савдо майдончаси маҳаллий агросаноат тармоғи маҳсулотларини ташқи бозорларда илгари суришга қаратилган.

www.agrosale.uz электрон савдо майдончаси – бу Интернет тармоғи ёрдамида маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) хариди ва/ёки сотилишини автоматлаштириш имконини берадиган сервис туридир.

Харид ва/ёки сотишни амалга ошириш, харидлар ва/ёки сотиш учун таклифлар киритиш, мақбул харидорлар ва етказиб берувчиларни танлаш тўлиқлигича электрон шаклда амалга оширилади.

Савдо майдончасининг функционал имкониятлари мижозга мустақил равишда савдо тартиб-тамойилларини яратиш имконини беради.

Савдо майдончасида рўйхатдан ўтиш 3 та босқичда амалга оширилади:

1) фойдаланувчини рўйхатдан ўтказиш;

2) компанияни рўйхатдан ўтказиш;

3) компания ходими ҳуқуқларига эга бўлиш.

Мазкур тадбирнинг мақсади тадбиркорлик субъектларини ушбу ресурс иши билан таништириш ва унга жалб қилишдан иборат.

Шу билан бирга, тадбир доирасида GIZ ташкилотининг савдо тартиб-тамойилларини соддалаштириш ва маҳсулотнинг ташқи бозорларга чиқишини яхшилашга қаратилган «Марказий Осиёда минтақавий савдони қўллаб-қувватлаш» Дастури фаолиятига оид маълумотлар, шунингдек, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш Фондининг фаолияти ҳақидаги ахборотлар келтирилган тақдимотлар ўтказилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 16 мартдаги ПҚ-2507 сонли «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш Фондининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ қабул қилинган сўнгги ўзгартиришлар муҳокама қилинди.

Тадбирда тармоқ вазирликлари ва идоралари, акциядорлик компаниялари, халқаро ташкилотлар, фермер хўжаликларининг вакиллари, шунингдек, агросаноат тармоғида банд бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.

Тадбир давомида тақдим этилган презентацияларни юклаб олиш.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси 

Матбуот хизмати