04.10.2019 375

Ўзбекистон Президенти Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқи раисини қабул қилди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 октябрь куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Туркия савдо палаталари ва товар биржалари раиси Мустафо Рифат Ҳисоржиқли ўғлини қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик, шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилганини мамнуният билан таъкидлади. 

2017 йилнинг кузида Туркияда ва ўтган йилнинг баҳорида Ўзбекистонда давлат ташрифлари доирасида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали музокаралар конструктив сиёсий мулоқот ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилгани алоҳида қайд этилди.

Эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни кенг кўламда амалга ошириш, савдо, инновациялар, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт, туризм, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, бошқа тармоқларда қўшма лойиҳаларни фаол илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашувда Рифат Ҳисоржиқли ўғли самимий қабул учун Ўзбекистон раҳбарига чуқур миннатдорлик билдирди ҳамда Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғаннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. 

Кейинги йилларда 750 дан зиёд қўшма корхона ташкил этилгани, шунингдек, ўзаро савдо ҳажми икки баробар ортгани Туркия бизнесининг Ўзбекистон бозорига чиқишдан манфаатдорлиги ортиб, ишбилармонлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.  

Рифат Ҳисоржиқли ўғли Туркия ишбилармон доиралари вакиллари - Савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқи аъзолари устувор лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр эканликлари ҳамда бу масалаларни ўзбекистонлик шериклар билан Тошкентда бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатларнинг биринчи Инвестиция форуми ва Ишбилармонлар кенгаши мажлисида муҳокама қилишни режалаштирганини таъкидлади. 

Учрашув сўнгида меҳмон Ўзбекистон-Туркия дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида узоқ муддатли ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш борасида қатъий экинини тасдиқлади.