04.11.2019 154

Савдо-саноат палатаси томонидан яна бир қарор лойҳаси экспертизадан ўтказилди.


“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда,  Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 782 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қурилиш-пудрат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси  жамоатчилик экспертизасидан  ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

1. Лойиҳада қурилиш-пудрат ташкилотларининг қурилиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун 2020 йил 1 январдан бошлаб лицензиялаш тизимини жорий этиш назарда тутилган.

Аммо, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва содалаштириш, шунингдек бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5409-сонли Фармони 1-банди учинчи хатбошига кўра, Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари сонини босқичма-босқич қисқартириш, жамоатчилик назорати, ўзини ўзи тартибга солиш, сертификатлаш, аккредитациялаш, фуқаролик ҳуқуқий жавобгарликни суғурталаш, техник тартибга солиш ва бошқа замонавий усуллар орқали тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг муқобил усулларидан кенг фойдалаништадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари борасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари этиб белгиланган.

Шунингдек, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига кўра Фаолиятнинг лицензияланадиган турлари жумласига амалга оширилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, соғлиғига, жамоат хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган ҳамда тартибга солиб турилиши лицензиялашдан ташқари усуллар билан амалга оширилиши мумкин бўлмаган фаолият турлари киради.

Амалга оширилиши учун лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари қонунлар билан белгиланади”.

Шунга кўра, амалиётда қурилиш соҳасидаги фаолиятнинг хавфлилик даражаси юқори деб баҳоланган турлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майдаги 222-II-сонли қарори билан тасдиқланган Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатида аниқ белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мазкур фаолиятни лицензиялашнинг мақсадга мувофиқлигини, шунингдек бошқа замонавий усуллар орқали тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг муқобил усулларини қўллаган ҳолда қурилиш-пудрат ташкилотларининг қурилиш соҳасидаги фаолиятини тартибга солиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

2.Лойиҳанинг 5-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизация агентлигининг қурилиш-пудрат ташкилотлари Ассоциациясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин, - деб белгиланган.

Бунда, қурилиш-пудрат ташкилотлари Ассоциациясини, яъни нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш ҳамда унинг вазифаларини белгилаш назарда тутилмоқда.

“Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига кўра, Давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятига аралашишига, худди шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотининг давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди”.

Шунингдек, мазкур Қонуннинг 17-моддасида нодавлат нотижорат ташкилот вазифалари унинг уставида белгиланиши кўрсатиб ўтилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, лойиҳада Ассоциация ташкил этишни тавсия этишни назарда тутувчи нормаларни белгилаш мақсадга мувофиқ.

ССП Ахборот хизмати.