29.04.2016 2184

Қорақалпоғистонда ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтди


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 мартдаги «2016 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Ушбу қарор асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан 2016 йил 8 мартида қабул қилинган 58-сонли қарори ижросини таъминлаш ва Республикада рақобатбардош, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, шунингдек, йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес вакиллари ўртасида ички ва тармоқлараро саноат кооперациясини мустаҳкамлаш  мақсадида 2016 йил 19-20 апрель кунлари Нукус шаҳри  1-сон болалар-ўсмирлар спорт мактабида Қорақалпоғистон Республикасининг навбатдаги ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтди.

Тадбирда Республикада фаолият юритаётган 400 дан зиёд йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналари, Республикамизнинг Тошкент шаҳри, Хоразм, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидан ташриф буюрган тадбиркорлар ўзлари ишлаб чиқарган мингдан ортиқ турдаги маҳсулотлари билан иштирок этишди.

Ярмарканинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари М.Мамутов, Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси Дирекцияси директорининг ўринбосари  С.Исматов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Х.Қайпназаров тадбир иштирокчиларини табриклаб, Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда маҳаллий хомашё асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш, йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес субъектлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, маҳаллийлаштириш дастурининг самарали амалга оширилиши туфайли ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги кооперация алоқалари мустаҳкамланиб, маҳсулот тури ва сифати ошаётгани, энг муҳими, экспорт ўрнини босувчи, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётганини таъкидлаб ўтишди.

Ярмаркада ҳар хил турдаги тайёр кийимлар, тикувчилик маҳсулотлари, мебел маҳсулотлари, қурилиш материаллари, кимё-дориворлик (фармацевтика) маҳсулотлари светодиотли лампалар, гилам ва гилам маҳсулотлари, трикотаж ва халқ истеъмоли моллари, хомашё ва бутловчи буюмлар, иситиш мавсумида фойдаланиш учун мўлжалланган ҳар хил турдаги қурилмалар, қуёш нури ёрдамида энергия ҳосил қилувчи қурилмалар, қоғоз ва полиграфия маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа саноат маҳсулотлари кенг намойиш этилди.

Ярмаркага ташриф буюрувчилар учун қўлайликлар яратиш мақсадида кўргазмага қўйиладиган маҳсулотлар номенклатураси, стэнд эскизи, иштирокчиларга кабиналар ва шартномалар имзолаш учун катта зал, ўз маҳсулотларини таништириш учун кичик зал, ўз маҳсулотларини кўрсатиб бориш учун проектор билан таъминланди.

Ярмаркада харидорлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан таклиф этилган истеъмол товарларини тендер танловисиз, тўғридан-тўғри шартнома  тузиш орқали сотиб олиш имконига эга бўлдилар.

Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси,  Республикадаги тижорат банклари ва бошқа мутасадди ташкилотлар бу борада уларга услубий ва амалий ёрдамлар кўрсатди.

Ҳар йили ўтказилаётган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида қатор 2014 йили 10,6 миллиард сўмга, 2015 йили 14,6 миллиард сўмга шартномалар тўзилган бўлса, жорий йилги ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида 19 млрд. сўмдан ортиқ шартномалар имзоланди.

Ушбу анъанавий тадбир саноатни ривожлантириш, тадбиркорлар фаоллигини ошириш, ҳудудий маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш ҳамда ўзаро тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этди.

Ўтказилган тадбир ҳақидаги маълумотлар Қорақалпоғистон Республикаси Теле ва радиоканалининг «Хабар» информацион дастури орқали ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидаги эфирларида ёритилди.
«Еркин Қарақалпақстан» ва «Вести Каракалпакстана» газеталарида мақолалар чоп этилиш арафасида.