27.11.2019 1288

Шавкат Мирзиёев Татаристон делегациясини қабул қилди


Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 26 ноябрь куни Татаристон Республикаси президенти Рустам Минниханов бошчилигидаги Россия делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Россия Федерацияси субъектлари орасида Ўзбекистон ҳудудлари учун етакчи ҳамкорлардан бири бўлган Татаристон билан алоқаларнинг бугунги босқичидаги долзарб масалалар ва амалий шерикликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Ўзаро ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий йилда Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида Ўзбекистоннинг бош консуллиги очилди.

Россиянинг ушбу ҳудуди билан ўзаро савдо ҳажми ортмоқда. Машинасозлик, нефть-газ, кимё ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, товар айирбошлашни кўпайтириш, кооперацияни кучайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги, электротехника ва фармацевтика тармоқлари, ахборот технологиялари, уй-жой коммунал хўжалик, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида амалий лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув сўнгида 2020 йилга мўлжалланган «йўл харитаси»ни қабул қилиш ва шерикликни кенгайтириш бўйича икки томонлама ишчи гуруҳининг мунтазам учрашувларини ўтказишга келишиб олинди.