06.11.2019 223

ҲАКАМЛИК СУДЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИ ВА ДОЛЗАРБ ВАЗИФАЛАРИ


Мамлакатимизда тадбиркорлик, тижорат ва хусусий секторга нисбатан муносабатларни тубдан ўзгартириш, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилинишига йўл қўймаслик, қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими шакллантирилди ва унинг ташкилий механизми такомиллашиб бормоқда. Бу борада низоларни муқобил ҳал этишда асосий нодавлат орган сифатида фаолият юритиб келаётган Ҳакамлик судларининг ўзига хос ўрни бор.

Шунинг учун ҳам ЎзР ССП Ижроия қўмитасининг қарори билан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш, палата аъзолари ва ходимларининг бу борадаги ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида Палата тизимида ҳар ойнинг сўнгги сешанба куни "Ҳакамлик суди" куни деб белгиланган.

Шу муносабат билан 2019 йил 5 ноябрь куни Палата раисининг биринчи ўринбосари И.К.Жасимов раислигида видео-конференция ташкил қилинди. Унда палата тизимидаги Ҳакамлик судларининг раислари ва ҳакамлик судьялари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари,  юридик бўлим ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда ССП ҳузуридаги Ҳакамлик судининг раиси Ф.Отахоновнинг Палата тизимидаги Ҳакамлик судларининг жорий йилнинг 10 ойи давомидаги фаолияти ҳамда ҳакамлик судьялари олдида турган долзарб масалалар бўйича ахбороти тингланди ва муҳокама қилинди. Ҳакамлик судлари томонидан жами 7742 та ишлар кўрилган бўлиб, бу ўткан йилнинг шу даврига нисбатан 2553 та кўп демакдир.

Муҳокамада ҳисобот даврида ижобий натижаларга эришган ССП Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сирдарё, Наманган вилоятлари ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги Ҳакамлик судлари раислари Р.Айбергенов, С.Каримов, С.Расулов, А.Дадаханов ўз ахборотларида тадбиркорлик субъектларига  ҳакамлик муҳокамаси афзалликларини тушунтириш, ишларни тезкор кўриб чиқиш, бошқармаларда Ҳакамлик судларига яратилган шароитлар ҳақида маълумот бердилар.

Видео-конференцияда бошқа Ҳакамлик судлари раисларининг ҳам олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотлари тингланди, йўл қўйилган камчиликлари танқидий муҳокама қилинди.

Тадбирда сўзга чиққанлар келиб чиқаётган камчиликларни бартараф қилиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Хусусан, ҳакамлик судлари тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва локал ҳужжатларнинг мазмуни, моҳияти ва аҳамиятини кўргазмали воситалар орқали тушунтириш; тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келган низоларни ҳакамлик судларида ҳал қилишнинг афзалликлари ва ўзига хос хусусиятларини оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиш; ҳакамлик судлари билан иқтисодий суд ва фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамкорлигида семинарлар ташкил қилиш; ҳакамлик судлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари якдиллик билан Ҳакамлик судлари ўз фаолиятини қонунийлик, мустақиллик, ҳакамлик муҳокамаси маълумотларининг ошкор қилинмаслиги, ҳакамлик судьяларининг холислиги, диспозитивлик, ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги каби приципларига риоя қилган ҳолда амалга оширишини эътиборга олиб, жорий йилда уларда кўриладиган ишлар сонини мутасил ошириб бориш, шунингдек медиация институти имкониятларидан ҳам фойдаланиш мақсадга мувофиқ деган хулосага келдилар.

ССП Ахборот хизмати