05.05.2016 6238

Инновацион ярмарка: якун ва истиқбол


Пойтахтимизда шу йилнинг 11 май куни IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси иш бошлайди. 

Инновациялар давлатнинг муҳим стратегик ресурсларидан биридир. Муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларни муваффақиятли ҳал этиш, янги саноат технологияларини жорий қилиш, инновация-инвестиция инфратузилмасини ривожлантириш, интеллектуал салоҳиятни янада юксалтириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш инновацион фаолият билан бевосита боғлиқ. 

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2006 йил 7 августдаги «Фан ва технологиялар ривожланишининг мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб берилган иқтисодий тараққиёт йўналиши инновацион иқтисодиётга қаратилган. 

Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, мамлакатимизда 9 йилдан буён анъанавий ўтказиб келинаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси инновацион тараққиётни жадаллаштиришдек муҳим вазифани ҳал этиш йўлида саноатчилар, олим ва тадбиркорлар саъй-ҳаракатларини интеграциялаштиришга хизмат қилмоқда. Бунинг самарасида ўтган I-VIII ярмаркалар доирасида мамлакатимизда яратилган 3,9 мингдан зиёд ишланма тақдим этилиб, умумий қиймати 112,6 миллиард сўмлик 3,1 мингдан ортиқ шартнома имзоланди. 

Шуниси диққатга сазоворки, ушбу шартномаларнинг 47 фоизи қишлоқ хўжалиги, 38 фоизи турли саноат тармоқлари, 6 фоизи соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, 3 фоизи ахборот технологиялари соҳасига тўғри келади. Сўнгги 8 йилда «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси, «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси, «Ўзкимёсаноат» ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятлари, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси каби йирик корхона ва компаниялар мазкур шартномаларни амалга ошириб келмоқда. Натижада қарийб 60 номдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, 55 га яқин турдаги тажриба намуналари тайёрланиб, 100 дан ортиқ ташкилот, корхона ва фермер хўжаликларига илмий-техник хизмат кўрсатилди. Умумий қиймати 1,8 триллион сўмдан ортиқ янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. 

Бу шундан далолат берадики, ўтказилган ярмаркалар юртимиз олимлари ва ишлаб чиқарувчилари ўзаро ҳамкорлигининг ўзига хос самарали механизми бўлиб, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашув жараёнини фаоллаштириш, йирик корхоналарда олимларимиз томонидан яратилган инновацион ишланмаларни жорий этиш имконини бермоқда. 

Масалан, Умумий ва ноорганик кимё институти 2007-2012 йилларда маҳаллий технологиялар асосида ишлаб чиққан импорт ўрнини босадиган янги ўғит ва дефолиантлар мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида кенг фойдаланилмоқда ва хорижга экспорт қилинаётир. Жумладан, “Самарқандкимё” акциядорлик жамиятида нитрокальцийфосфат ўғити, «Навоийазот» ва «Фарғонаазот» акциядорлик жамиятларида азотфосфор ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 

Мамлакатимизнинг йирик кон-металлургия комбинатларида Умумий ва ноорганик кимё институтининг кўплаб инновацион ишланмалари, хусусан, суюқ сульфат кислота чиқиндиси ва сувни тозалайдиган фильтрация тизими, Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтининг янги турдаги чанг тозалаш асбоблари, Микробиология институтининг мисни бактериал ажратиб олиш технологияси ва бошқа ишланмалар ишлаб чиқаришга жорий этилди. 

Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтининг илмий ишланмалари ҳам кенг қўлланилмоқда. Тола сифати юқори бўлган, қурғоқчилик ва касалликларга чидамли 15 дан ортиқ янги ғўза навлари мамлакатимизнинг турли ҳудудларида етиштирилмоқда. Ўсимлик моддалари кимёси, Биоорганик кимё, Полимерлар кимёси ва физикаси институтлари томонидан ўтган йилларда рагосин, гозалидон, экдистен, аюстан, рутан, госситан, гетасан, пунитан каби янги дори препаратларини саноат асосида ишлаб чиқариш бўйича юқори самарали технологиялар яратилди. Мамлакатимиз фармацевтика корхоналари ушбу препаратлар асосида янги технологияларни қўллаган ҳолда, 30 дан ортиқ турдаги янги дори-дармонлар ишлаб чиқармоқда. 

Иқтисодиёти жадал ривожланаётган Ўзбекистонда энергетика соҳаси, жумладан, муқобил энергетикани ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилаётир. “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институти мутахассислари бу борада кўплаб технологиялар яратди. Институт қошида ташкил этилган корхонада қуёш энергияси ёрдамида ишлайдиган турли фотоэлектр тизимлар, жумладан, электр ва иссиқлик энергияси олиш учун комбинацияланган ҳамда сув иситиш учун паст потенциалли тизимлар ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу тизимлардан асосан фермерлар, чорвачилик ва асаларичилик хўжаликларида фойдаланилмоқда. 

IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида 600 инновацион ғоя ҳамда ишланмалар тақдим этилади. 

Жорий йилда анъанавий йўналишлардан ташқари, мамлакатимиз илмий ташкилотлари ва университетлар томонидан ишлаб чиқилган, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қайта тиклашни таъминлайдиган 50 дан ортиқ инновацион технологиялар, қайта тикланадиган энергия манбаларидан самарали фойдаланиш услубларини ўз ичига олган янги “Экотехнология” йўналиши намойиш этилади. Мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорлари учун ташкил этиладиган “Юқори технологиялар” йўналишида қарийб 30 илғор инновацион ишланма тақдим этилади. Энергия ва ресурс тежайдиган 50 ишланма намойиш қилинадиган “Энергия ва ресурс тежайдиган технологиялар” йўналиши ҳам саноат корхоналари, тадбиркорлар ва кичик бизнес вакилларида катта қизиқиш уйғотади. Бундан ташқари, навбатдаги ярмаркада ёш олимлар ва талабаларнинг 70 ишланмаси иштирокчилар эътиборига ҳавола этилади. 

Мухтасар айтганда, IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси фундаментал ва амалий илм-фаннинг янада интеграциялашуви, инновацион фаолият ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш имконини беради. 
 

Меҳрибон Маметова, ЎзА