18.11.2019 2428

Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўз ишини бошлади


Бугун, 18 ноябр куни “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси” очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси очилиш маросими очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазири Б.Ходжаев, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов, иштирок этишди.  Кўргазма очилишидан сўнг вазирликлар вакиллари махаллий тадбиркорлар ишлаб чикараётган махсулотлар билан танишишди. 


 Бу йилги кўргазма майдони 18 000 квадрат метрни ташкил этиб, 1, 2, 3 ва 4 павильонларни ўз ичига қамраб олди. Саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида 1000 га яқин республикадаги саноат ишлаб чиқариш корхоналари ўзларининг  10 000 тадан ортиқ махсулотлар намуналари билан кўргазмали иштирок этишмоқда. Кўргазма иштирокчилари ўзлари ишлаб чиқараётган ёки ўзлаштирилиши режалаштирилаётган маҳсулотлар, саноат кооперацияси орқали маҳаллийлаштиришга таклиф қилинаётган маҳсулотлар турлари ҳамда истиқболли лойиҳалари билан қатнашмоқда. Барча вилоятлар ўзларида мавжуд бўлган, бироқ ҳали талаб даражасида фойдаланилмаётган иқтисодий, молиявий, меҳнат ресурсларини ва истиқболли лойиҳаларни таклиф этмоқда.

Кўргазма доирасида, “Ўзэкспомарказ” Халқаро савдо маркази (ITC) биносида тармоқ ва худудларда саноат салохиятини оширишга қаратилган тақдимотлар ташкил этилганлиги, шунингдек ярмаркага ташриф буюрган мамлакатдаги ишбилармон доиралар, хўжалик бирлашмалари, йирик саноат корхоналари хамда кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаси вакиллари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган В2В музокаралари бўлиб ўтди. 


Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазири Б.Ходжаев ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов бошчилигида пресс-брифинг ташкил этилди.

Унда, Ботир Ходжаев ушбу нуфузли тадбирдан кўзланган мақсад мамлакатимиз саноати ҳамда кооперацияси ривожланиши, соҳада амалга оширилаётган ўзгаришларнинг амалий натижаларини кенг оммага тарғиб қилишга қаратилганлигини таъкидлаб ўтди.

Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икрамов ўз нутқида бугунги ярмаркани ташкил этиш ғояси 15 сентябрда давлатимиз раҳбари томонидан бўлиб ўтган видеоселектордаги топшириғига биноан ташкил этилганлигини таъкидлаб, республикамизда импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва кичик бизнес субъектлари ўртасида саноат кооперациясини жадал ривожлантириш, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини янада кенгайтиришга хизмат қилишини айтиб ўтдилар.

“Республика саноат ярмаркасини ўтказиш мобайнида тадбиркорлик субъектлари, саноат тармоқлари ва кичик бизнес субъектлари, республикамизда ишлаб чиқарилаётган ва ўзлаштириш йўлга қўйилган илгари импорт қилинаётган маҳаллий маҳсулотларни харид қилиш ҳамда бутловчи қисмлар, материаллар ва хом-ашёларни етказиб бериш бўйича хўжалик шартномалари тузиш имкониятга хам эга бўлишади” – деди Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икромов


Шу билан бирга, пресс-брифинг мобайнида Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида ташкил этилган электрон кооперация Порталиниг очиқ ойдинлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойиллари асосида фаолият кўрсатадиган савдо майдончаси ишга тушганлиги тўғрисида маълумот берилди. 
Хусусан, электрон кооперация Портали статистика, божхона,солиқ, сертификатлаштириш идоралари маълумотлар базаси билан интеграциялашган бўлиб, ушбу орқали фойдаланувчилар, айниқса тадбиркорлик сохаси вакиллари онлайн тарзда муҳим ахборотларга, жумладан республикада  ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг турлари, техник тавсифлари ва сифат кўрсаткичлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш каби қулайликлар хақида тўхталиб ўтилди.
Кўргазма ўз ишини 22 ноябрга қадар давом этади, унинг доирасида тақдимот ва семинарлар ўтказилиши режалаштирилган.

ССП Ахборот хизмати