08.11.2019 190

Ҳокимлар тадбиркорларга тўсқинлик қилмасликка ваъда беради


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 ноябрь куни жорий йилда давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари «Бизнес юритиш — 2020» ҳисоботида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш, жумладан, ер ажратиш, қурилиш ва мол-мулкни рўйхатга олиш борасида қулайликлар яратиш кераклигини таъкидлади.

Шу боис бугунги видеоселектор йиғилишида тадбиркорларга ерни онлайн аукцион орқали бериш, мулкни рўйхатдан ўтказиш бўйича идоралараро электрон ахборот алмашинувини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Хорижий тажриба асосида, мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан мустақил ўтказишга масъул алоҳида тузилма ташкил этиш таклифи билдирилди.

Президент ҳокимлар 50 фоиз иш вақтини янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ва ишлаётган тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда ҳал этишга сарфлаши лозимлигини таъкидлаб, жуда кўп раҳбарлар бунга бефарқлик ва масъулиятсизлик билан қараб келаётганини кескин танқид қилди.

Буни Ўзбекистон бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига келиб тушган 26 мингта мурожаатнинг деярли ярми бевосита туман даражасида ҳал қилиш мумкин бўлса-да, муаммолар жойида ечилмагани учун фуқаролар юқори идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлаётгани ҳам яққол кўрсатиб турибди.

Бундай ҳолатлар Самарқанд, Тошкент, Хоразм, Андижон, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида анча юқори.

Шунинг учун, барча вилоят ва туманлар ҳокимлари икки кун муддатда Тадбиркорларга мурожаат қабул қилиши бўйича кўрсатма берилди.

Мурожаатда тадбиркорлар олдида бундан кейин ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги, ҳудуддаги барча раҳбарлар уларга яқиндан кўмакчи бўлиши, ҳар куни доимий равишда тадбиркорлар масалалари билан шуғулланиши тўғрисида ҳокимлар шахсан кафолат беради.

Мурожаатнинг бош мазмуни ҳамма нарса тадбиркор учун эканлигини халқимизга етказишдан иборат. Шунинг учун Мурожаатни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва аҳоли гавжум жойлардаги баннерларда эълон қилиб, унда ҳокимлар, секторлар ва мутасадди идоралар раҳбарларининг телефон рақамлари ҳам кўрсатилиши шартлиги белгиланди.

Бундан ташқари, ҳудудий ишчи гуруҳлар жойларда юриб, ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари билан бирга тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ишларни самарали ташкил этиши кераклиги таъкидланди.

Маълумки, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурларини молиялаштириш учун Халқ банки, Микрокредитбанк ва Агробанк масъул этиб белгиланиб, уларга етарлича ресурслар ажратиб берилган.

Йиғилишда мазкур молия ташкилотлари ҳамда ҳудудий ишчи гуруҳлар раҳбарлари жойларда тадбиркорликнинг янги имкониятларини топиш ва ҳаётга татбиқ этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар бўйича ҳисобот берди.

Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман, тижорат банклари ва бошқа ваколатли идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги жойларда ҳали сезилмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Соҳадаги барча масалалар ҳокимликлар, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва банкларнинг ўзаро ҳамкорлигида ечилиши зарурлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари жойларда тадбиркорлар иштирокида янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш қувватларини яратишга кучли туртки бериш кераклигини таъкидлади.

Бугунги кунда 49 туманда ишлаб чиқариш ва 63 туманда хизмат кўрсатиш ҳажмининг жуда пастлиги — улардаги мавжуд салоҳият, ер, хомашё ва меҳнат ресурслари тўлиқ сафарбар қилинмаганидан далолат беради.

Шунинг учун Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги раҳбарлари бошчилигида жойларда саноат ва хизматларни ривожлантириш бўйича доимий ишчи гуруҳлар ташкил қилинди ва уларга тармоқлар бириктирилди.

Ушбу тузилмаларга тармоқлар билан бирга ҳар бир туман ва шаҳар салоҳиятини ўрганиб, 2020 йилда янги қувватлар ташкил этиш, инфратузилма ва хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бунда республика бўйича қарийб 1,5 мингта давлат мулки ва давлат улуши мавжуд объектларини сотиш ҳамда 70 мингта тадбиркор фаолиятини тиклаш муҳимлиги қайд этилди.

Давлат божхона қўмитасига келгуси йил 1 январдан бошлаб экспорт-импорт операциялари учун зарур рухсатнома ва сертификатларни «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали электрон шаклда олинишини йўлга қўйиш топширилди.

Бизнес-омбудсман бошчилигида тузилган махсус ишчи гуруҳга охирги уч йилда тадбиркорлар томонидан импорт қилиниб, бугунги кунда ишлатилмай турган 305 миллион долларлик ускуналарни тўлиқ ишга тушириш юзасидан кўрсатма берилди.

2020 йилда «Бизнес юритиш» рейтингида мамлакатимиз ўрнини янада яхшилаш, жумладан, рухсатнома бериш ва сертификатлаш тизимини соддалаштириш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.

Йиғилишда Солиқ қўмитасига ноябрь-декабрь ойларида салоҳиятига нисбатан солиқ тушумлари етарли бўлмаган Нукус, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қарши, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Урганч, Қўқон шаҳарлари ҳамда Зангиота, Ғиждувон, Ургут, Хазорасп ва Тошкент шаҳрининг ўн битта туманида солиқларни тўлиқ ундириш бўйича янги тизим жорий қилиш топширилди.

Замонавий усуллар ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, яширин фаолият юритиш орқали солиқдан қочишнинг олдини олиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Бинобарин, барча соҳаларда «хуфиёна иқтисодиёт» кўламларини кескин қисқартириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқиб, ижроси таъминланади. Жумладан, қурилиш саноатида солиқдан қочишнинг олдини олиш учун қўшилган қиймат солиғини аниқ ҳисоблаш тизими жорий этилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон бўйлаб ишга туширилаётган янги 145 та йирик қувватларда шу йилнинг ўзида маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, улар бюджетга қўшимча даромад олиб келишини назоратга олиш зарурлиги қайд этилди.

Манба:gazeta.uz